• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Ayolning jamiyatdagi o'rni » Kelinlar daftariga (Tohir Malik)
Kelinlar daftariga (Tohir Malik)
BAXORDate: Seshanba, 21-Iyun-2011, 14:40 | Message # 1
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:
Xurmatli O'zbegimning munis ayollari va qizlar va kelinchaklari sizlarga Toxir Malikning Kelinlar Daftariga kitobini qo'yishni boshlaymiz har safar sizlar uchun bittadan mavzusini berib boramiz. O'qilar ibrat olasizlar degan umiddamiz.
Hamisha yuzlaringdan kulgu tabassum arimasin. Uyingizdan baht omad hech qachon ketmasin.


 
BAXORDate: Seshanba, 21-Iyun-2011, 14:45 | Message # 2
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:


...Қизларимиз кундалик дафтар тутишни яхши кўришади. Аммо бу яхши одатни турмушга чиқишгач тўхтатишади. Эҳтимол уялишар, балки эрлари рухсат беришмас. Лекин келинларнинг ўзларига хос бир дафтарлари бўлгани дуруст. Унга ҳаётга доир турли ҳикматларни, йўл-йўриқларни ёзиб боришса маъқул бир иш бўларди. Чунки суюкли келинларимиз орасида қайнота ёки қайнона кириб келганда телевизордан кўз узиб, ўрнидан туриб қаршилаш шартлигини билмайдиганлар ҳам, ариққа ахлат ташлашнинг гуноҳ эканини англамайдиганлар ҳам, сергаплик киши қадрини кетказишига аҳамият бермайдиганлар ҳам учрайди. Тавсия этилаётган рисолада шу каби хулқ ва фазилатлар ҳақида фикр юритилади.
Суҳбатимизга лутфан марҳамат қилиб, даврамиз файзига файз қўшинг. Аллоҳ барчамизни адаштирмасин.

Тоҳир Малик

Дебоча
Оила ҳаловати – жамият ҳаловати
Бахт саройи
Мувозанат
Савоб
Агар уялмасанг...
Зурриёт
Никоҳ
Талоқ
Ярашиш
Рашк
"Ёмон хотин”
Яхши хотин
Фарзанд неъмати
Хизмат
Нозик масала - кундош
Иффат ва ҳаё
Вафо
Номус
Виждон
Инсоф
Бошингга қилич келса ҳам...
Ёлғончидан Худо безор...
Чақимчилик
Туҳмат, бўҳтон
Ғийбат
"Қариндош” иллатлар
Ҳасад ўти
Саломинг бўлмаса...
"Дуойи бад”
Ҳазил ва мазах
Тилингни авайла...
Оҳуни қувиш илинжи
Сабр таги - олтин
Исроф
Вақт қадри
Ялқовлик фарзанди
Меҳнат
Қўшнинг ёмон бўлса...
Меҳмондўстлик
"Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак”


 
BAXORDate: Seshanba, 21-Iyun-2011, 15:25 | Message # 3
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:


Kelinlar daftariga...
01. Debocha

Дебоча Ассалому алайкум, ардоқли ва суюкли келинпошша!
Ҳа, суҳбатимиз давомида, ижозатингиз билан, мен барча келинларни биргина шу ном билан атайман. "Келинпошша” деганимда уйимдаги келинимни эмас, сизни – кечаги ҳафта келинлик сарпосини кийган ёки кўп йиллардан бери бу гўзал ном билан аталувчи сингилларимизни назарда тутаман.

Келинпошша, сиз чиндан ҳам кимнингдир суюкли ва ардоқли қизи, яна кимнингдир суюмли ва азиз келинисиз. Эҳтимол, сиз келин бўлиб тушган хонадон бугунча қадрингизга етмаётгандир? Тушкунликка тушманг, Ардоқланувчи келинлар қаторида бўлишингизни Раббимиздан сўранг. Сўранг-да, ўйланг: "Нима учун бу оилада қадрим йўқ? Булар ёмонми ё менинг камчилигим борми?” Шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилинг.

Оилада биринчи келишмовчилик қайнона ва келин орасида чиқади. Сўнг қайин эгачи – келин, кейинроқ қайин сингил – келин ораларида, юмшоқроқ қилиб айтилганда, ғишава бошланади. Афсуски, кўп ҳолларда бу баҳслар биринчи томон ҳисобига ҳал этилади. "Афсуски” дейишим бежиз эмас. Адолат тарозуси бузилгач, гўзал бир оила қасрига дарз кетади. Севиш, ардоқлашни ўрганаётган икки ёшни бир-бирига ишончсизлик кўзи билан қарашга, ҳатто нафратланишга ўргата бошлашади. Хўш, бундай номаъқул ишдан афсусланмаслик мумкинми?

Келинпошша, бу масалада мен сиз томонман. Нима учун шундайлигини вақти келганида бир эмас, бир неча марта таъкидлайман. Лекин масалага инсоф юзасидан қарасак, ўзингизда ҳам озгина айб бўлади. "Озгина” дейишимнинг сабаби, айрим ҳаракатларингизнинг айб эканини ўзингиз ҳам билмайсиз. Чунки ота-онангиз сизга одобдан яхши тарбия беришмаган. Шунинг учун бу борадаги айбни улар зиммасига юклаймиз-да, одобга доир зарур гапларни сизга етказишга уриниб кўрамиз.

Сиз кичкина қизалоқ эканингиздаёқ келин бўлишни орзу қилгансиз. Дугоналарингиз билан "келин-келин” ўйинларингиз бўларди. Дастлабки "келинсалом”ингизни эслай ҳам олмайсиз. Бир, эҳтимол икки ёшингизда онангизнинг ҳарир рўмолини олиб "келинсалом” қилиб, катталарнинг олқишини эшитгансиз, бундан қувониб, қайта-қайта салом қилавергансиз. Ўшанда "бахтли келин бўлгин”, деб дуо қилишган. Болалик ўйини туфайли мингларча дуо олгансиз. Ота-онангизнинг дуоларини эса санаб адоғига етиш мушкул.

Сиз туғилган онда доя "Қиз муборак!” дейиши билан онангиз қувончдан Худога шукр айтганлар. Билмайсизки, дунёга келишингиз билан онангиз қалбида ширин бир орзу ҳам туғилган. Бу орзу сизга эгизак каби эди, у сиз билан улғайди. Сизни қандай авайласалар, бу орзуни ҳам авайладилар. Сизга биринчи совчи келгандаги онангизнинг қувонганини сезганмисиз? Сезмагандирсиз... Қалбига ўғринча мўралаган хавотирни-чи? Бўлажак куёв бола мақталади, сиз борадиган хонадон олқишланади... Лекин "гаплари ростмикин, йигит солиҳмикин, ёмонларга аралашмаганмикин, онаси қизимни ўз қизидек бағрига олармикин?..” деган ўнлаб ҳавотирли саволлар онангизни исканжага олаверади. Сиз келинлик сарпосини кийиб, жонажон уйингиз остонасидан ҳатлаб ўтганингизда дадангиз кўзда ёш билан дуо қиладилар. Бу айрилиқ ёшлари эмас, бу бахт илинжидаги муножотнинг покиза акси. Дуодаги йиғи Аллоҳ билан қалбан боғланиш исботидир. Қалбан боғланиш билан ушалган орзу қувончи ҳам зоҳир бўлади. Айни нафасда дадангиз ва онангиз юрагида иккинчи орзу ҳам туғилади.

Биринчи орзуни авайлаш-асраш дадангиз билан онангизнинг вазифаси эди. Иккинчи орзунинг ушалиши энди сизга боғлиқ. Келин бўлиб тушган хонадонингизда сиз ўзингизнинг чиройли хулқингиз, ғайратли хизматингиз, садоқатингиз ва муҳаббатингиз туфайли қадр пиёласидан бахт шарбатини ичсангиз, бу онда дадангиз ва онангиз бахт уммонида роҳатланиб сузаётган бўлишади. Аллоҳ кўрсатмасин, агар қадр топмасангиз, бахт ўрнига хорлик жари ёқасига келиб қолсангиз, дадангиз ва онангиз кўзларига дунё қоронғу бўлиб кўринади. Дўзах азоби бу дунёнинг ўзида бошланиб кетади.

Сиз келинлик либосида, "ёр-ёр” садолари остида остона ҳатлаб ичкарига бир қадам босдингизу эгилиб салом бердингиз. Ўзингиз бекача бўладиган хонадонга сиз бу саломингиз билан офият тиладингиз, омонлик тиладингиз. Бу бахтиёр кунларга етиб келолмай ўтганлар руҳини ёдладингиз, уларга Аллоҳдан мағфират тиладингиз. Бу саломингиз билан сиз ўзингизга ҳам бахт тиладингиз. Саломингизга алик олдилар – сизга бахт тиладилар.

Эртага "ёмон қайнона” номини оладиган хотин ҳам бу онда келинига ёмонлик истамайди. У ҳам бахт тилайди. Қайин эгачи, қайин сингил... хуллас, барча-барча бахт тилайди. Сизнинг қалбингиз ҳам эгнингиздаги либосингиз каби оқ – бировга ёмонлик тилашдан жуда-жуда узоқдасиз. (Биламан, кунлар, ойлар ўтиб, қайнонангиз адолатсизлик қилган дамда ҳам унга ёмонлик истамайсиз...) Дуолар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам ўзингизда бу бахтга интилиш бўлмаса, етолмайсиз. Сиз бир сарой қурмоқчисиз. Бу саройнинг номи – бахт! Пойдевори – иффат, ҳаё, ғиштлари – сабр ва шукр, девори иймон, томи – ақл ва ирода. Безаклари – фаросат, саховат, меҳр... Одамлар дуо қилиб сизга омад тилашади, ҳалос. Биров сизга битта ғишт олиб узатмайди. Аксинча, бахт саройини қуришингизга ҳалақит берадиганлар топилади. Агар сиз умрингизни улар билан олишишга сарфласангиз сарой қурилиши чала қолади.

Аллоҳ аёл зотини нозик қилиб яратган. Аммо бахт саройини қуриш учун аёлдан метиндек ирода, сабр талаб этилади. Ҳазрат Сўфий Оллоҳёр шу боис ҳам ёзганларким:
Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,
Уни чиқмас, ани айтурга бир кун.

Дейилмоқчики: агар хотин яхши бўлса, эрининг уйида ўн йил давомида ун бўлмаса, бировга ҳеч вақт ун йўқ, деб ун (товуш) чиқармас, шикоят қилмас. Бундай бўлиш учун эса, шубҳасиз, сабр талаб этилади. Бу мавзуга кейинроқ яна қайтамиз.

Кексалар "ёшлар насиҳатга қулоқ солмайдилар”, деб нолишади. Ёшлар эса "катталар насиҳат қилавериб, қулоқ-миямизни еб ташлашади”, деб зорланишади. Қадим замонлардан бери аҳвол шундай. Миср эҳромларининг ичига киришганда деворда "Ҳозирги ёшлар бузилиб кетяпти”, деган ёзувни ўқишган экан. Бугунги кунда ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитиб турасиз, ранжийсиз. Ранжишга ҳаққингиз бор. Биз - катталарнинг эса ёшларни ёмонлашга ҳақимиз йўқ. Чунки ёшлар ёмон бўлса, демак, биз ёмон эканмиз. Чунки шу ёшлар бизларнинг фарзандларимиз, уларни биз тарбиялаганмиз. Улар ёмон хулқли бўлиб туғилмаганлар. Уларни биз яхши хулққа ўргатиб, ёмон хулқдан қайтармаганмиз.

Бир қиз ёмон йўлга кириб кетгани учун ота-онаси уни "оқ” қилишибди. Бу билан улар ўзларини ҳам Аллоҳ олдида, ҳам эл-юрт олдида поклаб олишган. Ота-она бошига тушганни "фалокат” деймизми, "фожиа” деймизми, "қора тун” деймизми, юракларни поралаб ташлаган "бало чақини” деймизми – номи нима бўлса бўлсин, буни ҳатто душманимизга ҳам раво кўрмайлик. Ота-она фарзандини оқ қилгани билан унинг қоронғи туни ёриша қолмайди. Оқ қилиш билан ўзларига озгина тасалли бергандай бўлишади. Иснод ўтида қовжираб, азобланишлари эса давом этаверади.

Шу ўринда оқ қилишнинг моҳиятини ўрганишга уриниб кўрсак: бу араб лисонидаги "аъқ(қа)” сўзидан келиб чиққан. Дастлабки маъноси покланишни билдиради. Яна бир маъноси эса "ажратиш” экан. Демак, оқ қилмоқлик – гуноҳкор фарзандни ўзидан ажратиб, покланиш деган маънони англатаркан. Яъни: "Бу бадкирдор гуноҳлар ботқоғида қолди. Мен унинг гуноҳларига шерик эмасман, масъул ҳам эмасман”, дейилмоқчи бўлади.

Юқорида айтганимиздай, бу ҳолат кишининг ўзига тасалли бериши учунгина асқотади. Ота-онанинг фарзанд тақдирига масъуллиги ҳеч қачон озаймайди. Солиҳ фарзанд ота-онага раҳмат, яъни савоб келтиргани каби, ёмонликни касб қилган фарзанд оқ бўлган тақдирда ҳам ҳар бир гуноҳ иши билан ота-онасига лаънат келтираверади. Шу сабаб, эҳтимол ота-она аъмол дафтарига гуноҳлар ёзилаверар, валлоҳи аълам? Агар оқ қилиш билан ота-она гуноҳдан осонгина қутула олса эди, унинг масъулияти, фарзанд тарбиясининг савобларидан олажак ажрлари юқори қилиб қўйилмас эди.

Баъзи оилаларда ўғилга нисбатан кўпроқ қизни "оқ қилиш” билан қўрқитмоқчи бўлишади. "Шу қизга уйланмасанг сени оқ қиламан”, деган пўписани деярли эшитмаймиз. Бироқ, "Шу йигитга тегмасанг қизим эмассан, сени оқ қиламан”, деган таҳдидлар қулоғимизга чалиниб туради. Бу ота-оналар ранжисалар ҳам, қилмишларини нодонлик деб баҳолашдан ўзга иложимиз йўқ. Нодонликларидан ташқари гуноҳкор ҳамдирлар. Чунки қиз болани зўрлаб никоҳлаш мумкин эмас. Бугун қизини зўрлаб узатиб, эртага кўз ёши тўкиб юрган ота-оналарни кўрсак ҳам ибрат олмаймиз.

Бу сатрларни ёзиб, мавзудан четга чиққанимиз йўқ. Бундан икки муддаони кўзлаганмиз: Биринчиси, мазкур рисоламизни Келинпошшадан ташқари муҳтарама ота ва оналар, қайнона ва қайноталар ҳам ўқишар, деган умидимиз бор. Агар ўқишса, ташаккур айтиш билан бирга зиммаларидаги бурч ва масъулиятни яна бир эслатиб қўймоқчимиз. Иккинчи муддао: Келинпошша, жондай азиз ва ардоқли қизим, яна насиҳат бошланди, деб энсангиз қотмасин, китобни четга суриб ҳам қўйманг. Сабр қилингу менга суҳбатдош бўлинг. Ҳа, айнан шундай. Мақсадим, бошингиз устидан насиҳатлар дўлини ёғдириш эмас, балки оиладаги бахт саройини қуриш маслаҳатини қилиш, агар лойиҳада камчилик бўлса – бартараф этиш, девор ғиштлари қийшиқроқ терилаётган бўлса - тузатишга ёрдамлашиш. Мен аҳли донишнинг бу соҳага доир китобларидан баҳраманд бўлганман, кўпгина оилаларда бахт саройи қурилишини кузатганман, тажрибаларини ўрганганман. Ўзимнинг ҳам бу ғиштларни теришга анча қўлим келиб қолган. Ишонаманки, сизга ёрдам бера оламан. Сиз ҳам ишонинг. Агар ишонсангиз, суҳбатимизни бошлаймиз. Дарвоқе, суҳбатимиз жараёнида даврамизга дугоналарингизни жалб этсангиз, маъқул бўларди? Йигитларга тааллуқли гапларимиз ҳам бўлади, эр-хотин биргалашиб ўқисангиз қандай яхши! Қайнона, қайин эгачи-сингилларга ёки қайнота, қайин оға-укаларга ўқимоқни тавсия этишга журъат қила олармикинсиз? Буниси энди ўзингизга ҳавола.



Davomi bor...

Keyingi mavzu

Оила ҳаловати – жамият ҳаловати


 
BAXORDate: Payshanba, 23-Iyun-2011, 20:13 | Message # 4
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:




02. Оила ҳаловати – жамият ҳаловати


Оила ҳаловати – жамият ҳаловати

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз?

Аввал шу ҳақда фикрлашиб олайлик.

Келинпошша, «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» деган мақолни кўпчилик қатори сиз ҳам биласиз. Эр-хотин орасида низо чиқса қисқа муддатда бартараф бўлади, деган маънодаги бу мақол айрим ҳолларда ҳақиқатга айланмаяпти. Ёш оилалардаги жанжал «ажралиш» деган фожиа билан якун топяпти. «Фожиа» деб баҳо беришимизни баъзилар маъқулламаслиги мумкин. «Талоқ Аллоҳ томонидан руҳсат этилган, оиланинг бузилиши кўнгилсиз ҳол, лекин фожиа эмас», дегувчиларга айтамизки: азизим, соатингиз бузилса неча мароталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи қолмаганда ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни, жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам, хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу «жамиятча»нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайси жамиятда оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади.

Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Аллоҳга бўлган ишқ, ота-онага, дўстга муҳаббат, силаи раҳм ҳам жамият маънавий оламига ўз таъсирини ўтказади. Аммо оила бу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди.

Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Келинпошша, сиз бу ҳолатни яхши биласиз, ўзингизнинг оилангизда бўлмаса ҳам қўшниларда ёки қариндошларда учрайди. Ўзингиз ҳам уйда кўнглингиз ғашланса, хизматдаги ишингиздан барака қочади. Ҳамкасбларингизга бақириб юборганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Ҳамкасбингизни ранжитганингизни билгач, баттар сиқиласиз... Аксинча, уйдан шодиёна кайфиятда чиқсангиз кунингиз унумли бўлади, шу қувонч қанотида учаётганингизда аразлашган кишингиз учраб қолса, унинг айбини ҳам кечириб юборасиз.

Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганда эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғи саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами – ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун аҳли китоблар ҳам Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлишган. Барча пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этишган. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишмандларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан, «Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради», деган аҳмоқона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса, «Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!» деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр!

Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: «Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?» деб сўралса, «Аввал пахта мавсуми ўтиб олсин», деб жавоб беришарди. Йигит бечоранинг то кеч кузгача, эҳтимол қишга қадар юлдуз санаб, ёстиқ қучоқлаб ётишдан ўзга чораси йўқ... Агар севган қизи сулув бўлсаю, бирон чапдаст йигит чиқиб, пахта мавсуми охирлашини кутиб ўтирмай, илиб кетса, урди Худо!

Келинпошша, бу ҳозир сизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.

Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ экан-да? Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.


Davomi bor...

Keyingi mavzu

Baxt saroyi


 
DURDONDate: Juma, 24-Iyun-2011, 19:05 | Message # 5
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:


Бахт саройи

Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг «Анна Каренина» деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: «Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир». Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи! Икки толиба дугонанинг бири ҳаё тарбиясини мукаммал олган, иккинчиси эса саёз. Ўша иккинчиси базму зиёфатларда яйраган пайтида кутубхонада ўтирган дугонасидан кулади, чиройли кўйлак сотиб олишга пули етмагани учун уни бахтсиз деб ҳисоблайди.

Турли халқлардаги оила ва бахт тушунчаси ҳақида сўз очдик, асосий гапларимизга ўтишдан олдин кичик бир мисолга мурожаат қилайлик. Чунки бугунги кунда сиз ҳар куни бир-икки телесериални кўряпсиз. Эрталаб кореялик қизнинг бахтсизлигидан йиғласангиз, пешинда турк аёлига ўхшаб саодатга эришсам, дейсиз. Оқшомда мексикаликнинг севгисига ҳавас қиласиз. Мен бу сериалларни ҳақиқий санъат асари, деб қабул қила олмайман. Мазмун саёз, актёрлик, режиссёрлик маҳорати ғоят ҳароб. Шунга қарамасдан, кўпчилик қизиқиш билан томоша қилаётган бу сериалларни бутунлай инкор этишга ҳаққим бўлмаса керак. Лекин бу борада бир-икки маслаҳатни айтишга бурчлиман.

Келинпошша, томоша чоғида ақлни ишлатишингизни, воқеаларни ақл билан таҳлил қилишингизни ва хулоса чиқаришингизни истар эдим. Томоша пайтида атрофингизда болалар бўлса, уларга кўрсатмаслик чорасини топишингиз лозимлигини эслатаман. Чунки кичкинтойлар томоша чоғида сиз каби ақлни ишлата олишмайди. Ўрни келганда яна бир ҳижолатли масалани ҳам ўйлаб кўришга сизни даъват этаман: бу томошаларда беҳаё саҳналар бор. Агар қайнона-қайнотангиз билан биргаликда кўраётган бўлсангиз, нима қиласиз? Баъзи қайноталар "кинонинг шунақа жойи келса, туриб чиқиб кетаман”, дейишади. Бу – уларнинг фаросатли эканидан далолат. Лекин, Келинпошша, шундай беҳаё саҳна бошланиши билан сиз тез туриб чиқиб кетсангиз ҳаёли ва иффатли эканингизни исбот қилган бўласиз.

Хориж киноларини қандай тушуниш керак, деган саволга жавоб бериш учун тилга олганимиз асардаги Анна Каренинанинг оиласи ва унинг ўлими билан Кумушбибининг оиласи ва ўлими орасидаги фарқни айириб олишга уринайлик:

Икки ёзувчининг тасвирига қараганда, бу аёлларнинг иккови ҳам ғоят гўзал, икковида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам лобарларнинг ўлимлари билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари ва оилага садоқатлари бир хилми? Анна – оилали жувон, бегона эркакни севди. Оқибатда ўзини ҳалок қилди. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби – маъсума аёл. У жуфти ҳалолига содиқ. Уни ҳатто кундошидан ҳам қизғанади. Балки ана шу қизғаниши, рашкининг чегарасидан чиққани учун ўлим топгандир? Бу икки аёл ўлими сабабчилари – Аннанинг севгилиси (эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши – Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай! Кумуш-зайнаблар тақдирини европаликлар ҳаётидан излаб тополмаймиз. Келинг, икки ўлимга доир икки баёнга диққат қилайлик:

«...яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди; соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган; гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди; бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга «Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз», деган ўша даҳшатли сўзни айтиб турганга ўхшарди...»

Бу баёндаги «Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди», деган тасвирга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Муҳаббат деган баҳона билан оилага хиёнат қилган, ибосиз ҳаёт кечирган аёлнинг жасади ҳам бегоналар кўзи олдида ибосиз ҳолатда ётарди. Бу ҳам ибосиз ҳаёт учун берилган бир "мукофот” эмасми! Энди бу тасвирга диққатингизни тортамиз:

«...Ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёқ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланган юзини кўрди ва ва манглайини босди...

- Ойим... Ойим!- деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.

- Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!

Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:

- Худо шифо берар, болам!

Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётгач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:

- Ойи... дада... – сўнгра ,-бегим, - деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди....»

Устоз Абдулла Қодирий қаламларидан кўчган бу тасвирнинг ҳар бир нуқтасига диққат билан разм солайлик. Биз истаймизми, истамаймизми, оила масаласини англашда ғарб ва шарқ тушунчалари орасида кескин фарқлар борлигини тан олишга мажбурмиз. Буни юқоридаги икки баён ҳам тасдиқлаб турибди.

Кумуш «эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди...» Бу ҳолат оддий муҳаббат тасвири эмас, балки ўлими олдидан ҳам эрининг мартабасига риоя қилинишининг ифодасидир. «Исломда инсонга сажда қилиш йўқ. Агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим», мазмунидаги ҳадис маъносидан аёл киши эрига итоат этиши лозимлиги англашилади.

Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат бузилган онларда оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга интилишади. Эр чақирганда «ҳозир» деб қўядилар-да, ишларини қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин телефондаги узундан-узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай ўтиришлари айб саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан шу айб айтилади.

Келинпошша, бу сўзларни ўқигач, «демак, эр хўжайин, хотин – чўри мартабасида экан-да?» деган тўхтамга келдингизми? Унда адашибсиз. Бундай фикрдан узоқ бўлишингиз керак. Эрга хизмат қилиш чўрилик эмаслигини тўйдан олдин ота-оналар қизларига яхшилаб тушунтириб қўйишлари зарур. Афсуски, қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари хотиннинг эр ҳузуридаги бурчи хусусида фикр юритиб, шундай ёзганлар:

"Эрнинг хотинидаги ҳаққи мавзуида ҳаммага ёқадиган гап шулки:
-Никоҳ, қайси бир жиҳатдан бандаликдир, демак, хотин эрининг олдида бандаликни адо этиши шартдир.

Бу борадаги қатъий ҳукм шундан иборатдир:

-Хотин гуноҳ бўлмайдиган ҳар қандай масалада эрининг хоҳишларига сўзсиз итоат эти
ши керак.


 
DURDONDate: Juma, 24-Iyun-2011, 19:08 | Message # 6
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Davomi
Аллоҳ Расули дедилар: "Қайси хотиннинг эри ундан мамнун ҳолда вафот этса, ўша хотин албатта жаннатга киради”.

Эрдан берухсат уйдан бировга бир нарса бермаслик, эрдан рухсатсиз нафл рўза тутмаслик ҳам эрнинг хотиндаги ҳаққи жумласига киради. Агар эрига билдирмай унинг мулкидан бировга бир нарса берса – хотинга гуноҳ, берилган садақанинг савоби эса эрига ёзилади. Эридан ижозат олмай рўза тутса қабул бўлмайди, оддий очлик ва чанқоқлик бўлади. Хотин эридан изн олмай уйидан чиқса, уйига қайтиб келгунича ва тавба қилгунига қадар фаришталар унга лаънат ўқийдилар.

Ҳақ-ҳуқуқлар бўйича кўрсатмалар етарли. Лекин уларни бажаришда баъзан хатоликларга йўл қўйилади. Яқинда бир маҳаллада ёш оила бузиладиган даражага келди. Эрнинг даъвоси битта: хотин унинг чўнтагидан пул олган. Эр юқорида зикр этилган ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Тўғри, хотин у ухлаб ётган маҳалида чўнтагидан пул олган. Лекин атайин беркитиқча эмас, сут харид қилиш учун олган. Эри кеч келиб, уйқуга кеч ётгани учун уйғотиб сўрашга кўнгли бўлмаган. Бу – бирламчи. Иккиламчи ва энг муҳими – хотин бундай кўрсатмалар ва ҳукмлардан бехабар. Ота-онаси ҳам, эри ҳам унга бу ҳақда гапиришмаган. Шундай экан, уни айблаш, бизнингча, инсофдан эмас. Бу ўринда эрнинг норози бўлиши нотўғри. Хотиндан ажрашишга баҳона қидириб юрганида шу воқеа содир бўлгану, ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас.

Оиладаги эр ўрнини, мартабасини чойхонада тўпланадиган тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: «Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингки, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етилади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оила бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.

Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканларини унутган айрим эрлар борки, уларнинг ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин?

Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмиза олмаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди» (Бақара сурасидан). Ислом дини эр куч-қувватли деб, аёлни эр тарафидан хўрлатмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди.

Баъзи бир эрлар дейишсаки: «Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам, хумордан чиқмайман. Урмасам, қўлим қичиб туради». Шундайми? Яхши, аммо бунинг учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: «У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур». Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз, қандай яшагингиз келса, яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимаган, сариқ чақага олмаган, ҳақоратлаган, хўрлаган, қул ўрнида кўрган одамининг шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. «Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, улар сизнинг ёрдамчиларингиз ва сизнинг мададингизга муҳтождирлар. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Вадо хутбаларидаги бу васиятларини ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу, Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақлаш керакдир, дегани бўлади.

Шайх Ҳотами Асомнинг хотинлари ҳам солиҳа ва каромати зоҳир аёл эдилар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари сафарга кетмоқчи бўлиб, аёлларига:

- Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман, шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан?-деб сўрадилар.

- Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, - дедилар аёллари.

- Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир.

- Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.

Ҳотам ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аёлларини дуо қилдилар. Қўшни хотинлар келиб «Эрингиздан нечун нафақа сўрамадингиз?» деб ажабланишди. Жавобан дедиларки: «У ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир».

Эр-хотинлик ўртасида Аллоҳ ҳузуридаги тенглик шундай бўлади: эр ўз бурчини, хотин ҳам ўз бурчини тўла адо этиши шарт. Оила бахти саройи ана шундай тенглик пойдевори устига қурилади. Буни англаган оилага инқиро ҳавф солмайди. Эр ўз масъулиятига, хотин ўз масъулиятига тенг жавобгарлигини ҳис этиш керак. Тенг ҳуқуқлилик шундан иборат. Эр билан теппа-тенг гап талашиш, теппа-тенг олишиш – тенгҳуқуқлилик эмас, нодонлик. Енгил вазндаги боксчи ҳеч маҳал оғир вазндаги боксчи билан олишмайди. Оилада ҳам мана шу қоидага амал қилинса, яхши бўлади.

Эшитган эдим (ростми ёлғонми, билмайман): лўлиларнинг қай бир уруғида тўй чоғи куёв бола гулхан атрофида ўтирар экан. Келин эса бўйнига хуржун осиб олиб унинг атрофида айланар, «Ўлгунимча сени боқаман», деб қасам ичаркан. Шу зайлда уч марта айланиб, қасам ичгач, куёв унга уйланишга розилик бераркан. Бозорларда катта-катта ва оғир-оғир халталарни кўтариб юрган аёлларимизни кўрганимда лўлиларнинг шу одати эсимга тушади. Бизда, уларнинг одатидан фарқли ўлароқ, никоҳ чоғи эр зиммасига оила ташвиши юкланади. Агар узоқ сафарга отланса ҳам, таъминотни мукаммал қилиб кетиши керак. Аёлларнинг бозорга тушиб, оғир рўзғор халталарини кўтариб чиқишлари эр учун бир уят бўлса, тижорат мақсадида бегона юртларга бегона эрлар билан юбориши ундан баттар исноддир, шармандаликдир!

Тижорат мақсадида узоққа борган аёлларимиз ҳақида турли миш-мишлар юради, биз уларни маъқулламоқчи эмасмиз. Агар шундай десак, покиза опа-сингилларимизга туҳмат қилиб қўйган бўламиз. Лекин улар ризқ қидириб узоққа бормаслик ва маҳрам-ҳамроҳсиз юрмаслик ҳақидаги буйруқларга амал қилсалар, ўзларига нисбатан ортиқча гап орттириб олмайдилар. Ундан ташқари ранжитадиган нарса – аёллар мусофирликда қийналиб, оғир юклар кўтариб юрадилар, йўл азобини кўрадилар, ўз масъулиятига риоя қилмаётган эрлар эса чойхонада ошхўрлик қилиб ётадилар.

Бугунги кунда одам савдоси ҳақида ташвишли гапларни эшитяпмиз. Алданган қиз-жувонлар тақдиридан афсусланяпмиз. Бу борада кимни айблаяпмиз? Алдовчи, қўшмачи муттаҳамларними? Оталар-чи? Эрлик бурчини бажармаётган номардлар-чи? Бу саволларга тўғри жавоб берилмаса, вабо каби бу хасталикдан жамиятнинг қутулиши қийин кечади.

Ўтган асрда Европада эр-хотин ўртасида тенгҳуқуқлилик деган масала кўтарилди. Совет жамияти бунга алоҳида эътибор берди. Аммо аёлларни эрлар билан тенгҳуқуқли қиламан, деб уларни аксинча чўридан баттар ҳолатга айлантирди. Тенгҳуқуқлилик дегани эр нима иш қилса аёл ҳам бажарсин, дегани эмас. Эр қурилишда ғишт терди – аёл ҳам, бетон қуйди – аёл ҳам, трактор минди – аёл ҳам. Бу ўтакетган инсофсизлик-ку! Европада кўтарилган масала бошқача эди. Ўтган асрларда заводда айнан битта ишни бажарган эрга кўпроқ, аёлга эса камроқ ҳақ тўланган. Ўзларини чин демократлар деб ҳисобловчи АҚШда ҳам аёллар сайлаш ҳуқуқига эга бўлишмаган. Аёлларнинг халқаро ҳаракати шу масалалардаги тенгҳуқуқлиликни талаб қилган. Афсуски, тенгҳуқуқлиликни нотўғри тушуниш ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Ўрни келганда айтиб кетайлик: штанга, кураш, бокс, футбол, велосипед... каби спорт турларида қиз-жувонларнинг қатнашишлари бизнингча дуруст эмас. Масаланинг маънавий томонларини қўя турайлик, тиббий жиҳатдан ёндошайлик. Спортнинг бу турлари ёш қиз-жувонларни оқибатда ногирон қилиб қўяди-ку?! Айниқса профессионал спортга кирган қиз-жувонларга берилаётган таркибида гиёванд моддалар бўлган, номи "дори” ю, аслида заҳарнинг оқибатини жаҳон кўриб-билиб турибди-ку?

Davomi bor...
Keyingi mavzu...

Muvozanat


 
BAXORDate: Seshanba, 28-Iyun-2011, 18:35 | Message # 7
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:
04. Muvozanat




Мувозанат

Агар диққат билан кузатсак, бугунги жамиятларда адолатли мувозанат бузилиши кузатилмоқди. Ғарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал Анна Каренинага ўхшаганлар бармоқ билан санарли бўлса, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни хорижга қилган сафарларимиз даврида кузатдик. Ғарб кинофилмлари ҳам фикримизни исботлайди. Ғарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади.

Ислом динида бундай эмас. Оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда «эркин муҳаббат» деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга хос тушунчалар туғилди. Яъни, эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият мутахассисларига мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном – «оила» деб атаяптилар.

Ислом динининг жинсий муносабатлар хусусида ғоятда маъқул, ниҳоятда мақбул тавсиялари бор. Биринчидан, никоҳ суннат ва савобдир; никоҳланган кишининг савоби ортади. Уйланган киши уйига бир ҳисса егулик ва ичгулик олиб келса, етти юз ҳисса савоб берилади. Рўзғор тебратиш учун қилинган сарф-харажатлар жиҳод қилиш билан баробар ҳисобланади (яъни, «жиҳод» деганда фақат уруш назарда тутилмайди, савоб фақат уруш туфайли ҳосил бўлмайди, бунга аҳамият бермоқ жоиз). Ҳатто никоҳдаги эр-хотиннинг жинсий алоқасида ҳам савоб бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) шу ҳақда гапирганларида саҳобалар: «Эй Расулаллоҳ, биз нафсимизнинг, шаҳватимизнинг орзусини қондирамиз, бундан ҳам савоб ҳам топамизми?» деб сўрашганларида жавоб бердиларки: «Албатта! Шундай қилмасангиз, гуноҳ йўли билан қондиришингиз мумкин... Шунинг учун ҳам савобдир».

Исломда инсон табиатига, фитратига, яратилишига ғоятда мос бир ҳатти-ҳаракат мавжуд. Эрнинг хотини ёнига узоқ муддат яқинлашмаслиги ҳам дуруст эмас. Чунки аёлнинг ҳам жинсий хоҳишлари бор, унинг бу эҳтиёжларини ҳам қондириш керак, деган маънода адолат қилишга чақирганлар. Шунинг учун исломда шаръий жинсий муаммога эътибор беришган, уни айб санашмаган. Баъзан эр-хотиннинг ажралиш сабаблари диққат билан ўрганилса, оилани бузилишга олиб келувчи жиддий ҳолатлар кўринмайди. Бизда оиланинг бузилишига айнан жинсий муносбатлардаги етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги сира айтилмайди. Бу айб саналади. Ҳатто айрим эрларнинг ёки аёлларнинг зинога юриб кетишларига ҳам бир-бирларидан қониқмаганлари сабаб бўладики, буни эътибордан четда қолдириш мумкинмас.

Шаъбий (р.а.) айтадилар:
«Бир аёл ҳазрати Умар (р.а.) ҳузурларига келиб: «Эй мўминлар амири, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар», деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: «Эй мўминларнинг амири, мени кечиринг», - деди.

- Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.

Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сур (р.а.) дедилар:
- Эй мўминлар амири, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.
- Аёлнинг қандай шикояти бор эди?
- Аёл эридан «завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир», деб шикоят қилмоқчи эди.

Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:
- Ораларида сен ҳакамлик қил-, дедилар.
- Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?
- Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар ҳалифа.

Шунда Каъб халиги одамга:
- Аллоҳ субханаҳу ва таоло эрларга хитобан: «агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар», дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.

Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:
- Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир, - дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар».

Бу ривоятда гўзал бир донолик ҳам чарақлаб турибди: ҳазрати Умар эрга тўғридан-тўғри «эрлик вазифангни бажар», деб амр қилмадилар ва буни доно биродарларига топширдилар. Каъб ҳам ўта нозиклик билан тушунтирди. Чунки у киши ҳам «ибодатингни йиғиштириб, хотининг билан бирга бўл», дея олмасдилар.

Davomi bor..
Keyingi mavzu

SAVOB


 
OSIYODate: Chorshanba, 29-Iyun-2011, 17:51 | Message # 8
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 7125
Status:
SAVOB 05

«Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмас», дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айш-ишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун уйланмайдиларми? Шу ниятда энг сулув қизларга етишмоқ учун шумликлар қиладилар. Бу шумликнинг оқибатини «оила» дея олмаймиз. Баъзилар эса бой бўлиш мақсадида бой хотинга тузоқ қўядилар. Бунинг натижаси ҳам «оила» эмас. Яна бир ҳил одамлар фарзандталаб бўладилар ва шу мақсадда оила қурадилар. Баъзи одамлар гуноҳдан сақланиш учун уйланадилар. Яна бир қанчалари уй-рўзғор, саранжом-саришталик учун уйланадилар.

Оила қуришда улуғ савоблар борлигини яна таъкид этамиз. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланишади, савоб истагида турмушга чиқишади. Бир илмли одам бир қизни сўраб совчи юборади. «Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ қизингизга уйланмоқчилар. Биз розилигингизни олмоққа келдик», дейишади совчилар. «У киши жонимни сўрасалар, жонимни берай, аммо қизим у зотга муносиб эмас. Чунки қизимнинг икки оёғи шол. У муҳтарам зотга эса хизматларини адо этувчи соғлом жуфти ҳалол керак», дейди қизнинг отаси узр билан. Совчи қўйган киши қизнинг аҳволидан хабардор эди. «Бу қиз ногирон бўлгани сабабли унга ҳеч ким уйланмайди. Мен шу бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай», деган қароридан қайтмайди.

Шунга ўхшаш бошқа воқеа: Шуҳрат Умаров исмли шоир биродаримиз бўлардилар. (Аллоҳ раҳмат этсин!) Шуҳрат ака талабалик йилларида йиқилиб, беллари майиб бўлиб ётиб қолган эдилар. Бу ҳолдан хабар топган шоира синглимиз Насибахон тақдирларини шу ногирон шоир тақдири билан боғлашга қарор қилдилар. Ёш ва гўзал қизнинг бу қарори кўпчиликни таажжубга солди. Таажжубланганлар Насибахоннинг ташқи гўзалликларини кўрардилару аммо қалб гўзалликларини, иймон гўзалликларини ҳис қила олмасдилар (Биз шунақамиз: ногирон фақат ногирон билан турмуш қуриши керак, деган бемаъни тушунча билан яшаймиз. Соғлом йигит шол ёки кўзи ожиз қизга уйланса ажабланамиз. Гўзал қиз ногиронни севса ишонқирамаймиз. Демаймизки, Аллоҳ розилиги учун қилинаётган бу амаллар нақадар гўзал!). Шуҳрат ака билан Насибахонга Аллоҳ солиҳ ўғил фарзанд берди. Шуҳрат ака ҳали ёш ўғилларига «онангни ҳаж ибодатига олиб борасан», деб васият қилган эканлар. Беҳзод улғайгач, отамерос автомашина сотилиб, васият бажарилди – Аллоҳ она ва болага улуғ ибодатни насиб этди. Насибахон бахтларини айнан шу оилада топганларига ишора эмасми бу! Улуғлик деганимиз ҳам шу, қаҳрамонлик деганимиз ҳам шу! Оиланинг муқаддас тушунча эканига ҳам мисол шу.

Тилимизда «оила қурди» ёки «оила барпо этилди» каби ибораларни кўп учрайди. Шунинг қаторида «оила бузилди» ёки «оиласи барбод бўлди» деганлари ҳам бор. Демак, оила умр йўлидаги гўзал бир саройга ўхшатиляпти. Демак, уни қуриш керак. Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, турмушнинг зилзилаю дўлларига бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, «оила» ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас.

Афсуски, айрим бадавлат ота-оналар оилани шундай тушунадилар ва фарзандларини моддий томондан тўла-тўкис таъминлаб қўйиш билан кифояланиб, «оила қурилди», деб хотиржам бўладилар. Тўғри, оила саройини қуришда ота-онанинг вазифаси ҳам мавжуд. Аммо тўлалигича қуриб бера олмайди. Бу қурилишда эр-хотиннинг ўзи ҳам фаол иштирок этмас экан, бу сарой дастлаб шоколад каби кўринса ҳам, аммо сал вақт ўтиб эрий-эрий йўқ бўлиб кетади. Ўзича эриб кетса, тақдирга тан берилар, аммо бу шоколад қасрни ялашга ишқибозлар ҳам топилиб қолса-чи?

«Уйланишдан олдин иккала кўзингни катта оч, уйланганингдан кейин биттасини юм», деган тагдор бир ҳикмат борки, кўпчилик унга амал қилмайди. Аввало, йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам кўзларини катта очишларига ота-оналари йўл қўйишмайди. Кейин эса ёш хотиннинг ҳаракатларини кузатишда битта кўзни юмиш ўрнига тўрт-беш кўз билан қарай бошлайдилар. Аҳмад Дониш айтган эканларким: «Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар экан, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади».

Йигит ва қиз ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва руҳиятларини мукаммал ўрганишмаса, оилани бахтиёрлик пойдеворига қуришлари осон бўлмайди. Чунки яхши оила қуриш учун биргина муҳаббат кифоя эмас. Орада дўстлик ва ишонч ҳам бўлиши керак. Шундай оилаларни учратамизки, эр-хотин бир-бирини севади, турмуш қуришни эса билмайди. Оила қуришда маълум босқичларда биргаликдаги кураш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш талаб этилади. Дейдиларки: «Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади». Яъни бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қиз унча-мунча хато ва камчиликларни сезмайдилар, сезсалар ҳам эътибор бермайдилар. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса, оиланинг кўзлари ҳамиша очиқ бўлади. У ҳатто тунлари ҳам юмилмайди. Илгари арзимас ҳисобланган камчиликлар жиддий аҳамият касб эта бошлайди. Ота-оналарнинг эса бошлари қотади: ахир бир-бирларини яхши кўришарди-ку? Йигит «шу қиздан бошқасига уйланмайман», деб қанча «номзод»ларни рад этган эди-ку? (Қиз ҳам бошқа йигитларни хушламаган эди!)

Бир-бирини билиш – бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билиш эмас. Бу бир-бирига нисбатан ишончли ва ёқимли муносабатда бўлиш, бир-бирига ишониш демакдир. Одам бошқа шахснинг руҳий оламига бостириб киришга уринмаслиги керак. Аёл билан танишиш учун бир неча дақиқа етарли, уни яхши билиш учун эса йиллар керак. Айрим «доно»ларнинг фикрича, аёлни тўлиқ билиш учун у билан ажралиш керак экан. Албатта, бу фикрни ҳазил маъносида қабул қиламиз. Лекин, айрим эр-хотинлар ажралишиб кетишганларидан сўнг, айниқса бошқа оила қурганларидан кейин бир-бирларининг қадрларига ета бошлайдилар. Аксарият яхши эрнинг қадрига етмаган хотинга Аллоҳ янада золимроқ эрни, солиҳа аёлнинг қадрига етмаган эрга эса куйдиргувчи хотинни рўпара қилиб қўяди.

Чунки эр ёки хотин шайтон васвасасига кириб, Раҳмон йўлини унутганлари учун шундай жазони олишлари тайин. Аллоҳ буюрадики: «Эй иймон келтирганлар! ...улар (хотинларингиз) билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар» (Нисо сурасидан). Аллоҳ иймон келтирганлар, деб мурожаат этяпти. Демак, иймон келтирдингми, энди иймон шартларидан бири бўлмиш оиланг ҳаққига риоя қил, тотув яша. Бўлар-бўлмасга жанжал чиқарма. Хотинни (ёки эрни) янгилашга ошиқма. Оилани қайта-қайта бузиш иймонсизларга хосдир.
 
BAXORDate: Payshanba, 07-Iyul-2011, 10:53 | Message # 9
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:
06. Agar uyalsang...





Бешинчи суҳбат:
Агар уялмасанг...

Европаликларда «эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эрлар учун сўнггиси бўлишни орзу қиладилар», деган гап бор. Бир қараганда ақлли гапга ўхшайди. Аммо бу ўша томон учун ақлли, уларнинг оила ҳақидаги бузуқ тушунчаларига мос келади. Дейилмоқчики: эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига ҳалол юрса, бас. Хотин эса «эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин», деб орзу қилади. Эътибор беряпсизми, орзу қиляпти! Исломда эса бундай бузуқ ҳолда оила қуриш ман этилади. Оила номусига гард ҳам қўнмаслиги керак.

Ҳозирги кунимизда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетган. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас деб ҳисобланган. Оилага «эркинлик» мартабасини берилиши жамиятни бора-бора издан чиқаради. Чунки «эркинлик» тушунчаси «нима истасанг қилавер», дегани эмас. Аллоҳ «мендан уялмасанг, нима истасанг қилавер», деб бекорга огоҳлантирмаган. Аллоҳдан уялмадими, демак, ота-онасидан ҳам, қариндошлари, атрофидаги бошқа одамлардан ҳам уялмайди, кенгроқ маънода олсак, жамиятдан уялмайди. Уялмадими, жамият олдидаги бурчини унутади. Жамият қонунларидан юз ўгирган оилалар кўпайса, бу жамиятнинг ҳолига вой эмасми!

Ғарбда бугунги кунда оила бобида бир қанча бузилишлар мавжуд:
* одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг қўшилувини англаймиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг қўшилувини «оила» деб аташ одамзотни ҳайвонот олами билан теппа-тенг қилиб қўймайдими? Бу фикрни иккинчи бор қайта таъкид этишимиз бежиз эмас. Бу ҳолатни ҳайвонот оламига ўхшатяпмизу, аммо урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ. Эркакнинг эркакка интилиши юз йиллардан бери мавжуд, бироқ, жамият бундайлардан нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган. Лут алайҳиссалом қавмларига юборилган офатни эсласак кифоя қилар? Эндиликда эса бундай «оила» қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат беришга интилиш бор. Энг даҳшатлиси шундаки, уларга бола боқиб олишга ҳам рухсат этиляпти. Улар боқувидаги бола қандай тарбия кўради, ким бўлиб етишади?

* оила қурмай якка-ёлғиз яшашга интилиш кучли. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйича америкаликлар бу соҳада ҳам пешқадам экан. Эркакнинг ёки аёлнинг оила қуришдан бўйин товлаб, ёлғиз яшаши ҳам оқибатда жамиятни жар ёқасига келтириб қўяди. Илгарилари собиқ иттифоқнинг европа қисмида шундай одамлар рағбатлантириларди. «Мать одиночка» деганлари бўларди. Яъни боланинг онаси бору отаси йўқ. Бу хонимча мутлақо оила қурмасдан кимдандир бола орттирган. Шу учун унга навбатдан ташқари уй беришгача борганлар. Мана энди Россияда аҳоли кескин камайиб кетяпти, деб бонг уриб ўтиришибди. Ўтмиш ғарб файласуфларидан Энгелс хотиннинг эрга бўйсуниши фақат иқтисодий қарамликка боғлиқ. Яъни, эр моддий таъминотчи, агар хотин ўзини ўзи таъминлай олса, эрга бўйсунмай қўяди, деган ғояни илгари сурган эди. Бу ғоя орадан юз йил ўтиб, ўша томонларда ўз исботини топяпти. Лекин бу ғояни ҳаётий ҳақиқатга асосланган, деб бўлмайди. Қайсики оилада руҳий-маънавий тушкунлик ҳукмрон бўлса, бу ғоя ҳам яшайди. Танҳо яшовчи одамнинг (у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ҳаёти, қанчалик яхши таъминлаганидан қатъи назар, қашшоқликдан иборатдир.

* биз томонларда оила бузиладиган бўлса, эр талоқ қилади ёки хотинни ташлаб кетади. Европада эса акси: эрни хотин ташлаб кетади. Русларда «Брошенний муж» деган ибора бор. Уларда хотини ташлаб кетган эр нима қилиши керак, деган муаммо ҳам мавжуд. Хотин эрни ташлаб кетди, дегани отасининг уйига бориб турибди, дегани эмас. Хотин эрни нима учун ташлайди? Севмай қолгани учун. Уларда севиб қолиш ҳам осон, севгидан айниш ҳам осон. Хотинга бошқа эркак ёқиб қолса, эрига: «ранжимагин, мен бошқани севиб қолдим», деб кетаверади. Бу ўринда оила фақат бузуқлик туфайли бузилади.

Биринчи ҳолат ҳам, иккинчи-учинчиси ҳам юқимли хасталикка ўхшайди. Тез тарқалади, давоси эса ғоят мушкул. Оқибат эса миллатнинг йўқ бўлиб кетишигача олиб бориши ҳеч гап эмас. Бизда ҳам бу касаллик нишоналари кўриниб қоляпти. Зийракликни бой берсак, кечикиб қолишимиз мумкин. Қишлоқларда сезилмайди, аммо шаҳарларда эрдан ажралганидан кейин «агар эр шунақа бўлса, бети қурсин, жонимни қийнамай, эрсиз ўтаман бу дунёдан», деб бошқа турмуш қурмай яшовчи аёллар сони камаяётгани йўқ. Биз бу аёлларни бузуқликда айблашдан йироқмиз. Лекин оила билан яшасалар, ўзлари учун ҳам, жамият учун дурустроқ бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, ким «фалончининг қизи эрдан ажраб кўп қаватли уйда ёлғиз яшаркан», деб эшитса, хаёлига дарров шум фикр келади. Қўшни аёллар ҳам ёлғиз яшовчи хотинни тинмай кузатишади, ғийбат қилишади. Агар бирон бегона эркакнинг меҳмон бўлганини билишса, тамом, «достонлар» битилаверади.

Davomi bor...
Keyingi mavzu:

Олтинчи суҳбат:
Зурриёт


 
BAXORDate: Chorshanba, 13-Iyul-2011, 17:10 | Message # 10
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 4071
Status:



Олтинчи суҳбат:
Зурриёт

Турмуш қурмай ёлғиз яшаш ғарбликлар учун янгилик эмас. Насроний дини тобелари орасида таркидунёчилик одати бор. Насронийлар бунинг учун махсус дайр (роҳиблар яшайдиган монастир)лар қурадилар. Роҳибларга уйланиш, роҳибаларга турмушга чиқиш ман этилади. Улар «Уйланиш ва фарзанд орттириш кишини Ҳақ хизматидан ва Худога яқин бўлишдан четлаштиради», деган ақидага асосан турмуш қурмасликни комилликдан деб билишади. Оила қуриш, унинг ташвишлари қаршисида эркин яшаш роҳати туради. Агар одамзот ихтиёри ўзида бўлганида шу роҳатдан бошқасини истамаган бўларди. Аммо Аллоҳ эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам мижозига шаҳватни қўшиб берканки, ана шу шаҳват тақозосига кўра улар бирга бўлишни истаб, оила қурадилар. Шу сабабли башарият насли Аллоҳнинг иродасига кўра охиратгача сақланиб қолади. Шаҳват тақозоси деганимиз бир сабаб. Аслида оила қуришни, насл қолдиришни Аллоҳ ирода этган, бандаларга фарз қилган. Бақара сурасида бундай маъноларни ўқиймиз: «Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади (бу билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао – фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда). Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили – фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қўрқинг, унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин».

Демак, уйланиш ва оила қуриш иймон талабларидан бири экан. Буни дунёвий мисол билан шарҳласак: бир одам ижарага ер олди, деҳқончилик қиламан, дегани учун унга банк маблағ ҳам берди. Аммо бу одам ваъдасига хиёнат қилди. Ерга қарамади, маблағни бошқа нарсага сарф қилди. Мамлакат қонунига кўра, у жиноий жавобгарликка тортиладими, қамаладими? Демак, эрлик қувватига эга одам бу қувватни ишлатишда Лут қавмига ўхшаса ёки бошқа бузуқликлар қилса, Аллоҳ белгилаган қонунга хиёнат қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади.

Анас (р.а.) ривоят қилган бир ҳадис бор. Набий (с.а.в.) дедиларки: «Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Аллоҳдан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас». Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир», деб марҳамат қиладилар. Уйланишни истамаганлар илоҳий қонунларга қарши иш тутганлари сабабли Пайғамабаримиз алайҳиссалом шундай қаттиқ ҳукм чиқарганлар.

Саид Абу Ҳилол (р.а.) ривоят қилишларича, Набий (с.а.в.) «Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларки, қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан», деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳоли ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: «Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!» деб жар соладилар.

Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги, яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 милён, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 милён экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 милёнга етибди. Франция аҳолиси эса 39 милёнга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 милён ошганлари ҳолда, французлар 11 милёнга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: «Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак».

Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом этирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 милён, Германияда 76,5 милён Францияда эса 53 милённи ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай, уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи милёнлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримизнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглизларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганларнинг йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этишяпти.

Келинпошша, сиз ёшсиз, дунё янгиликларига бефарқ эмассиз. Энди диққатингизни Германияда чиқадиган «Вельт» газетаси ўтказган бир тадқиқотга тортмоқчиман: бу ижтимоий йўналишдаги тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёлллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандилигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан-йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. «Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?» - «Берлинер цайтунг» газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйган.

Юқорида Россия аҳолисининг камайиб боришидан мамлакат раҳбарияти ташвишланаётганини баён қилиб эдик. 1982 йилда Латвияда бўлганимда, шу ерлик бир ёзувчи «яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди», деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир милённи ташкил қилар, туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак. Иккита фарзанд – ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд – миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила – миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш суръати тезроқ миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, талай халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар, ўзга мамлакатларнинг нуфус масалаларига аралашадилар.

Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам, Православ черкови ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан, хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтиришдан сақланиш шарт.

Хулоса чиқадики, фарзандлар балоғат ёшига етганида уларни уйлантириш (турмушга узатиш) ота-она зиммасидаги фарз, бажарилиши шарт бўлган вазифа. Агар ота-она вафот этган бўлса, бу фарз яқин қариндошлар зиммасига ўтади. Агар улар ҳам бўлмаса, бу вазифани маҳалла, қўни-қўшнилар, дўстлар бажаришади. Ҳозир айрим ота-оналар баҳона топадиган бўлиб қолишган: «Аввал ўқишини битириб олсин», «Бир-икки йил ишласин»... Ўқишни битириш, ишлаш орқага сурилса зарари йўқ. Лекин уйланиш – табиий зарурат, уни орқага суриш оила учун уятли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўйсиз, никоҳсиз, ота-она розилигисиз уйланиб олаётганлар бошқаларга сабоқ бўлмайдими? Бир биродаримиз қизига келаётган совчиларни сабабсиз қайтараверар экан. Айтишича, қизига ҳали мебел олмабди. Шу қизи севган йигити билан мебелсиз, энг муҳими, ота-она розилигисиз никоҳдан ўтиб олса, кимни айблаш керак бўлади? Моддий камчиликни сабаб қилиб, ўғилни уйлантирмаслик ёки қизни узатмаслик гуноҳ ҳисобланади. Чунки Қуръони каримда Аллоҳ бандаларини огоҳлантириб, турмуш қурганларнинг ризқу-насибасини беражагини ваъда қилган.

Оиланинг барпо этилиши гўзал ҳодиса: тўю тамошалар билан нишонланади, бу кунларга йиллаб тайёргарлик кўрилади. Барбод этилиши эса хунук манзара, бунга ҳам узоқ ойлар ёки йиллар "тайёргарлик кўрилади”. Фақат одамнинг ўзи буни сезмайди. Ҳеч ким озгина бирга яшаб, кейин ажралишиб кетайин, деган мақсадда оила қурмайди.
Келинпошша, сиз бу фикрга қўшилсангиз керак?
Лекин...

Davomi bor..
Keyingi mavzu

Еттинчи суҳбат:
Никоҳ


 
Forum » AYOLLAR BO'LIMI » Ayolning jamiyatdagi o'rni » Kelinlar daftariga (Tohir Malik)
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: