• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Muslimalar honasi » ISLOMDA AYOLLAR
ISLOMDA AYOLLAR
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:37 | Message # 1
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
ISLOMDA AYOLLAR 1-QISM

Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отишнинг асосий ҳадафларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар, аёллар масаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжар, деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилган.

Албатта, бизнинг бу масалага ортиқча тўхташга имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом, ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериши қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлик» номли мақолада бу масалага мавзуънинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса, яна мавзуънинг сиёқига биноан баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холий эмас, деб ўйлаймиз.
Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди.
Мисол учун Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга қилингандан кўп ваъдалар қилинди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйдагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлib ularni olloh yolida tarbiya qilsa,Аллоҳ уни уларга кўрсатган mehribonligi va раҳмdilligi туфайли жаннатга киритур», дедилар.
Бир киши:


SHERZODBEK
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:42 | Message # 2
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
2-QISM
Бир киши:
-Иккита бўлсачи? эй Аллоҳнинг Расули? деб сўради.
-Иккита бўлса ҳам, дедилар.
Бир киши:
-Биттта бўлсачи? эй Аллоҳнинг Расули? деб сўради.
-Битта бўлса ҳам, дедилар».
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиш учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки, энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Ота ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси ака ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди ва эркакларни бу ишдан масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизларни ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо, ҳаммамиз ҳам ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлсаю, у анга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса унга икки ҳисса ажр бўлур»-деганлар.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.
Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб қилганлар ва уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.
Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятда ҳамдир.
Муслима аёллар илм, фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавияя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши қуйидагиларни айтдилар: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб менга: «Сен бунга худди ёзишни ўргатганингдек, намила дамини ҳам ўргатмайсанми?»-дедилар».
Олима аёллар вакиласи, Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган, нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамизда сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.


SHERZODBEK

Message edited by FIGHTER - Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:43
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:45 | Message # 3
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
3-QISM

Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шарият майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.
Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида, огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар. Агар у бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган»-дедилар.
Шунда бир аёл ўрнидан туриб, эй Умар! Аллоҳ таоло:
«Ва у(аёл)лардан бирига қинтор-чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейдию, сен бизга буни чегаралайсанми?!»-деди.
Хутбаси бу шаклда кесилган халифа, аёл тўғри айтди, Умар хато қилди, деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олдилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача биров аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундоқ иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 6-ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар.
Ўша ерда сулҳ тузулиб мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб, туринглар шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар норози бўлиб бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир этиб қўймади.
У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеъани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундоқ ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.
Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:
«Эй Аллоҳнинг пайғамбари, айтган амрингиз бўлишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин»-дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.
Шундоқ қилиб бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутилиб қолди. Аллоҳнинг пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина Ислом умматидан чиқиши мумкин.


SHERZODBEK
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:50 | Message # 4
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
4-QISM


Энди муслима аёлнинг нидосини Аллоҳ эшитиб, фикрини тасдиқлаганини ўрганиб чиқайлик. Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига, сен менга онамнинг белидек ҳаромсан, деса абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қолар эди.
Кунларнинг бирида Хавла бинти Саълаба исмли аёлни унинг эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра Авс аччиғидан тушган надомат қилди ва хотинига, энди сен менга ҳаром бўлган бўлсанг керак, деди. Хавла бўлса, Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас, дедида, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб:
-Эй Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақлу ҳушлик пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?-деди.
-Унга ҳаром бўлибсан-дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
-Сизга Қуръонни туширган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси, энг севимли кишимку, ахир?!-деди Хавла.
-Унга ҳаром бўлибсан-дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
-Мушкилимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим-деди, Хавла.
-Унга ҳаром бўлибсан-дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва «Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ»-деб қўшиб қўйдилар.
Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди.
Қачон У зот алайҳиссалом, «сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Хавла, «Мушкилимни ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан»-дер эди.
Ушбу тортишув чоғида Хавла бинти Саълаба:
-Ахир, менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар, дер ва бошини осмонга кўтариб:
-Эй бор Худоё! Ёзингга ёлбораман. Эй бор Худоё! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкилимни осон қилувчи нарсани тушир»-дер эди.
Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардиларда:
«Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди»-дедиларда, қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар: «Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ва хоҳлангки, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувларингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир».
Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорот бериб хотини билан ярашса мумкинлиги баён қилинган эди. Мана ўн беш асрни ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шарият-қонун сифатида амал қилинмоқда. Қиёматгача шундоқ бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон оятлари тушиши аёл зотининг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор. Зар қадрини заргар билади, деганларидек Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳам ҳамасирлари яхши билганлар.


SHERZODBEK
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:55 | Message # 5
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
5-QISM


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди.
«Эй Умар-дебти аёл-яқиндагина Умарча, деб аталардинг, улғайганингдан сўнг, эй Умар, деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, эй амирал мўминин, деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса азобдан қўрқади, деб яна сўзини давом этдираверибди аёл.
Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофидагилар у кишига: «Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?-дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан: «Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Роббиси унинг сўзини эшитадию Умар эшитмасмиди?!-деганлар.
Ҳа ўз сўзини Аллоҳ таоло етти осмонни устидан туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шарият қилиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломнига етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир номини эшитганда титроққа тушадиган забардаст ҳалифани кўчада тўхтатиб олиб хоҳлаганича насиҳат қила оаладиган аёлни ҳам фақат Ислом етиштиради, холос.
Ислом аёлларни ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.
Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлаар ила тенглаштириб улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодга тенглаштирилган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишига, Асмоъ бинти Зайд ал-Ансорияя розиалоҳу анҳо Пайғамбар салллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз-аёллар жамоаси, тутилиб, ўралиб уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеъси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар.


SHERZODBEK
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 20:59 | Message # 6
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
6-QISM

Қачон улар жиҳодга чиқсалар уларнинг молларини муҳафаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!-деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгирилиб қарадиларда:
-Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?-дедилар.
-Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули-дейишди улар.
-Эй Асмоъ қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади-дедилар.
Асмоъ ўзига Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илаҳа иллоллоҳу»ни айтиб қайтиб кетди».
Исломий нуқтаи назардан бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларни кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидак ёки асфалът қуйганидан афзал ҳисобланади.
Ислом шарияти ҳукми бўйича, муслима аёл бошқаларга сиёсий бошпана бериш ҳаққига ҳам эгадир.
Макка фатҳи куни Умму Хониъ бинти Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берган. Кейин укаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлган. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бўлган гапни айтганида У зот алайҳиссалом: «Эй Умму Ҳониъ кимни ҳимоясига олган бўлсанг биз ҳам уни ўз ҳимоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», деганлар.
Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлоқа маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни мерос тариқасида эрнинг қариндошларидан бири олар эди. Кейин хоҳласа ўзи хотин қилар, хоҳласа бошқага эрга бериб маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукмларни ботил этиб аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин-фарз қилинган насибадир», деган. (7 оят)
Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилишни байъат, дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ эканлиги ҳаммага маълум. Қуръони каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган.
Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасида: «Эй Пайғамбар, агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, бас уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўра. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва меҳрибондир»-деган. (12-оят).
Энди аёл кишининг ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик.


SHERZODBEK
 
FIGHTERDate: Yakshanba, 20-Dek-2009, 21:02 | Message # 7
Orta tajribali
Group: Ishonchli
Messages: 61
Status:
7-QISM

Аввало эркак бўлсин, аёл бўлсин нима учун ишлайди?-деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маъишат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундоқ бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маъишати етарли бўлиб турган аёл кишини болаларини, оиласини ташлаб қўйиб кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми, дейиши мумкин. Уларга эртаю-кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутидан заҳар чиқадиган аёл жамият учун фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб жамият учун керакли фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласини мустаҳкам қилган аёл жамият учун фойдалими? деган қарши савол берилади.
Шу билан бирга Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қолганларидагина аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштиришга ҳам борлиги эслатиб ўтилади.
Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маъишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилгани, шунингдек жамият учун керакли оғир ишларни бажариши ҳам эркакларга юклатилгани учун аёлларнинг ҳурматлаб уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган.
Бундан кейин аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби қолади. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгил хуши учун бўлади.
Исломда ҳаром хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгил хушини эса ишлаб туриб қилгандан ишламай қилган аёлларнинг ўзи учун яхши бўлса керак.
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.
Ёш болаларнинг тарбия ва таълим ишлари аёлларнинг иши ҳисобланади. Хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши ҳисобланади.
Мутақаддим Ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди»-деганлар.
Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан, ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни, ўзи хоҳласа ишлайди, бўлмаса биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз нодир қобилиятга эга бўлиб жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади, деганлар.

Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб орзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизлари тонг саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларнинг ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.


SHERZODBEK
 
OSIYODate: Seshanba, 24-May-2011, 07:31 | Message # 8
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7125
Status:
Islomda ayolning o`rni

Islomdan oldin ayollar nafaqat huquqlari poymol qilinishiga balki insonlik darajasidan mahrum qilinishiga mahkum qilingan ekanlar. Islom dastlab paydo bo`lgan yurt va zamonda qiz bola tug`ilgan oila motam tutar va keyinchalik or-nomus va iqtisodiy qiyinchilikka sabab bo`lmasin deb qizni tiriklayin ko`mib yuborilgan ekan.
Qur`oni Karim bu odatlarni qattiq qoralab va man etibdi. Musulmon oilalarda qiz tug`ilsa o`gil tug`ilgandan ko`ra ko`proq hursand bo`lish joriy qilindi. Qizlarni yahshi tarbiya qilganlarga, o`gil bolalarni tarbiya qilganlarga qilingandan ziyoda va`dalar qilingan ekan.
Ayol - oila charog`boni , farzandlar homiysi, farovon, go`zal hayot garovi, honadon fayzidir. Muqaddas dinimiz Islomda ham ayol mo`tabar zot sifatida e`zozladi. Shu bois, ayollar huquqi Islom dinida diqqatga sazovor masalalardan biri hisoblanadi


Message edited by Osiyo11 - Seshanba, 24-May-2011, 07:36
 
DURDONDate: Shanba, 09-Fev-2013, 16:51 | Message # 9
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Аёлларга қараб танланадиган
сифатлар


Исломда қандай куёв танлаш бўлса, худди шундай равишда келин танлаш керак. Баъзи бир инсонлар келинни чиройига қараб, баъзилари молмулкига , кейингилари насл насабига қараб ўлчашади. Лекин инсонларнинг ичида унинг хулқи ва динига қараб танлайдиганлар ҳам бор. Мана шу охирги танлаш усули Ислом чорлаган усулдир .

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: «Аёл тўрт нарса туфайли никоҳга олинади: гўзаллиги , мол дунёси , насл-насаби ва дини учун . Бас, диндоридан ол, қўлинг тупроққа тўлгур !» (Бухорий , Муслим , Абу Довуд , Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Инсонлар аёл кишида мавжуд бўладиган тўрт сифат – чирой, мол, наслнасаб ва динига қараб рағбат қиладилар. Мана шу нарсаларга ҳадиси шариф далолат қиляпти.
Биринчи бўлиб чирой бўлгани учун у зикр қилинмоқда. Эркаклар аёлга қўядиган дастлабки талаб. Биринчи уларга ёқадиган нарса чирой бўлса, кейингиси молмулк . Лекин улуғ мураббий ва комил йўлбошчи Набий (с.а.в.) йигитларни хулқ ва дин (тақво) соҳибасини танлашга васият (насиҳат) қиладилар. Чунки хулқ чиройли бўлса, у аёлга нисбатан эрининг муҳаббати давомли бўлади, дин (тақво) билан эса эрининг молмулки ва номусини сақлайди.

Шу маънони кейинги ҳадис ҳам таъкидлайди. Анас (р.а.), Набий (с.а.в.)дан айтганлар: «Ким аёлга чиройлилиги учун уйланса , Аллоҳ унга фақат хорликни зиёда қилади. Ким унга мол-мулки учун уйланса , Аллоҳ унга фақат фақирликни зиёда қилади. Ва кимки аёлга, ундан фақат (кўзини ҳаромдан тўсиш ва фаржини (ҳаром ишлардан) сақлаши учун фарзанд кўришни ирода қилиб уйланса , Аллоҳ унга ва аёлга барака беради» (Ҳадисни Табароний «Алавсат »да келтирганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан (р.а.) ривоят қилган ҳадисларида: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аёлларга ҳуснлари учун уйланманглар , ҳуснлари уларни ҳалок қилади. Уларга моллари учун уйланманглар , балки мол дунёлари уларни ҳаддан ошириб юборар. Лекин уларга динлари учун уйланинглар , ҳатто бурни тешилган, қора чўри (тақво)дор бўлса , ўша афзалроқдир» (Ибн Можа ривояти).

Агар чирой ва дин жамланса, бу камолот ҳисобланади. Шоир айтганидек:
Қандай гўзал ишдир, динла дунё жамланса,
Қандай хунук ишдир ул , эрни куфр хароб қилса .
Дин деганда аёл фақатгина намозхон , рўзадор бўлиши ирода қилинмай, балки ирода қилинаётган нарса – аёл тақводор (Аллоҳ таолодан қўрқадиган) меҳрибон, омонатдор, Ислом одоблари билан зийнатланган, дин ҳукмларини ушлаган бўлишлиги Ўзининг устида Аллоҳнинг ва эрининг ҳаққини тушуниб унга хиёнат қилмаган, молини Аллоҳ норози бўладиган равишда ишлатмасдан, эрини бахтли ва рози қиладиган аёл бўлиши керак. Шундагина турмуш қуришдаги мақсад амалга ошади. Жон таскин ва роҳат топади, Унга қуйидаги ояти карима ишора қилади:
«Унинг оятларидан (яна бири) – У Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» ( Рум , 21).

Демак, солиҳа аёл – неъматдир ва фожира (гуноҳкор ) аёл – азоб ва қийноқдир. Ва фазилатли, диндор (тақводор) аёл – жаннат ва саодат бўлса, дин ҳукмларидан қочадиган аёл эса бахтсизлик ва дўзахдир .

«Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама !» ( Бақара, 286)
Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бас, аёл баъзан жаннат ва баъзан дўзахдир », деб айтганлар.

Аёл ҳақида гапирувчининг ушбу сўзи нақадар ҳақиқат:

У шайтондир , агар бузсанг ,
Гар ислоҳ қилсанг – Малак.

Шайх Муҳаммад Али Собуний


 
DURDONDate: Payshanba, 21-Fev-2013, 19:10 | Message # 10
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Агар аёл кишининг ҳаёти мобайнида бир нечта эри бўлган бўлса, яъни аввалгисининг ўлимидан сўнг кейингисига эрга теккан бўлса, ана шундай аёл Жаннатда ким билан бирга бўлади? Ушбу масала борасида уламолар уч хил қавлни айтишган. Биринчи қавл шундан иборатки, унда айтилишича аёл киши Жаннатда энг хулқи яхшироқ бўлган эри билан бирга бўлади. Ушбу қавл тарафдорлари далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирадилар: Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳадан ривоят қилинишича, кунларнинг бирида у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Агар ҳаёти мобайнида иккита эри бўлган аёл бўлса, Жаннатда қайси бири билан бирга бўлади?» Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Эй Умму Ҳабиба, у хулқи яхшироғи билан бирга бўлади. Чунки гўзал хулқ бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам энг афзал (нарса)дир». Ушбу ҳадис заифдир. Унинг заифлиги ҳақида имом Абу Хотим, Яҳё ибн Маъин, Насоий, Бухорий, Аздий, Дорақутний, Ибн Адий, Заҳабий ва бошқа кўпгина имомлар айтишди (Қаранг: «ад-Дуъафа» 2/171, «Жарҳ ва таъдил» 5/401, «ал-Камил» 5/347). Шунга биноан, яъни ушбу ҳадис заифлиги сабабидан, ушбу қавл ҳисобга олинмайди. Иккинчи қавл шундай иборатки, унда айтилишича аёл қайси эри билан бирга бўлишини ўзи танлайди. Бироқ ушбу қавл соҳиблари бирор нарсага таянишмайди, яъни далиллари йўқ. Шайх Мунажжид деди: «Мен ушбу қавл тарафдорларининг бирорта ҳам далилларини кўрмадим» (Қаранг: «Ислом савол ва жавоб» № 8068). Ушбу қавлни лозим топган уламолардан бири шайх Ибн Усаймин бўлган. Бироқ ушбу қавл ҳам ҳисобга олинмайди. Чунки у бирор асосга эга эмас. Ва ниҳоят учинчи қавл ва ягона тўғри қавл шундан иборатки, унда айтилишича аёл бу дунёда охирги эри бўлган кимса билан Жаннатда бирга бўлади. Ушбу қавл тўғри эканига қуйидаги далиллар далолат қилади: Ривоят қилинишича Муовия Абу Дардонинг вафотидан сўнг Умму Дардога (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!) совчи қўйди. Шунда Умму Дардо деди: «Дарҳақиқат, мен Абу Дардонинг мана бундай деганини эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканларки: «Эри вафот этган, ундан сўнг эрга теккан ҳар қандай аёл, унинг охирги эри ким бўлган бўлса, ўша билан бўлади»». Умму Дардо деди: «Мен Абу Дардони сенга алмаштиришни истамайман» (Табароний «ал-Авсат» 3/275, Асбаҳоний «ат-Табақот» 4/36, ал-Хатиб «Тарих» 9/228). Шунингдек Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аёл охирги эрининг хотини бўлади» (Хароитий ривояти). Ушбу ҳадислар бир неча ривоятлар силсиласига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири бошқасини қувватлайди. Шу сабабдан ҳам имом Абу Шайх, ҳофиз Суютий ва Албоний ҳадисни саҳиҳлигини тасдиқлашган (Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1281 ва «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2704, 6691). Шунингдек ушбу ҳадисларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан келган асарлар қувватлайди. Ривоят қилинишича Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўз хотинига айтган экан: «Агар Жаннатда менинг хотиним бўлишни истасанг, унда менинг вафотимдан кейин турмушга чиқма. Чунки аёл Жаннатда охирги эри билан бўлади. Айни шу сабабдан ҳам Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларига ундан кейин турмушга чиқишни таъқиқлади. Чунки улар унинг Жаннатдаги хотинлари бўлишади» (Байҳақий «Сунан» 7/69). Шунингдек ривоят қилинишича, Асмо Зубайр билан ажрашишни истаганида, унинг отаси Абу Бакр (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) уни бундай қилмасликка кўндирди ва деди: «Эй қизалоғим, сабр қил. Чунки агарда аёлнинг солиҳ эри бўлса, у унинг ўлимидан сўнг турмуш қурмаган бўлса, унда Аллоҳ уларни Жаннатда жамлайди» (Ибн Асокир 1/193). Хулоса: Шайх Солиҳ Мунажжид деди: «Аёл хулқи яхшироқ эри билан бирга бўлишига келсак, ушбу қавлнинг далили саҳиҳ эмас. Аёл эрларидан бирини ўзи танлайди деган қавлга келсак, унинг умуман ҳеч қандай далили мавжуд эмас. Аёл охирги эри билан бирга бўлиши ҳақидаги қавл эса ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки у Умму Дардо ҳадисига суянади. У эса ўз ўрнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни далил қилади ва (ушбу қавл) Ҳузайфа ва Асмо каби саҳобаларнинг асарлари билан қувватланади» (Қаранг: «Ислом Савол ва жавоб» № 8068).

 
DURDONDate: Juma, 22-Fev-2013, 19:23 | Message # 11
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб юборилишларидан олдин аёл зотига энг қадри паст мавжудодлардан бири сифатида қаралар эди. Улар ҳар қанча хўрлик кўриб, азобу уқубатларда ҳаёт кечиришсада, бу ҳаётларидан ҳам маҳрум қилинар эдилар. Ўлдиришганда ҳам ҳайвондан бадтар шаклда ўлдиришар эдилар. Улар қиз фарзандларидан ор қилиб ёки фақирликдан қўрқиб тириклай кўмиб юборар эди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Исро сурасининг 31 – оятида марҳамат қилади :

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир».

Мана, Ислом келиб бу қабиҳ ишни бекор қилди. Энди қизлар ҳам яшашга ҳақли экани, болаларни фақирликдан қўрқиб ўлдирмаслик лозимлиги очиқ-ойдин эълон қилинди.

Исломдан олдин аёллар меросга ўтадиган мулк каби эдилар. Аёлни эри вафот қилса, уни эридан қолган меросларга қўшиб тегишли кишиларга мулк қилиб берар эдилар. У киши истаса аёлни хотин қилар эди, истамаса йўқ. Шу тариқа аёлнинг шаъни, унинг одамийлиги буткул топталган эди. Шундай бир пайтда Ислом келиб аёлларни бу каби хўрланишлардан озод қилиш билан бирга уларларга мерос олиш ҳуқуқини берди.

Яҳудийлар ҳайз кўрган аёлга нажас нарсага қараган каби қараб, ҳайз кўрган аёллари билан бирга ўтирмай, бир хонада турмай, қўлидан таом емай турган бир вақтда Ислом келиб инсонни мукаррам эканлигини эълон қилиб, ҳайз кўрган аёлларга нисбатан бундай муомала қилиш Исломда йўқлигини кўрсатди.

Жоҳилият авж олиб, аёллар инсон каби яшай олмаган бир вақтда уларни илм ўрганишлари тасаввурга сиғмас ҳолат эди. Ислом келиб аёлларга бирма бир ўз ҳуқуқларини қайтариб бера туриб, аёлларни ҳам илм олишга ҳақли эканини, балкида фарз эканини «Илм олиш ҳар бар мўъмин ва мўъминага фарздир» дея маълум қилди.

Мана алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳматлари бўлиб, ўзлари яшаб турган даврда ҳам, ундан кейин токи ҳозиргача ҳам етук илмли, тақводор мўъминалар чиқиб Ислом ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Аёлларга жаннат башоратини Ислом берди :

«Мўъминлар ва мўъминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир». Фатҳ сураси 5 – оят.

Шубҳасиз бу буюк ютуқдир. Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн!




 
DURDONDate: Dushanba, 25-Fev-2013, 00:32 | Message # 12
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Bir kuni Payg'ambarimiz s.a.w oldilaringmi kelib bir ayol dedi "Erim manga hiyonat qildi,man ham unga hiyonat qilishshi holi man debdi"
-Payg'ambarimiz saw dedilar " San hiyonat qilib o'tirishing shartmas sochingdan bir necha tolasini olda ko'chani aylanib chiq va San 40ta Erke bilan Zino Qib chiqgan bo'lasan"


 
DURDONDate: Dushanba, 11-Mar-2013, 06:32 | Message # 13
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Аёл киши эркак киши билан тенг савоб олиши мумкинми? Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хизмат учун бир аёл келди ва : Мен аёллар тарафидан вакил бўлиб келдим ва сиздан бир савол сўрамоқчиман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: сўрагин, - дедилар. У аёл: Эркаклар савоб олишда биз аёллардан жуда олдинга ўтиб кетдилар, - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қандай қилиб? - дедилар. У аёл: Эркак кишилар масжидга бориб жамоат билан намоз ўқийдилар, уларга ажр- савоб зиёда берилади. Жиҳодга қатнашадилар, жиҳодга сиз билаб биргаликда борадилар. Қабристонга жаноза ўқишга ва ўликларни дафн қилишга борадилар, биз уйда ўтирамиз, бизларга бу яхшиликлар етмаяпти, эркаклар савобда биздан олдинга ўтиб кетдилар, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Савол сўровчи аёл жуда яхши савол сўради, - дедилар, ва айтдиларки: Қайси аёл уйини ичкарисида намоз ўқир экан, Аллоҳ таоло унга масжидда жамоат билан намоз ўқиган кишининг савоби баробарида савоб беради. Қайси она кечасида ўз боласини эмизиш учун ёки боласини бирор бир ҳожатини чиқариш учун ўрнидан турса, Аллоҳ таоло унга, чегарада туриб, туни билан қўриқчилик қилган мужоҳиднинг савобини беради, дедилар. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Аллоҳ таоло аёллар учун савоб олишни жуда осон қилиб қўйган. Улар уйларида намоз ўқисалар, уларга масжидда жамоат билан намоз ўқиган кишининг савоби баробарича савоб берилади. Улар уйда болаларини яхши тарбия қилиб, кечаси болаларини эмизиш учун ўринларидан уйғонганликлари туфайли, чегарада қўриқчилик қилувчи мужоҳиднинг савоби берилади. Ҳадисда ''Қайси бир аёл ўзининг ота-онасини уйида ёки эрининг уйида бирор бир бетартиб нарса тушиб қолган бўлса, уни олиб, тартиб билан бирор жойга олиб қўйса, Аллоҳ таоло унга бир яхшиликни ато қилиб, бир гуноҳини кечиради ва жаннатда уни даражасини бир даража юқори қилади'',- дейилган. Қайси аёл бу масалани билиб олса, бир кеча-кундузда қанчадан-қанча яхшиликлар қилиб юбориши мумкин. Чунки, аёл киши бир кеча-кундузда қанча нарсаларни тартибга солади - уйларни йиғиштиради, шипиради, хонадондаги қанча кийимларни ювади ва уларни тахлаб қўяди. Агар аёл киши шунча ишларни савоб умидида қилса, қанча яхшиликларга сазовор бўлар эди. Комолиддин Усмон.

 
DURDONDate: Yakshanba, 07-Apr-2013, 13:52 | Message # 14
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Сoлиҳa aёлнинг сифaтлaри

Аллоҳ таоло Қуръoндa Ўзи яxши кўргaн сифaтлaрни бaён қилиб қўйгaн вa ҳaдислaрдa сoлиҳa aёлнинг бир қaнчa ҳaқиқий сoлиҳa экaнини билдирувчи сифaтлaри сaнaлгaн.
Қуйидaги oятлaрдa солиҳа aёлнинг сифaтлaри бeрилгaн, шунинг учун бу сифaтлaрни яxшилaб ўргaниб билиб oлинг:
“Пoкизa aёллaр пoкизa эрлaр учундир, пoкизa эрлaр пoкизa aёллaр учундир” (Нур: 26).
“(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга) итoaтли, ғоибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларнинг сирлари, мулклари вa обрўларини сақловчи)лардир". (Нисо: 34).
“Эҳтимoл Пaрвaрдигoри - aгaр у сизлaрни тaлoқ қилсa - унгa сизлaрдaн яxширoқ жуфтлaрни - муслимa, мўминa (Аллоҳ вa Унинг росулигa) итoaт этувчи, тaвбa-тaзaрру қилувчи, oбидa (мудoм Аллоҳ йўлидa) юрувчи жувoн вa қизлaрни aлмaштириб бeрур». (Таҳрим:5) Aҳзoб сурaсидa Аллоҳ таоло яxши кўргaн сифaтлaр санаб ўтилгaн. Мазкур сифaтлaр ҳар бир муслим ва муслимага зарур. Шунинг учун қaдрли бирoдaрим, жуфтингизни қуйидaги сифaтлaргa кўрa тaнлaнг:
— Муслимa;
— Иймoнли (тўғри aқидaли);
— Суюкли;
— Ҳaқгўй;
— Сaбр-тоқатли;
— Кaмтaрин;
— Қўли очиқ;
— Рўзaдор;
— Иффaтли;
— Дoим Аллоҳгa ҳaмд aйтиш билaн бaнд бўлгaн aёл;
Энг aфзaл тўрт aёлдaн бири Мaрям алайҳас-салом ўзининг диний сифaтлaри билaн Аллоҳгa суюмли бўлгaн: “Фaриштaлaр Мaрямгa: “Эй Мaрям, Аллоҳ сeни (фазли учун) танлаб олди ва (ёмон ишлардан) поклади ҳамда сени бутун oлaм aёллaридaн мумтоз этди. Эй Мaрям, Роббинггa итoaт эт сажда қил ва рукуъ қилувчилaр билaн биргa рукуъ (яъни ибoдaт) қил!”- дeгaнлaрини эслaнг». (Оли Имрон: 42-43)
Яна бир улуғ аёл Фиръaвннинг aёли эди: “Аллоҳ иймoн кeлтиргaн зoтлaр ҳaқидa Фиръaвннинг aёлини мисoл кeлтирди. Ўшaндa у: “Эй роббим, ўзинг мeн учун ҳузурингдa – жaннaтдa бир уй бинo қилгин, мeнгa Фиръaвн вa унинг қилмишидaн нaжoт бeргин вa мeни зoлимлар қaвмидaн халос этгин”, дeди”. (Тaҳрим:11).

Росулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз aёллaрини диний сифaтлaри учун сeвгaнлaр. Оиша розияллоҳу анҳо oнaмиз Зaйнaб розияллоҳу анҳо oнaмизнинг чирoйли сифaтлaри ҳaқидa шундaй ривoят қилгaнлaр: “Росулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нaздилaридa мeн билaн Зaйнaбнинг дaжaлaримиз тeнг эди. Динга сoдиқлик, сoлиҳaлик, ҳaр дoим Аллоҳни ёддa тутишлик (зикр қилиш), ҳaқгўйлик, қoн-қaриндoшлaрдaн xaбaр oлиш, сaҳийлик вa ҳaётий aмаллaрда (кундaлик ҳaётдa) тeжaмкoрлик ва кўп сaдaқa бeришдa Зaйнaбдaн ўтaдигaн вa мaнa шунинг учун Аллоҳгa ундaн кўрa яқинрoқ бўлгaн aёлни кўрмaдим".
Сиз бундaй aёлни хозир топиб бўлмайди деб умидсиз бўлманг. Ислом ҳaқиқaт билaн шуғуллaнaди хaёлoт билaн эмaс. Комила aёл ўз-ўзидaн вужудгa кeлмaйди. “Aгaр улaрни ёмoн кўрсaнгизлaр, (билиб қўйинки,) балким сизлар ёмoн кўргaн нaрсaдa Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яxшилик пайдо қилур». (Нисо: 14).


 
DURDONDate: Dushanba, 10-Iyun-2013, 04:36 | Message # 15
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Яхши аёл дунёдаги энг яхши одамга турмушга чиқиши мумкин. Муҳаммад алайҳиссаломнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳу мисоли. Бу турмуш Оиша онамизнинг Аллоҳга муҳаббатларини сусайтирмади ва жаннат вожиб бўлди.

Яхши аёл дунёдаги энг ёмон одамга ҳам турмушга чиқиши мумкин. Фиръавннинг хотини Осиё розияллоҳу анҳу мисоли. Бу турмуш Осиё онамизнинг Аллоҳга муҳаббатини сусайтирмади ва жаннат вожиб бўлди.

Ёмон аёл дунёдаги энг ёмон одамга ҳам турмушга чиқиши мумкин. Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил мисоли. Бу турмуш уларнинг Аллоҳга исёнини ўзгартирмади ва жаҳаннам вожиб бўлди.

Ёмон аёл дунёдаги энг яхши инсонга ҳам турмушга чиқиши мумкин. Лут алайҳиссаломнинг кофир хотини мисоли. Бу турмуш кофир аёлнинг Аллоҳга исёнини ўзгартирмади ва жаҳаннам вожиб бўлди.

Аёл ҳеч ким билан турмуш қурмаслиги ҳам мумкин. Марям онамиз мисоли. Шунда ҳам Аллоҳ унинг даражасини дунёдаги барча аёллардан устун қилиб қўйди ва жаннат вожиб бўлди.



 
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Muslimalar honasi » ISLOMDA AYOLLAR
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: