• Page 1 of 1
  • 1
Archive - read only
Forum moderator: MASTER, DURDON, SAKINA  
Forum » ARXIV » Yopilgan mavzular » Kutubxona » Andijonnoma (Андижон воқеаларининг илк бадиий мушоҳадаси)
Andijonnoma
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:07 | Message # 1
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
Нодир Шамснинг "Андижоннома" асаридан айрим боблар

Биринчи боб

Аввал бошда фақатгина қўрқув, бутун аъзойи баданини исканжага олган, вужуд нима бўлибди, бутун шуурини, ҳар бир фикр учқунини забт этган чексиз бир қўрқув бор эди. Тинимсиз қуяётган жала, осмон қасирғалари-ю ён-атрофида ўзи каби жон қайғусида чопиб бораётганларнинг ҳайқириқларидан бино бўлган талвасага солувчи бу ҳайвоний ҳис, аслида, ўзи ин қурган вужудни ҳаракатсиз михлаб ташлаши лозим эди, аммо бунга қарама-қарши ўлароқ, айни даҳшат туйғуси унга ғайритабиий тарзда қувват берар ва тинимсиз олдинга, ҳар қандай қадр-қиммат тушунчаларини ер билан яксон қилган бу макондан олисларга қочишга ундарди.


Message edited by Rider - Chorshanba, 13-May-2009, 23:27
 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:09 | Message # 2
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
У шу дамга қадар ўзига нотаниш бўлган (лоақал у шундай деб ўзини ишонтирган) бу шармандали ҳиснинг ҳукмига бўйсунаркан, айни пайтда қўрқув халос йўли ҳам эканига иймон келтирди, илло фақат ўзига ортиқ даражада бино қўйганларгина муҳаққақ ажал қаршисига беҳадик пешвоз чиқадилар, аммо бундайларни у бугун учратмади, демак, ўзи билан бирга аллақайси манзилга муттасил ошиқаётганлар барчаси ҳали эс-ҳушларини еб қўйганлари йўқ, демак, у бошқалар манзарасида ҳали шармисор ҳолатда эмас, демак, қўрқув-халос.

“Бошини бир оз кўтаринглар, бир қултум бўлса ҳам мажбурлаб сув ичгизайлик, аъзойи бадани жиққа тер бўлиб кетибди, томоғи қақраб кетгандир бола бечорани. Оёғини маҳкамроқ ушланг, сиз оғзига қошиқ солиб туринг, тилини узиб олмасин... Қўйворди шекилли. Нафаси маромига тушаётганга ўхшайди. Хайрият.”

“Қаердаман? Намунча тор, бунча очофат бўлмаса бу хона, баданим қақшаб кетяпти, суякларимни ғажиб-ғажиб, қолган-қутганимни туфлаб-қусиб-қайт қилиб яна менинг устимдан кулади-я. Мана шу бир чимдим зимистон зулматга одам боласи қандай сиғиши мумкин, бунинг устига шу чимдим ичида манави юҳо хона ҳам бўлса, у сени тинимсиз ғажийверса, ғажийверса... Бу одамлар ким? Оёқларим, қўлларим оғрияпти, ай бошим, қўйиб юборинглар мени! Танглайимда маъдан таъми.”
 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:10 | Message # 3
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
“Яна бошланяпти! Бўшатманглар, қаттиқроқ ушланглар, билакда қувват борми ўзи?! Бунақада бирор жойини майиб қилиб олади-ку.”

Қачондан бери тинимсиз қуяётган жала ҳар жойда кўлмак ҳосил қилган, бу кўлмакларда типирчилаб ётган кўйи умумҳайқириқларга улуш қўшишга тиришаётганлар зум ўтмай яна оёққа турар ва жаҳаннам манзарасини олган бу маконни ортда қолдиришга интиларди. Булар ўзлари каби бошқа интилаётганлар издиҳомига нечанчи маротаба дуч келиб, туртиниб йиқилар ва яна қайта оёққа қалққани ҳамон, аввалги қочқин йўналиши пароканда бўлиб улгурган эса-да, дуч келган томон қочарди. Шу тариқа савалаб ёғаётган ёмғир ва аллақаерлардан келаётган қасирғалар таъсирида бу улкан издиҳом аллақандай марказдан қочувчи йўналишлар мажмуига айланганди. У ўзи ўша марказдан қочаётган қай бир йўналишга тааллуқли эканини англамас, зотан англаш эмас, ҳатто бирламчи ҳисларни қайд этиш фурсати эмасди. Биргина ибтидоий ҳис ҳукмрон эди—қўрқув ва бу ибтидоий (ҳайвоний деб ўқилсин) қўрқувнинг ҳосиласи ўлароқ яна фақат таҳлика ва саросима бор эди.
 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:11 | Message # 4
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:


Аммо анави болакайнинг қўлида шуъла таратаётган нарса нима бўлдийкин? Нақадар кўзни олувчи шуъла. Ахир атроф зим-зиё зимистон, бу ёруғлик манбаи недан бўлса? Шу алфозида, таҳлика исканжага олган ҳолатида қочиб бораркан, энди атрофга қарай бошлади—не кўз билан кўрсинки, бирин-кетин бошқаларнинг ҳам кафтларида тугилган мушт ҳажмида дум-думалоқ шуълалар пайдо бўла бошлаган, яна таажжубланарлиси—ҳамон кўлмакли ҳандақларга қулашда давом қилса-да, одамлар ана шу шуълаларни авайлашга интилаётган, кимдир қўйнига, яна кимдир чўнтакларига яширишга тиришарди. Аммо бу яширишларнинг нафи камроқ эди—ҳали у, ҳали бу ерда кимнингдир қўлида ёна бошлаган навбатдаги шуълалар эвазига айни жаҳаннам макони кундуз каби, ундан-да равшанроқ ёришиб борарди.

“Чироқни ўчирсанглар-чиии! Кўзларимни кесиб юборгудай бўляпти. Онам қани, отам-чи? Уларни чақиринглар. Худо ҳайрингни бергурлар, унгача чироқларни ўчиринглар.”

“Дарпардани яхшироқ тортиб қўйинг, офтобга тоқат қилолмаяпти шекилли, бечора жуда қийналиб кетди. Ишқилиб, дардини берган—дардини ўзи олсин.”

Чор-атроф тобора равшанроқ ёришиб бораркан, иттифоқо ўз қўлларига қаради—бир кафт, дум-думалоқ шуъла. Бу бир мўъжиза эди, бу бир инъом эди—энди унинг ҳам ўз шуъласи бор! Бу орада эса, талотўпда бир-бирини йўқотганлар аллақандай савқи табиий билан (эҳтимол, ҳар кимнинг қўлида ўзига хос нур таратаётган шуъласи туфайли) бир-бирлари томон интилар ва бир-бирларини топишарди. Ҳов ўша болакайнинг қўлида илк бор ёнган шуъладан бошлаб шу вақтга қадар қанча фурсат ўтганини ҳеч ким билмайди—эҳтимол бир неча дақиқа ва, эҳтимол, сониянинг бир улуши ўтгандир, аммо айни фурсат бўлаги гўёки борлиқда бир муҳофаза бўшлиғи, бир вакуум ҳосил қилгандек эди—шу фурсат бўлагига жойланган вақт ичида адашганлар, йўқолган ва йўқотганлар бир-бирларини топган, аввалги парокандалик барҳам топиб, яна барча бирга эди. Устига устак, қўрқув ҳисси аллақаёққа ғойиб бўлган, ҳозиргина жон талвасасида бўлганларда нимагадир нисбатан аллақандай умид уйғона бошлаган эди. Аммо зум ўтмай атрофни қўпоргудек бўлиб таралган навбатдаги қасирға барчасига барҳам берди.

“Амаки, бир бу йигитга эмас, ҳаммага ҳам қийин. Бу муҳожирлик, бу мусофирлик, бу ватансизлик тобора оғир ботяпти. Уззу-кун у ёқда қолган ота-она, оға-ини-ю фарзандларни ўйлайвериб, соғинавериб, ақлдан озиш ҳеч гапмас экан. Агар ишонсангиз, тўғриси, ухлаганиям қўрқиб қолганман, кўзим илинди дегунча бақир-чақир ва отишмаларни туш кўраман. Жоним халқумимга келиб, шаррос ёмғир остида орқа-олдимга қарамай қочавераман-қочавераман. Даҳшат ичида уйғониб кетганимда эса бутун баданимдан жиққа тер оқаётган бўлади. Мана, неча йилдирки айнан бир хил туш, атрофимдаги кўланкаларнинг ҳайқириқлари, қуроллар ола-тасири.”

 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:13 | Message # 5
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:


Чор тарафдан эшитилаётган қуролларнинг қасир-қусури ўз ҳосилини йиғиштиришга аввалгидан-да жадалроқ киришган эди. Бир фурсатлик муҳофазадан сўнг атрофдагиларнинг қалбига яна ўша таниш ваҳима ин қурган, аммо бу сафар қўрқувнинг сурати бир оз ўзгача, таъбир жоиз бўлса, бир қадар таҳрир қилинган эди. Бу гал барчанинг асос-эътибори ҳар бир каснинг кафтлари ёхуд қўйинларидаги шуълаларга қаратилган, шуълаларни асраб-авайлаш устивор мақсад касб этганди.(?) Оломон устига зимистон қўйнидан худди мана шу - - - - - - - - - - - - оралиқ чизиқчалар каби ёғилаётган ўқлар ва момоқалдироқ гумбурлари-ю яшинлар жўровозлигида осмондан неча фурсатдан буён қуяётган жала гўё ўзаро иттифоқ тузган эди—улар кафтлару қўйинлардаги шуълаларни баҳамжиҳат бирин-кетин сўндиришга қасд қилган эди. Ана, ўққа учган кимнингдир шуъласи сўнди, яна кимдир бежон қулади. Шу тариқа бу маконни яна қайта шуъласизлик, зим-зиё зимистон чулғай бошлади. Атрофда ҳайқириқ, талваса, зулумот. Балчиққа қоришиб бораётган ҳайқириқлар. Ёнарқуртлар каби аранг судралаётганлар фурсат пойлаб, жон ҳолатда ўзларини ҳар қаёққа ура бошлайди.

“Кечагина уй билан телефонлашдим. Кекса онам билан узоқ гаплашдим, “қачон келасан ўзи болам, мана, бугун чиқиб кетганинггаям роса фалонча кун бўлди”, дейди бечора. Онам йўлимни пойлаб ҳалиям кун санаяпти экан. Ўзи бу ерларда юриб, одам бир ғалати нарсаларни ўйлайдиган бўлиб қолади, шекилли. Мана, қаранг, одатда, бирор фалокат натижасида, айтайлик, зилзила туфайли соатлар юришдан тўхтаб қолади. Мана шунга ўхшаган офатларга бағишлаб яратилган ёдгорликларнинг кўпларида айнан юришдан тўхтаган соатлар тасвирланади. Нега, нима учунлигини авваллари ўйлаб кўрмаган эканман, энди тушуняпман. Ҳаракатсиз қотган соатлар фожианинг бошланган вақтини аниқ-тиниқ кўрсатиб туради, шу билан бу фожианинг чиндан ҳам содир бўлганига гувоҳлик бериб туради. Менимча, ўша кундан бери менинг ҳам ичимдаги соат тўхтаб қолганга ўхшайди. Инсон бўлиб бунча қон, бунча дод-фарёдларни кўраман, деб ҳеч ўйламагандим. Мана, ҳар қанча ҳаракат қилмай, бу соат қурғурни қайта юргиза олмайман, бу ерларда жоним хатарсиз бўлсаям еганим ичимга тушмайди, ҳеч нарса татимайди.”

 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:15 | Message # 6
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
Аслида, дастлаб ҳеч ким ишонмаганди, ҳеч ким хаёл дарвозаси ёнига ҳам келтирмаганди, ўкириб келаётган автолар ичида чўк тушган аскарлар ҳоким саройи қаршисида тўпланган оломонни, бири қўйиб, бошқаси минбарда сўз айтишга талпинаётган, неча замонлардан буён ичларда йиғилиб қолган арз-додларни ниҳоят баралла айтиш фурсати келганидан сархуш ва демакки, яхши кунлар келишига ўзларида умид сезаётган одамларни шундоққина, ҳеч бир афсус-надоматсиз ёинки бир туки ҳам қилт этмасдан ота бошлашини ҳеч биров тахмин қилмаганди. Эрталабдан бир неча киши аллақаёқдан отилган ўқларга учган бўлса-да, бирваракайига режали асосда қирғин уюштирилишига ақл бовар қилмасди. Ахир биз ўн-ўн беш эмас, юзтамиз, мингтамиз—бунинг учун чексиз ҳад керак, кимнинг ҳадди сиға олади?! Бир товуқни бўғизласанг, ваҳимаси оламни бузади-ку ахир?!

Кейин… бир қочқин бошланди. Кўп ўтмай бу ҳаракат аввалги хонликлар замонидаги бир шикор шаклини олди, бу гал ўлжа беозор паррандалар эмас, балки омонлик истаб бораётган бир издиҳом оломон эди. Сал ўтмай тузоққа маҳкам тушган издиҳомда, олатасир ўқлар ёмғири ва тинимсиз қуяётган жала туфайли, мислсиз парокандалик содир бўлди.

Кейин… бир қочқин бошланди
Кейин… бир қочқин бошланди

У айни парокандалик ичра бораркан, шуълалар пайдо бўлиши манзараси-ю аллақандай куч таъсирида муваққат муҳофаза воқеъ бўлганига гувоҳ бўлди, сўнгра яна ўша қасирғалар, ўша фарёдлар, балчиққа қоришиб бораётган фарёдлар. Аслида бу қочқиннинг адоғи борми, нақадар имиллайди воқеалар, ўзи айни пайтда иштирок қилаётган, аслида иштирокдан қочиб бораётган бу воқеа манзаралари нақадар имилламаса. Нақадар инсон қадрини ер билан яксон этувчи сусткашлик. Баайни айнан ажал манзарасини матога нақшлаб, ўлмас асар яратишга чоғланган мусаввир буюртмасини амалга оширишга масъул сусткашлик. Сусткашликки, аллақайда пистирмада ётган аскар тарафидан узилган ўқнинг нишонга қадар бўлган бутун масофа давомида ёмғир ва фарёдлар билан тўйинган ҳавода узлуксиз бир ғовак найча шаклида нақш пайдо қилиши ва алалоқибат омонлик илинжида балчиқдан бошини кўтараётганнинг қоқ пешонасига аста-аста, аммо беомон сингиб-ботиб бориши, айни пешона соҳибининг чеҳрасида адоқсиз алам белгиларининг сизиб чиқиши ва аллақанча фурсат ўтгач эса сония аввал кимсанинг боши бўлган нарсанинг чор тарафга сочилиб кетиши.


(Хунрезликнинг эртаси куни мен ҳамроҳим билан Чўлпон шоҳкўчаси бўйлаб борардик. У ерда биз даҳшатли манзарани кўрдик, бунинг даҳшатини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Асфалт кўчада ҳалқоб-ҳалқоб қон кўлмаклар ҳосил қилган, инсон миялари бўлаклари ҳар жойда сочилиб-ёпишиб ётарди. Яна бетартиб сочилиб ётган аёллар шиппаклари-ю мажақланиб кетган шамсия соябонлар бу ерда чинакам қирғин бўлганига гувоҳлик бериб турар, аммо атрофда жасадлар кўринмасди. Жасадларни кеча тундаёқ аллақаёққа олиб кетишганди.—матбуот хабаридан.)
 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:18 | Message # 7
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
“Бу бир туш эди, неча замонлардан буён деярли ҳар тун кўраётганим тушнинг қарийб ўзгинаси, аммо ҳар кун (кимдир) сезилар-сезилмас ишлов бериб турадиган тушнинг қарийб ўзгинаси эди. Ажнабий шаҳарнинг бундан-да ажнабий, бегона кўчаларида кезарканман, осмон кўксига найза қадаган бинолар пештоқларига битилган ёзувлар ва кўча номларини ҳижжалаб ўқийман. Қачондан буён бу машғулот мен учун маҳаллийлар сўзлашадиган, овоз пайлари шамоллаган каби алланечук товушларга ружу қўйган “autochtoon”лар (аутохтоонлар) забонини эгаллаш воситасига айланган. Мана, Damrak, Kalverstraat, Waterlooplein. Яна бошқаларининг номлари--Weteringsplantsoen ва Oudezijds Voorburgwal. Пештоқлардаги ёзувлар ҳам турфа хил—“Welkom bij ons!” (“Хуш келибсиз!” ёки жайдари таржимаси “Тортинмай кираверинг!”), “De lekkere meiden voor jou!” (“Жононлар хизматингизга мунтазир!”). Яна ҳар қадамда “Coffeeshop” ёзувли дўкончалар. Бу юртга келганимизнинг дастлабки пайтларида чиндан (ўнгимда) юз берган воқеа (тушимда) ёдимга тушади. Бир гал аборигенлар шаҳрини тадқиқ қилишга бел боғлагандик. Ҳамроҳлар билан шаҳар бўйлаб кўп юрдик, бир маҳал кимдир бир оз нафас ростлашни таклиф қилди ва маҳаллийлар одатига кўра қаҳва ичишни лозим топдик. Шу яқин орада кўзга ташланган қаҳвахонани топиб боргач, пештахта ортидаги хонимга (бир амаллаб) ниятимизни маълум қилдик. Хонимнинг юзларида аллақандай маҳаллий ишорат ва белгилар пайдо бўла бошлади, аммо биз зўр бериб истагимизни уқдиришдан қолмасдик. Алалоқибат, қаҳвахона бекаси шу ерда ўтирган бир қиёфадошимизни кўмакка чорлади. Айни турк биродарнинг бизга айтишича, бу ерда фақат ичиш мумкин экан, бизнинг ҳам ниятимиз шу эди, ахир. Бу орада эса бу ягона тилмочнинг ҳам ҳаракатлари зое кетганини англаган кунда-шундалар ҳар тарафдан бизни исканжага ола бошлади, ҳар бирининг қўлида тутун бурқсиётган найчалар, татиб кўришга астойдил ундашга чоғланишганди. Биз эса, албатта, бу ердан қўлни силтаб, ортга равона бўлгандик.

Агар яна тушга қайтар бўлсак, мен тушларимда бу ажнабий шаҳар кўчалари бўйлаб юрарканман, ўша турфа ёзувларга кўзим тушади, ичкаридан алвон нур таратиб турган ҳажмдор ойнаванднинг шундоққина сиртига битилган айримларини ҳижжалаб, тушунишга астойдил уринаётганимда эса дафъатан дарпарда кўтарилади ва ичкарида яққол ишоралар қилаётган шир яланғоч ойимча пайдо бўлади. Сўнгра қўшни дарпарда кўтарилади—у ерда ҳам худди шундай ойимча, сўнгра нариги дарпарда, яна, яна, яна—ҳижолатдан ерга киргудек бўлиб нари қочаман--қип-яланғоч хонимлар маконларидан ташқари отилиб, ортимдан қах-қах отиб кулишади, устига устак, бу мавзени тўлдирган шинавандалар ҳам уларга жўровоз бўлади. Мен эсам муюлиш кетидан муюлишни ортда қолдириб, бир-биридан фарқ қилмас торкўчаларда батамом адашаман. Иттифоқо ёҳуд дафъатан навбатдаги муюлишдан бошларида сават кўтарган оппоқ рўмолли аёллар издиҳоми кўринади—бу манзарадан жойимда тек қотаман. Улар яқинлашаркан, беихтиёр ҳар бирига елка тутаман, яхшимисан, болам, кўринмай кетдинг, Салтанат момонг неварасини чиқаряпти, ашинга йўқлагани боргандик, мана сенга тўй нони. Улар йўлида давом этишади, қўлимда нон билан маҳаллага кириб бораман, негадир инсон зоти кўринмайди, ҳамма Худоёр отаникига ҳашарга кетган бўлса керак, неча йилдан бери Никалей замонидан қолган уйини янгилайман деб юргучи эди. Ўша тарафга йўл соламан, йўлда борарканман, шом туша бошлайди, осмонни зимистон булутлар қоплаб, аллақайдадир қасирғалар эшитилади, юракка ғулу тушади. Бир маҳал зимистон ичидан тумонат оломон фарёдлар билан мен томон ёпирилиб кела бошлайди, ҳар бирининг кафтида сокин шуъла таратаётган алланарса. Зум ўтмай тумонат ичра қоламан ва мўъжиза—менинг ҳам кафтимда бир шуъла ёриша боради. Бир қўлимдаги шуълага, бир рўпарамда бехос пайдо бўлган аскар ўқталган қуролга тикиламан. Қурол менга йўналтирилган, унинг ўлжасига айланганим шаксиз—мана, ҳозир гумбур эшитилади ва парда ёпилади. Аммо намунча имилламаса, кутиш нақадар азоб... ”

Майдондан чекинаётганларнинг миқдори бир неча минг эди


 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:22 | Message # 8
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
“Бояқиш алаҳсираяпти. Иситмаси жуда баланд-ку, буларнинг “Тез ёрдам”и қачон келаркин, хабар олдингларми?”

“Receptionдагилар айтишяпти, ҳозир келиб қолади, касалхонага кетишга тайёр бўлиб турсин дейишяпти.”

Беаёв қирғин, беомон қочқин қанча давом этганини билмайди. Билгани фақат шуълалари аллақачон сўнган ёхуд сўнгги нурлари бир маромда зимистонга сингиб бораётган жасадлар аро ётаркан, ич-ичидан келаётган телбанамо фарёдни тўхтатишга интиларди. Атрофида воқеъ бўлган манзаранинг рўё эмас—чинлигига ишонишга шуури йўл қўймас, танини ҳаёт тарк этган инсон жасади бу қадар хунук, бунчалар пажмурда бўлишига ақли бовар қилмасди. Ана, чақалоғини қўллари билан пана қилаётган каби қулаган жойида тош қотган аёл. Унинг ўнг юзи асфалтга ёпишган, оёқлари эса ўнг тарафга қийшайиб қолган. Бири қуйини, бошқаси эса юқорини кўрсатаётган қўллари билан нимага ишора қилаётган бўлса? Чамбарак ёхуд кўҳна ҳиндовий рамзга айланган жасад. Во дариғ, чақалоқнинг қўллари қани?! Анави, афтидан сония аввал ўққа учган ва бошининг бир қисми ўпирилиб кетган одам чалқанча тушган кўйи бунча дир-дир титрамаса! Ажал рақси. Нимчорак, чорак, ярим-ёрти таналар. Бошсиз, қўлсиз, оёқсиз таналар. Пажмурда жасадлар.

(“Аскарлар ҳокимият қаршисидаги майдонни ўққа тутгач, одамлар у ердан қоча бошлашди. Аммо барча кўчалар тўсиб қўйилган, шунда оломон ягона очиқ йўл туйилган Чўлпон шоҳкўчаси бўйлаб юрди. Улар орасида бир қанча қуроллилар ҳам бор эди, афтидан, ҳокимиятни ишғол қилиб туриш ортиқ бефойда эканини тушунган “акромийлар” ҳам кетишга қарор қилишганди. Майдондан чекинаётганларнинг миқдори бир неча минг эди. Аммо сал ўтмай рўпарада БТРлар турганини кўришди. Чўлпон кинотеатридан ўтилиши ҳамон ҳеч бир огоҳлантиришсиз ҳарбий машиналардан бирваракайига ўққа тута бошлашди. Аёллар ва болалар доҳил юзлаб одам ўша жойнинг ўзида ер тишлади. Сўнгра аскарлар бирма-бир юриб, жон талашиб ётган ярадорларни, ёш болаларни “тўла кафолат” учун отиб чиқишди. Бу газандаларни ким туққан, уларнинг ҳам онаси борми?!”—шоҳид ҳикояларидан)

Пажмурда жасадлардан, қўллари, оёқлари ва бошлари қўпориб ташланган таналардан оқаётган қонлар қачондан бери тинимсиз қуяётган жала билан омухталашиб, ўйдин-чуқурларни тўлдирган, ундан ҳам тошиб, йўл четидаги ариқ сувларини кўпиртирганча аллақаёққа шошади. Тиним билмай қуяётган бу жала ва унга жўровозлигини бас қилмаётган чақинлар аслида нима эди? Тангри бу шармандали фожеа таассуротини чандон ошириш учунми қирғин маҳали ўз офатини ерга йўллади ёҳуд бу ерда қақшаган одамлар қонини ҳар қатрасига қадар, увол бўлмасин учун, асил жойига тезроқ элтиш истагими эди бу? Эҳтимол, бу қирғинбаротда чироғи сўнган лоақал ўша чақалоқ қисматига нисбатан Унинг қайғуси эди бу манзара.

Шуурда яшин каби чақнаган бу ўйлар ўша пайтда, жасадлар билан лиммо-лим ўша жойда унинг хаёлидан ўтдими ёки йўқ—номаълум. Балки, буларни ўша машъум дақиқаларни муттасил хаёл чиғириғидан ўтказиш, ўтказавериш дардига мубтало бўлган кунларнинг аллақайси бирида ўйлагандир, аммо нима бўлганда ҳам ўшанда ёки ҳозир мурдазор ичра ётаркан, пароканда таналарнинг беўхшов кўриниши ва... ва қон ҳиди, май қуёшида кун бўйи тобланиб, энди эса ёмғирни ўзига эмаётган асфалт қўлансаси билан омухталашган қон ҳиди уни батамом ақлдан оздира бошлади. Яқинлашиб келаётган телбалик сўқир тишларини беомон ботираётганини сезди ва ҳали-бери тинай демаётган осмон қасирғаларини-да, ярадорларнинг оҳлари тингач, атрофга иниб бўлган сукунатни-да қўпориб юборар даражада бир фарёд бўғзидан отилиб чиқди.

 
RiderDate: Chorshanba, 13-May-2009, 23:24 | Message # 9
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:


“Rustig aan, schat. Alles komt goed. Willen jullie hem vast houden?”—Ажнабий юртнинг малласоч ҳамшираси уни эркалагансимон тинчлантиришга уринар, ҳамширанинг овози алланечук хуш ёқа бошларкан, жиллақурса унинг ҳафсаласини пир қилмаслик учун ҳам навбатдаги жазавадан жунбушга келаётган вужудини жиловлашга тиришарди. Тиришқоқлиги муваққат самара берар, шунда атрофни кузатишга бошларди. Касалхонанинг шинамгина хонаси. Ётган ўрнининг бош тарафида митти чироқлари тинимсиз милтиллаётган аллақандай ускуна. Ҳозиргина мулойим овозини эшитган ҳамшира билакларини пайпаслаб, йўғон томирини излаш билан овора. Қўллари увушиб оғрий бошлади, уқалагиси келди. Шундагина оёқ-қўллари ўринга боғлаб қўйилганини билди. Силтаниб, қўлларини бўшатмоқчи бўлди, бўлмади. Ҳаракатга келганини сезган ҳамшира унга қараб жилмайди. Ҳамшира хонани тарк этишини кутиш лозим эди. Томирларига дорини йўллаб бўлгач, алланарса деб чиқиб кетди. Бу чулчитларга тушунтириб сарсон бўлгунча ўзи ҳаракат қилгани маъқул. Қўлларидан кор бўлмагач, оёқларини галма-гал силтай бошлади, бунча қаттиқ боғлаб ташлашмаса, жиннихонада ҳам бундай қилишмайди. Шу зайл чиранишда давом қиларкан, бу орада унинг бу ҳаракатлари вақтинча оромга кетган вужуд жазавасини уйғота бошлаганини билмасди. Шуурининг қай бир қоронғу нуқтасида қайта бошланган дард жилвалари шитоб билан барча ҳужайраларига, барча мускул пайларига дарак бериб улгурган, боғичдан бўшаш уринишлари навбатдаги даҳшатли талвасага ўсиб ўтганди. Яна зулмат, зим-зиё зимистон.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:39 | Message # 10
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Иккинчи боб

Шифохонадан рухсат бўлиб, ўзи вақтинчалик жойлаштирилган бошпана изловчилар марказига келгач, қўлига бир парча қоғоз тутқазишди. Хат хорижийлар билан ишлаш идорасидан бўлиб, уни навбатдаги суҳбатга таклиф қилишаётганди. Маълум қилинишича, суҳбат келгуси ҳафта, фалон кун, фалон соатга белгиланган ва хат “муҳтарам зот, агар айтилган манзилга айтилган вақтда етиб келмасангиз, бошпана сўраб қилган илтижоингиз ножиддий, деб қабул қилинади ҳамда бундан келиб чиқадиган оқибатлар учун фақат ўзингиз масъул бўласиз” қабилидаги пўписанамо оҳангда якунланганди. Нақадар назокатли пўписа. Умуман, ушбу юртга келиб, бу ғаройиб ажнабий лаҳжани тезроқ эгаллаш лозимлигини сезгач, енг шимариб мутолаага киришиб кетди, аллақанча луғатларни “ҳатм” қилиб туширди. Бунисига ҳам қаноат қилмасдан, кўча-кўйда дуч келган “аборигенлар”ни, аксар ҳолларда малласоч хонимларни ҳоли-жонига қўймайдиган бўлди—мана бу манзилга қандай бориш мумкин, соатингиз неччи бўлди, камина билан бир пиёла қаҳва ичишга тобингиз қалай??? Албатта, унинг абгор шеваси кўпинча кутилган натижани беравермас, пайдар-пай берилган саволларига жавоб тариқасида аксар ҳолларда бурун жийиришларни қабул қилиб оларди. Аммо ҳарқалай қўлтиқдан тушгани қўнжида қолди—тез орада анча-мунча қисматдошларни забонбилгичликда ортда қолдирди, муҳими, баъзи расмий ёзишмаларни ҳам ҳаминқадар тушунадиган бўлди, камига эса ўзи яшаб турган хонанинг аввалги соҳибидан қолган луғат хизматига мунтазир.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:39 | Message # 11
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Вазият жиддий эди—эҳтимол, айни суҳбат қочқинлик мақомини олиб, бу ерларда хатарсиз яшай бошлаши учун ҳал қилувчи бўлар. Шу сабаб бўлажак саволларга жавобларни ҳозирдан пишитиб олиши керак эди. Қоғоз-қаламни тахтлаб, ўтмиш-кечмишини баён қилишда давом этди. (Қаҳрли қирғиндан омон чиққан қаҳрамонимизнинг хорижийлар идорасига ёза бошлаган ушбу кўламдор мактуби бир бадиий асар таассуротини уйғотувчи ташбеҳлару нозик услубдан анча йироқ эди, албатта. Бу ўринда эҳтимол тутилган асар муаллифи деган салмоқли унвон кафолатлайдиган ҳуқуқлардан фойдаланиб, қоғозга тушаётган унинг хотираларини мутлақо таҳрир ғалвиридан ўтказишга тўғри келди. Шунингдек, (аввалги бобдан фарқли ўлароқ,(чунки аввалги бобда айни услуб табиийроқ эди)) бу гал (ҳам) матн ораларига жойланаётган матбуот хабарлари ёҳуд қирғин шоҳидлари ҳикояларини, айрим ҳолларда эса фотосуратларни ҳам, қаҳрамонимиз ўз кўргуликлари ишончлилигини, айтиб ўтилган ўша идора мулозими қаршисида, яна бир карра тасдиқлаш учун тиркаётган иловалар тарзида тушунилсин.)
“Муҳтарам жаноб, ўшанда қачондан буён тинимсиз ёғаётган жала туфайли ивиб битган каби осмон қўпорилиб, устимга қулаганини сездим. Лаҳза ичида зимистон ичра қолгандим. На ўлик, на тирик эканим даргумон алфозда жасадлар орасида қанча вақт ётганимни билмайман. Эртасига нотаниш бир пастқам кулбада ҳушимга келдим. Уйда ёшлари бир жойга бориб қолган чол-кампирдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ўзимга келганимни кўрган кампир ёшига ярашмаган чаққонлик билан ўтирган жойидан туриб, бир коса яхна чой тутди.

‘Вой бола бечора-я, туни билан алаҳсираб чиқдинг-ку.’

Андижон марказидаги Бобур майдони. 2005 йил 13 май
Ҳаммаёқ дув-дув гап бўлиб кетди—одамлар қўзғолон кўтарибди, қамоқда ётганлар эркинликка чиқиб, ҳаммани ҳокимиятга чақиришяптикан, деган.
‘Қаердаман, кимсизлар, ўзи нима бўлди менга?’ -деб сўрадим.- Айтишларича, улар мени кечқурун дарвозалари ёнидан топиб, уйга олиб киришган, агар ўзимга келавермасам, дўхтирхонага олиб боришни режалаб туришган экан. Мен эсам бўлиб ўтган воқеани зўр бериб эслашга уринарканман, хаёлимда жонланаётган манзараларни алаҳсирашларга тўла бу туннинг маҳсуллари деб ўйлардим. Кампир гапида давом қиларди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:40 | Message # 12
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
‘Ўғлим бозорда майда-чуйдалар билан савдо қилади. Кеча ҳаммаёқ дув-дув гап бўлиб кетди—одамлар қўзғолон кўтарибди, қамоқда ётганлар эркинликка чиқиб, ҳаммани ҳокимиятга чақиришяптикан, деган. Ўғлимизни кун бўйи кутдик, ана келиб қолар-мана келиб қолар деб. Кечки пайтги тасир-тусурда чол иккимизни аҳволимизни кўрсанг эди. Бир пайт чол кўча эшикдан хабар олгани чиқса, дарвозамизни тагида бир йигит ётганмиш, шошиб-пишиб уйга обкирдик. Болам қайларда юрибди экан-а, ола-тасирда жувонмарг кетди, жувонмарг!’-кампир енги билан кўзларини артиб, унсиз йиғлай бошлади. Бу пайт тонг ёришиб келаётганди. Ота-онам ёдимга тушиб, чол-кампир билан хайр-хўшлашдим-да йўлга тушдим. Уйга қайтарканман, кечаги воқеалар бутун даҳшати билан ёпирилиб келди, оқшом ва жала қўйнидаги ўша қирғин чиндан ҳам содир бўлганига, менинг ҳаётимда, мен яшаётган мана шу шаҳарда, мен таниган ва танимаган одамлар билан юз берганига зиғирча шубҳам қолмаганди. Мен, ота-онамнинг ёлғиз фарзанди, ҳали бирор қизнинг қўлини ушламаган мен ана шу қиёмат қойим чоғи ҳаётимга нуқта қўйилишига имоним комил эди, аммо қандай соғ-омон чиқдим? Бу саволга жавоб шарт эмасди.
Шундай қилиб, ортга қайтарканман, йўлим барибир ўша кўча орқали эди. Сал ўтгач, шу яқин атрофда одамларнинг ҳайқириғини эшитдим, наҳотки, даҳшатнинг давоми борми яна? Муюлишлардан пусиб-яшириниб, овозлар келаётган жойга етдим. Не кўз билан кўрайки, рўпарамда БТР пайдо бўлди, ортидан аллақанча аскарлар қуролларини шай қилиб келишарди. Тамом, деб ўйладим, улар атай мени қўлга тушириш ёки ўлдириш учун келишяпти, чунки мен уларнинг қотилликларига гувоҳман. Лекин, ажабо, шоҳкўчани тўлдирган оломонни кеча киприк қоқмасдан қириб юборган, тиш-тирноғигача қуролланган бу аскарларнинг кўзларида энди бир қўрқув, ҳайвоний бир қўрқув бор эди. Уларни аксари аёллардан иборат ва қўлларида тош кўтарган оломон таъқибга олган эди.


(Аскарлар қўлларидаги автоматларни ҳар тарафга йўналтирганча ярим доира шаклида чекинишарди. Ўн беш қадамлар ортда келаётган аёл ва эркаклар уларга лаънат ёғдиришарди: “Қотиллар, одамхўрлар! Ўз халқингни қирасанларми!” Аскарлар тошбўрон қилинаётган эди. Шундай бўлса-да улар жимгина ортга чекинишар, аскарларнинг ҳам, таъқибчиларнинг ҳам қиёфаларини тасвирлаш мушкул эди—одамлар қаҳр-ғазабдан жазавага тушган, ҳарбийлар эса қўрқув ва ё гуноҳ ҳиссидан талвасада эди.-матбуотдан)
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:41 | Message # 13
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Аскарлар кўздан ғойиб бўлгач, қирғин жойига яқинлашдим. Кечаси билан жала тўхтамай ёққан бўлса-да, атрофда алвон-алвон кўлмаклар, мия бўлаклари, ичак-чавоқлар. Аммо жасадлар йўқ эди. Шу ерда тўпланганларнинг айтишича, тонг ёришмасидан аввалроқ жасадларни юк машиналарига юклаб, аллақаёққа олиб кетишган, кўздан нарида бўлган саноқлиларигина қолган ва уларни ўз яқинларини топиш умидида бўлганлар ўраб олганди. Манзарага ортиқ тоқат қилолмадим, тезроқ уйга етиб бориб, онамнинг бағрида тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Йўлда кетарканман, торкўча маҳаллалардан чиқиб келаётган одамлар оқими тинмасди. Улар бугун ҳам майдон томон ошиқар, кечаги кун айнан такрорланаётган каби эди. Кеча қирғинга қадар одамлар юзларида ҳадик аралаш аллақандай кўтаринкилик намоён эди, аммо бугуннинг кайфияти қайғу ва қаҳр-ғазаб. Кимдир ўғил ёки қизидан жудо бўлган, яна бировнинг эса ота ёки онаси бедарак кетган. Шу тариқа майдон яна халойиқ билан тўлиб-тошди, яна ҳайқириқлар, қотил ҳукуматга лаънатлар йўлланди. Мен эсам уйга қайтишни пайсалга солар, тобора воқеалар оқимига, кайфиятлар домига тушиб борардим. Мана, ўғлини йўқотганларнинг бири фарёд қиляпти, яна биров аскарлар ярадор бўлганларни маҳалла ичларида изма-из қувиб, отиб ўлдирганлари ҳақида гапиради. Яқинларини йўқотган, ҳарбийлар ташлаб кетган жасадлар орасидан кимдир ўғли, кимдир турмуш ўртоғини излаётганлар кулфатига гувоҳ бўларканман, ўзим базўр омон чиққан фожиа кўламини энди аниқроқ тасаввур қила бошлагандим.
(Ҳарбийлар қимирлаган нарса борки, отишди. Маҳалламизда отишма бўлаётган пайт қўшним шундоқ ёнбошдаги уйда яшайдиган бобосидан хабар олгани чиққанди. Бобоси алоҳида яшарди. Ундан хабар олиб қайтаётганди отиб ташлашди. Бечора ётган жойида ёрдам сўраб бақирарди. Бобоси ёрдамга келаётганда дарвозасига қараб отишди—ташқари чиқмасликни буюришди. Толиб қорни ва оёғидан яраланганди, кимдир ёрдам қилганда тирик қоларди. Эртасига унинг жасадини қабристонда қабул қилишмади, ўликхонада экспертизадан ўтказиш керак экан. У ерга олиб бордик, қаердан олиб келдик ва нима бўлди, деб сўрашди. Уйи олдида солдатлар отиб кетишди, деб айтдим. Бир сержант мени чақириб, бир хонага олиб кирди. У ерда беш-олти барзанги ўлар ҳолатга солиб дўппослашди. Тилингни тийиб юр, террористлар отиб кетишди, деб айт дейишди. “Кечирасизлар” дедим. Бошқа нима дердим? Шу кечирим сўраганим учун уларнинг қўлидан қутулиб чиқдим.-шоҳид ҳикоясидан)

Ҳокимият биносини ўраган панжаралар остига йигирма чоғли жасад териб қўйилганди. Эгаси чиқмаган бу ўликлар жанозаси шу ернинг ўзида ўқилиб, шундоққина ҳокимият боқчасига дафн қилинди. Оломон ғазаби ортиб борарди, устига устак, қирғин гувоҳларининг ҳикоялари тенгсиз жаҳолатдан қақшаган одамларда жувонмарг бўлганлар учун қасд олиш истагини жўшдирарди. Кимдир халойиқни миршаблар идораси томон боришга, ўлдирилганлар учун қасос олишга чорлади. Айни пайтда биргина шу чорлов кифоя эди. Одамлар оёққа қалқиб, ўша томон йўл солди. Беихтиёр кечаги оломон билан бугунгисини қиёслайман. Бугун одамлар юзида ҳадик ёхуд кеча ўзим гувоҳ бўлган, ўзим бошимдан ўтказган таҳлика ва ё қўрқувдан асар йўқ, улар ўғил ёки қизи, отаси ёки онаси, набира-ю невараси хунини талаб қилишга қасд этишганди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:42 | Message # 14
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Бу гал ҳам қасос истаган одамлар таъбиридаги қотиллар идораси томон яна айқириб оқаётган бир улкан издиҳом ичра борарканман, қисқа вақт ичида кўрганим кулфат ва фожиалар таассуротида ҳориган шууримдан аллақандай хотираларнинг узуқ-юлуқ парчалари ўтарди. Мана, ҳали чурвақа болакай эканимда отам мени шундай май кунларининг бирида сайилга олиб чиқар, мана, унинг қўлидан тутганча чап қўлимда алвон байроқча билан жўровозда ҳайқираётган издиҳом ичра худди мана шу катта кўчадан юриб ўтардим. Кўча ёқалари ҳам баайни менинг қўлимдаги каби алвон байроқлар билан безанган, қаёққадир оқиб ўтаётган издиҳомни олқишлаганча йўлкаларда саф тортганларнинг ҳам қўлларида алвон матолар ҳилпирайди. Юриш адоғига етиб, барча майдонда саф-саф бўлиб йиғиларкан, аллақандай салобатли амакилар алвон минбарга кўтарилиб, галма гал оташин нутқлар ирод қилишади, атрофда эса нутқларга жавобан яна ҳайқириқлар, ҳайқириқлар. Шу сонияда, важоҳат билан тўлиб-тошиб бораётган айни пайтдаги оломон ичра бораётган менинг хаёлимга шу сонияда, дафъатан бостириб келган бу хотира бўлакларини бугун билан қиёслашга ҳожат йўқ, зотан юзлари ғазабдан бўғриққан бу одамларнинг қўлларида энди ўша алвон матолар йўқ, биз бораётган марказий кўча ҳам байрам манзарасидан йироқ—атрофда куйиб-битган автолар қолдиқлари, йўл бўйидаги симёғоч ва уйлар ҳам ўқлар зарбидан илма-тешик.
(Бир кун уруш бўлган жойдан тезда файз-барака қочар экан. Мен 90-йил худди шу май кунлари худди шу кўчалар
бўйлаб уюштирилган тўполонни яхши эслайман. Ўшанда кўча бўйларидаги иморатлар ойналари чил-чил синдирилган, машина ва дўконлар ёқилганди. Одамлар катта фожиани кутиб, қўрқув ичида қолишганди. Мана, орадан роса ўн беш йил ўтиб, воқеалар яна қайтарилди, лекин бу сафар ҳукумат ҳаддидан жуда ошди—қилгуликни қилиб, у аёл кишими, у ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдакми—ҳаммани жиноятчи деб эълон қиляпти. Ахир жигарингни мана шу ҳукумат одамлари киприк қоқмасдан ўлдириб юборса-ю ва сен бунинг учун ғазабингни билдирсанг, дарҳол жиноятчи бўлдингми, отангни ўлдирганга онангни ҳам қўшиб беришинг керакми? - шоҳид ҳикоясидан.)

Кепатаси ҳар қандай шаҳар кўчаларида эгалик қилувчи ўғри болаларни эсга солувчи бир йигит оломон атрофида зир югурганча, хириллоқ овозда суръатни бўшаштирмасликка, зудлик билан қасос олишга ундайди. Одамларнинг эркаклигига мурожаат қилиб, қарийб сўкиш даражасида даъват қилаётган бу йигитнинг важоҳати шубҳали эди. Рўпарада, осма кўприк қаршисида кўндаланг қўйилган БТРларга кўзим тушди. Шу дам кечаги даҳшатлар хаёли ёпирилиб келди, бутун вужудимни дафъатан яна таҳлика чулғаб олди. Жойимда тўхтадим. Шубҳасиз яна қирғин бўлади, бу гал омон чиқмайман. Оломон ичидан кимдир ғазабни жиловлашга ундади, ақлимизни йиғиб олайлик, ана кўряпсизларми, ҳарбийлар тайёр туришибди, бугун ҳам аямасдан отишади, ҳар хил гапларга учманглар. Шу пайт нарироқда ғала-ғовур кўтарилди, қўлларида микрофон кўтарган бир мухбир пайдо бўлган, одамлар доира бўлиб уни ўраб олганча, бири қўйиб, бошқаси гапирарди. Газандалар ёш болаларни, хотин-халажни киприк қоқмасдан қиргани, тун қоронғусида эса жасадларни машиналарга юклаб аллақаёққа олиб кетишгани, шу билан жиноятларини яширишга уринаётганларини айтишарди. Шунча одам бегуноҳ ўлиб кетаверадими, дерди биров, қандай қилиб шунча одамни ўлимини яшириша олади, ахир мана мен ҳали тирикман, анави отахон бор, анави онахон, манави йигитлар тирик, ҳаммамиз ўғил-қизимиздан, ота-онамиздан айрилдик. Бу дунё қаёққа қараяпти, Анжан аҳли бу ҳароми одамхўрларга емиш бўлиб ётибди-ку, ким ёрдам беради бизга?! Мухбир атрофида шу тариқа чорак соатлар йиғин бўлиб ўтди. Сўнгра ортга қайтилди. Пайт пойлаб, унинг ёнига ўтдим. Қотмадан келган бу мухбирни мен кеча намойиш пайти майдонда, одамлардан интервю олаётганида кўргандим, ака, сиз билан ҳоли гаплашиш мумкинми, гапларим бор эди, дедим. У менга ҳорғин кўзларини қадади, қарашида ишончсизлик ёки ҳатто ҳадик аломатларини сезиш мумкин эди. Узр, вақтим тиғизроқ, деди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:43 | Message # 15
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Учинчи боб

(Воқеалар бошланиб кетган кечадан буён тик оёқда эдим. Ҳарбий қисм ва қамоқхонага ҳужум қилингач, кўп ўтмасдан ўша даҳада яшовчи танишлар басма-басига телефон қила бошлашди, биз томонларда уруш бўляпти, аскарлар уйларимизда яшириниб юришибди, ўтакалари ёрилаёзган. Дабдурустдан ишониш қийин бўлган бундай воқеанинг чинлигини ярим тунда аниқлаш мушкул эди. Айрим “нозик” танишларга сим қоқишга тўғри келди, телефон қилишга топган вақтингизни қаранг, ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб ётибди-ку, кейин гаплашамиз, ишхонага кетяпман. Алоқани узиб қўйди. Бошқаси билан ҳам шундай ҳолат такрорланди, террористлар турмага ҳужум қилишибди, ўзим ҳам ҳали ҳеч нарсани билмайман, э-э (касбим дафъатан ёдига тушди шекилли) сизларга шунақа тўс-тўполон бўлиб турса! Ҳарқалай, қамоқхонага ҳужум бўлганини тасдиқлатиб олдим. Сал ўтмай ҳамкасбларнинг тинимсиз қўнғироқлари бошланди. Воқеалар ривожидан муттасил хабардор қилиб туришлар, шаҳарда ҳаракат қилаётган қуроллиларнинг ким эканини аниқлашга уринишлар. Бу орада эса эндигина кичик чилласи чиққан чақалоқ туни билан биғиллаб чиқди. Аёлим туғруқдан сўнг соғлиги ёмонлашиб, касалхонада ётибди. Кейин айтиб беришича, дастлабки отишмалар у ётган касалхона ёнидаги ҳарбий қисмда бошланган, шу тариқа аёлим ихтиёрсиз тарзда воқеаларнинг дастлабки шоҳидига айланган эди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:44 | Message # 16
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Андижон кўчаларида ўқ овозлари тинмай эшитилар экан, одамларнинг тинчи бузилган, кўп қаватли уйларда ёнмаган чироқ деярли қолмаган эди. Аммо асосий савол жавобсиз эди - қандай кучлар бундай ҳаракатга қўл уришди? Шу кунларда шаҳарда кечаётган маҳкама жараёни хориж матбуотида ёритила бошланган бўлсада, "акромийлар" деб ном қўйилган тадбиркорларнинг бундай кескин ҳаракатга, қуролли қўзғолонга қўл уришлари мумкинлигини тахмин қилиш қийин эди. Аммо айни тахмин маҳкама жараёнида қатнашаётган ҳимоячилардан бири билан сўзлаша олганимдан сўнг аниқлашди. Унинг алам устида менга айтган дастлабки сўзлари айнан мана булар эди: "Одамларни шунчаликка олиб келган ҳукуматга минг лаънат, сабр қилмасдан бош кўтарган “акромийлар”га ҳам лаънат! Уларни ҳимоя қилиб, шунча елиб-югурганларим бир пул бўлди".

Ҳали тонголди қоронғусида қамоқхона томон борарканман, кимдир қўнғироқ қилди, мен ўзингиз билган фалончи аканинг ўғлиман, агар бор воқеанинг чинини билмоқчи бўлсангиз, ҳокимиятга келинг, баёнот бермоқчимиз. Бир амаллаб такси тутиб, ҳайдовчини одатдагидан кўпроқ кира ҳақига рози қилиб, ҳокимлик томон кетдим. Кўчаларни тўлдирган одамлар оқими эски шаҳарга йўл олганди. Ҳайдовчини ҳар қанча қистасам ҳам миршаблар бошқармаси ва хавфсизлик хизмати жойлашган ва бу тунги асосий воқеалар бўлиб ўтган Навоий кўчаси бўйлаб юришни истамади. Аслида ҳам бу кўча бошланишига блокпостлар қўйилган, тўсиқлар ортида қуроллилар шай турарди. Шу тариқа ҳокимиятга орқа томондаги айлана йўл билан боришга тўғри келди. Манзилга яқин қоларкан, ҳайдовчи хавотирлана бошлади: "Кўряпсизми анави йигитларни, автоматлар билан туришибди. Яхшиси, шу ердан қайта қолайлик." У гапини тугатмасидан автомат тутган икки киши биз томонга қурол тўғрилаб югуриб келди. Биз машина ичида ўтирарканмиз, жондан умидимиз бўлса, қимирламаслигимизни ва ҳужжатларни кўрсатишимизни буюришди. Ҳайдовчининг эсхонаси чиқиб кетган, тили калимага келмасди. Ўзимнинг ҳам ҳолатим яхши эмасди - пешонамга тўғриланган қурол қаршисида қолгандим. Ҳарқалай ўзимни қўлга олиб, гувоҳномамни кўрсатиб, журналист эканимни, бу ерга матбуот анжуманига таклиф қилишганини айтдим. Шундан сўнг қуроллилар машинадан ташқарида сабр қилиб туришимизни тайинлаб, телефонда кимлар биландир гаплашишди. Бир оздан сўнг қўлида тўппонча тутган бири бирга юришимни айтди. Мен охирги дақиқаларга қадар бу қуроллилар махсус хизмат одамлари экани, тунда қамоқхонага ҳужум қилган гуруҳ қўлга олинганидан сўнг эса ҳужумчилар сўнгги ўтинч сифатида журналистлар билан суҳбатлашишни сўрашган бўлиши керак, деган ишончда эдим.

Андижон кўчаларида ўқ овозлари тинмай эшитилар экан, одамларнинг тинчи бузилган, кўп қаватли уйларда ёнмаган чироқ деярли қолмаган эди. Аммо асосий савол жавобсиз эди - қандай кучлар бундай ҳаракатга қўл уришди?
Ҳокимиятни ўраб турган панжара томон яқинлашаман, шундоққина рўпарада жойлашган театр биносига ўт қўйилган. Бинодан қуюқ тутун ўрлайди. Кўчанинг нариги томонидаги кинотеатр ҳам тутун исканжасида қолган. Мени қўриқлаб келаётган йигитлардан бу ҳақда сўраб улгурмасимдан, "ака, -деди,- агар ҳақиқатни ёзаман десангиз, билиб қўйинг, бу биноларга биз ўт қўймадик. Буларнинг ҳаммаси миршабларнинг иши. Улар атай шундай қилиб, бор ишни бизга ағдаришмоқчи." Умуман, ҳокимиятга элтувчи йўллар енгил машиналар, автобус ва ўт ўчириш машинаси билан тўсиб қўйилган эди. Буни ҳам қуроллилар ҳукумат кучлари томонидан кутилаётган ҳужумдан ҳимоя сифатида тушунтиришди. Панжара ортида ҳам бетон плиталардан қўлбола тўсиқ тикланаётган, дарахтлар панасида эса икки-уч нафардан қуроллилар мудофаада туришган эди. Бирдан атроф қий-чув бўлиб кетди. Автоматларнинг қасур-қусири эшитилди. Оломон мен томон ёпирилиб кела бошлади. Яширинишга жой ахтара бошладим. Зум ўтмай ўқлар овози тинди, аммо одамларнинг лаънатлари тинмади. БТРлардан оломонга ўқ узиб кетилган, натижада 5-6 олти чоғли одам яраланган ёки ҳалок бўлган эди. Ўлганлар орасида ёш болалар ҳам бор эди—одамлар ўн икки ёшлар чамасидаги бола жасади атрофида куймаланишарди. Ҳамроҳларимдан қурол кўтариб чиқиш оқибатлари тўғрисида ўйладингларми, деб сўрайман. "Мана бу пистолет ва автоматларни халққа пистирмадан ўқ отаётган аскарлардан тортиб олдик, ака, - дейди улар. - Ҳозиргача беш снайперни қўлга туширдик." Майдондаман. Тумонат одам. Aтрофдаги чорраҳалар ҳам халойиқ билан тўлган. Aтрофларда автомат ва тўппончалар билан қуролланган йигитлар кўринса-да, йиғилганларнинг асосий қисми оддий одамлар эди, айниқса томошага ўч ёш болалар ва ўспиринларнинг кўплиги ҳам, дам-бадам ўқ узилишларига қарамасдан, аллақандай байрам кайфиятини бағишлар эди. Ҳа, кўплар учун бу кун бир байрамдек эди, ёши катталарнинг бир-бирларини қучоқлаб кўришишлари-ю шундоққина Бобур ҳайкали пойига ўрнатилган микрофонга чиқиб, галма-гал сўз олаётганларнинг кўтаринкилиги атрофда йиғилганларга осонгина кўчиб ўтаётганди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:46 | Message # 17
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Оддий андижонликлар биринчи маротаба бу қадар миқёсда ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишган эди. Мана, ёши 70 ларни қоралаб қўйган оқсоқол одамларни тарқалмасдан хотиржам туришга чақиради:

Галма-гал сўзга чиқаётганлар халқнинг оғир иқтисодий аҳволи тўғрисида, ишсизлик тўғрисида, оиламни боқаман, деб фаҳш йўлига кириб кетаётган аёллар тўғрисида куйиниб сўзлашади
“Қачонгача қўймижоз бўлиб яшаймиз?! Бугун бу ердан кетиш йўқ. Агар ҳар ким ҳар ёққа кетса, бизни битталаб йўқ қилиб ташлайди. Мана, қўшнимиз қирғизистонликлар бирдамлик билан кўп нарсага эришишди. Наҳот ўшаларча бўлмасак?!”
Ёшу қари гулдурос қарсаклар билан оқсоқолни қўллаб-қувватлайди. Шу ернинг ўзида иссиқ овқат ташкил қилишга келишилади. Галма-гал сўзга чиқаётганлар халқнинг оғир иқтисодий аҳволи тўғрисида, ишсизлик тўғрисида, оиламни боқаман, деб фаҳш йўлига кириб кетаётган аёллар тўғрисида куйиниб сўзлашади. Ҳукумат, шахсан президент 15 йилдан буён қуруқ ваъдалар билан халқни алдаб келаётгани, бундай қасамхўрликка ортиқ чидаб бўлмаслиги ҳақидаги гаплар ҳамманинг қўллашига сабаб бўлади.
Қўлимдаги микрофонни кўрган одамлар бир зумда атрофимни ўраб олишади. Бошқа кунлардан фарқли тарзда бугун одамлар қийин аҳвол ҳақида, бугунги намойиш ҳақида юрагидаги гапларни баралла айтиб қолишга шошилади:
“Ака, ишонаверинг, мен бир кўча боласиман. Яширмайман, вақтида ўғирлик қилганман. Лекин "катталар" шунга мажбур қиляпти. Бошқача тирикчилик қилиб бўлмаса. Савдо қиламан, десак ҳоли-жонимизга қўймайди.”
“Мен шу йигитларни қўлида ишлаб, оила юргизардим. Ўтган ёзда уларни қамаб, ишхоналар ёпилганидан кейин менга ўхшаганлар ишсиз қолдик. Бу йигитларнинг айби камбағалларни қўллаб турганидами, ахир?!”
“Мана шу йигитларни отасига минг раҳмат,- дейди оппоқ соқоли кўксига тушган яна бир отахон. - Халқ учун ҳақиқатда жон куйдирадиган шулар. Бизга ўз чўнтагидан бошқани ўйламайдиган ҳокимиятнинг нима кераги бор?”
“Булар шу тўпланган халойиқни ҳимоя қиляпти. Каримов келармиш, шунда ҳақиқат юзага чиқиб қолар, ҳукумат ҳаммани тирқиратиб отиб ташламас...”

Интервьюдан сўнг яна қуроллилар ҳамроҳлигида ҳокимият ичкарисига кираман. Бино ичида 10-15 чоғли йигитлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ўзини таништиришни истамаган, сипо кийинган 40 ёшлар чамасидаги йигит бир варақ қўлёзмани ўқиб берди. Йўлма-йўлакай ёзилган бу мурожаатномада шундай сўзлар бор эди:
“Биз, яъни Андижонда ҳокимиятни қўлга олган кучлар тадбиркорларга нисбатан бўлаётган адолатсиз муносабат туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Халқнинг оғир аҳволини ўнглашда ҳукуматга бераётган ёрдамимиз баъзиларга ёқмагани туфайли бизнинг сафдошларимиздан кўпларни ҳибсга олиб, адолатсиз маҳкама олиб боришди. Биз бундай адолатсизликка чек қўйишни, узоқ йиллардан буён ноҳақ қамоқхонада сақланаётганларни ва хусусан, Акромжон Йўлдошевни озод қилишни талаб қиламиз. Бизнинг бу ҳаракатларимизда Россия президенти ёрдам беришини сўраймиз.”

Умуман, матбуот анжумани шундай қўлбола шаклда кечди. Бу маҳал эса ташқаридан ҳамон митинг ўтказаётган халойиқ ҳайқириқлари эшитилиб турарди. Мана, яна ўқ овозлари эшитилиши билан бақир-чақир авжига чиқди. Оломон театр биноси томон отилди. Мен, демак, аскарлар ҳужуми бошлангани туфайли одамлар қочишга тушди, деб ўйладим. Аммо салдан кейин одамлар бир аскарни ўртага олиб қайтаётганини кўрдим.
“Бу бугун одамларнинг ўзи қўлга олган олтинчи снайпер, - деди шу ердагиларнинг бири. - Аввалгиси театр томидан туриб бир ўсмирни отиб ўлдирганидан кейин уни оломон "йиртиб" ташлашига сал қолди. Вақтида қутқариб қолдик. Ҳозир ҳаммасини бир жойга йиғиб, сўроқ қиляпмиз.”

Шу куни тонгги соатлардан тушга қадар Бобур майдонида одамлар орасида бўлдим. Сўнгроқ атрофдаги барча кўчалар аскарлар томонидан ўраб олинаётгани ҳақида овоза тарқалди. Дам-бадам отишмалар бўлиб турар, аммо оломон тарқалишни хаёлига келтирмасди. Узоқ йиллик қўрқувдан сўнг журъат билан бош кўтариб чиқа олган андижонликлар соддадиллик билан (аксари бола-бақраси билан) гўёки президент келиб, уларнинг тирикчилик муаммоларини адолат билан ҳал қилиб беришини кутарди. Бу ердаги воқеалар асосида эфирга лавҳа тайёрлаш учун уйга қайтишга қарор қилдим. Бу гал ҳам қуролли йигитлар мени хавфсиз жойгача кузатиб қўйишди. Қайтарканман, эски шаҳарга элтувчи йўлларда ҳарбий техника билан кучайтирилган махсус қўшинлардан иборат соқчилар постлари кўпайганига эътибор қилдим. Эски шаҳарга (кимдир бозор-ўчарга, яна кимдир митингга) йўл олганлар ноодатий либос кийган ва тиш-тирноғигача қуролланган бу аскарларга ҳайиқиб боқишар, аммо одамлар йўлдан қайтарилмас эди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:47 | Message # 18
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Кечга томон ҳаво бирдан ўзгариб, кучли жала қуя бошлади. Эски шаҳардан элас-элас эшитилаётган ўқ овозлари тезлашган, катта калибрли қуроллардан ҳам муттасил ўқ отилаётгани яққол билинарди. Ҳарбийлар вилоят ҳокимлигини штурм қила бошлагани аниқ эди. Бу вақтда қирғиндан жон сақламоқчи бўлган юзлаб одамлар Чўлпон номли кинотеатр яқинида пистирмада бўлган аскарларнинг ўқ ёмғири остида қолганлигини, қирғиндан омон қолганлар кейин сўзлаб беришларича, аксари қуролсиз одамлар аёвсиз қирғин қилинганлигини хаёл қилиш амри маҳол эди. Аввалги тун каби бу тун ҳам уйқусиз ўтди.

Эрталабдан Андижонда тозалаш тадбирлари бошланган
14 май, шанба

Иккинчи кунки, дунё эътибори Андижонга қадалган. Кеча аёвсиз қирғин бўлгани аёнлашган, аммо қурбонлар сони ноаниқ эди. Фожеа кўламини аниқлаш лозим эди. Эрталабдан Андижонда тозалаш тадбирлари бошланган, саноқли хорижий журналистлар эса шаҳардан чиқариб юборилган эди. Яна уйдан эски шаҳар томон йўл оламан. Шаҳардан алланечук файз кетган, ҳамманинг тилида кечаги воқеа. Бу гал чорраҳаларда махсус хизмат аскарлари пайдо бўлган, аммо ҳокимлик томонга яёв бориш мумкин эди. Торкўчалардан юриб, Навоий шоҳкўчасига чиқишим ҳамон проспектни тўлдирган одамларга рўбарў келаман. Бу бир намойиш эди. Бу гал бирор одам қуролланмаган, аммо оломоннинг важоҳати кечагидан зўрроқ эди. Кимдир биров атрофда зир югурганча кечаги қурбонлар учун қасос олишга даъват қилиб ҳайқиради. Бу кимсанинг меъёрдан ошган қутқуси шубҳали ва хатарли эди. Чунки ҳов наридаги хавфсизлик хизмати биноси қаршисида ҳукумат кучларининг БТРлардан иборат колоннаси отишга шай турган эди. Хайриятки одамлар тўхташди. Пайтдан фойдаланиб уларга микрофон тутаман:

‘Кечаси билан аскарлар оддий одамларни қирди, маҳаллаларга кириб отиб чиқишди. - алам билан сўзлайди бири. - Каримов ўлганларни террорист дейди, ўлиб ётган хотин, бола-чақалар қандай террорист?’
‘ Дунё қаёққа қараяпти? Анжан халқи емишга айланди-ку! Ким бизни ҳимоя қилади?’
‘ Ўз кўзимиз билан санадик - Сой томонда камида 500-600 одам жувонмарг бўлди. Кўп ўликларни "Камаз"ларга юклаб, яширинча қаёққадир олиб кетишди.’

(Аскарлар маҳаллаларда юриб, одамларни отишди. Ўз уйини олдида ўтирган борми, ҳаммасини ўлдиришди. Бошқа шаҳарлардан махсус қўшинлар олиб келиб, одамларни оттиришди. Яраланиб, додлаб ётганларни ҳам келиб, ўлдиришди. Айтишларича, детдом болаларини армияга олиб, машинақа ҳайвонга айлантиришган. Уларга икки яшик ароқ бериб, ичига қанақадир дори қўшиб ичдиришган. Улар шуни кайфида одамларни қийратишди. Мен битта қушга чўзма отолмайман, улар бўлса одамларни тап тортмасдан қиришди. Биттаси яраланиб ёрдам сўраяпти, аскар бўлса келиб пешонасидан отиб кетяпти. Улар бир ҳайвонлар эди, одам боласи эмас.-шоҳид ҳикояларидан)

Сал ўтмай одамлар майдон томон ортга қайта бошлашди. Шу дам кимдир менга юзланди: “Ҳой, мухбир ака, сиз билан ҳоли гаплашиш мумкинми, гапларим бор эди.”

Тўғриси, шу кунлар ичида кўп нарсадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолгандим. Ҳоли жойга олиб чиқиб, мени гумдон қилиш пайида бўлса-чи бу, деган ўй хаёлимдан ўтди. Ҳадиксирашимга асослар етарли эди. Кеча майдонда интервю олиш билан банд эканман, мени қўриқлаб юрган ҳамроҳим ёнидан узоқ кетмаслигимни қаттиқ тайинлаганди. Унинг айтишича, воқеаларни суратга олаётган бир тасвирчи йигитни махсус хизмат одамлари ҳокимлик биноси ортига авраб олиб ўтишган ва ўша жойда камерани тортиб олгач, пешонасидан отиб ташлашган. Қўлимда микрофон ва бўйнимда журналист гувоҳномаси билан майдонда юриб, одамларни суҳбатга тортарканман, снайперлар учун ҳам яққол нишон бўлганимни у вақтда ўйлаб кўрмагандим. Шу ҳадиклар туфайли мен билан ҳоли суҳбатлашмоқчи бўлган йигитга вақтим йўқлигини айтдим. Бундан ташқари, қарийб уч кунлик уйқусизлик ва уйда қаровсиз қолаётган фарзандларим, касалхонада операциядан сўнг ҳали ҳам ўзига келмаётган аёлим тўғрисидаги ўйлар мени батамом ҳолдан тойдирганди. Аммо у йигит кечаги қирғиндан омон чиққанлигини, бошидан ўтказганлари даҳшат эканини айтди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:48 | Message # 19
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Тўртинчи боб

Журналистнинг мендан ҳадиксираётгани шундоқ юзларида ёзилган эди. Мендан тезроқ қутулиш учун вақти йўқлигини рўкач қилди. Ўзингиз биласиз, дедим, мен кечаги қирғиндан омон чиққанларнинг бири, балки ягонасидирман, бир мухбир бўлиб бошимдан ўтганларига қизиқмаётган экансиз, ихтиёр ўзингизда. У тараддудланиб қолди. Уйда фарзандлари ёлғиз экани, хабар олмаса бўлмаслигини айтди, кечроқ бизникида кўришадиган бўлдик, адресимни ёзиб олди. Бас, етар, дедим ўзимга-ўзим, ота-онамни кўрмасам бўлмайди, кўзлари тўрт бўлиб ўтиришгандир, йўлларимни пойлаб, не кўйга тушишган бўлса? Йўлнинг ярмида қояларга урилиб чекинаётган тўлқин каби энди ортга, майдон томон шошилмай оқаётган оломондан ўзимни четга олдим, айланма йўллар билан шаҳарнинг у четидаги маҳалламиз томон юрдим.
Дарвозадан ҳатлаб, ҳовли этагида қўлида ойимсупурги билан куймаланиб юрган онамни, ишкомлар остига ўрнатилган сўрида ўйга толиб ўтирган отамни кўрдим. Анчадан бери мойланмаган дарвозанинг ғийқиллашидан иккови ҳам бу томонга қаради. Бир муддат каловланиб қолишди. Онам қўлидаги супургини четга улоқтириб, мен томон югургилаб кела бошлади: ‘Вой болам, болагинам-а, қаерларда юрибсан?! Отангни бормаган жойи қолмади-ку!’-Отам, онам кўзлари ёшга тўлиб бири қўйиб, бири мени бағрига босар, уларни йиғлатиб қўйганимдан бирдан хўрлигим келди ва уларга қўшилиб, ўкраб йиғлаб юбордим. Улар мени ичкари уйга олиб кириб кетишди. Онамнинг айтишича, бугун тонг саҳардан буён отам бечора мени ўликлар орасидан қидирган, топа олмагач, касалхона ва ўликхоналарни кезиб чиққан эди. Онам дастурхон ёзиб, иссиқ чой билан ул-бул олиб келди, шундагина кечадан буён туз тотмаганимни билдим, бир тишлам нонни чайнаб ютганимни биламан, ташқарига отилдим. Онам ортимдан ҳай-ҳайлаб югураркан, ишком устунини тутганча икки букилиб қайд қила бошладим. Ичимда ҳеч вақо йўқ эди, бир қанча вақт қуруқ ўқчиб ўтирдим, тамоман ҳолдан тойдим. Ичкарига кириб ўринга ёнбошладим, атрофимда куймаланаётган онам устимга кўрпа ёпди, дамингни ол, болам, иситманг бор, нима бўлди, бирор жойинг лат емаганми? Хона, ганч билан нақшланган шифт атрофимда чирпирак бўлиб айлана бошлади. Зум ўтмай алаҳсираш гирдоби ичида қолдим. Қанча вақт босинқираб ётганимни билмайман, бир маҳал онамнинг олислардан эшитилаётган овозидан кўзларимни очдим, болам, пича яхшимисан, биров сени йўқлаб келибди, мухбирман дейди.

(Уйга келгач, ўғилларимни ёнига олиб, бешик тебратиб ўтирган қайнонам билан бироз суҳбатлашиб ўтирдим, ҳеч хавотир олмаслигини, болаларнинг онасини кўриб келганим, унга тез кунларда касалхонадан жавоб бўлишини айтдим. Шаҳарда бўлаётган воқеалардан оғиз очмайман, бунга сари ерга урсанг осмонга сапчийдиган кичик ўғлим ўртоқлари билан катта кўчадан ўтаётган танкларга тош отишгани, бунга жавобан солдатлар уларга автоматларини тўғрилаб, пўписа қилишганини мағрурланиб ҳикоя қилади. Уни эшитарканман, эсхонам чиқиб кетгудай бўлади, қайнонамга болаларни ташқарига зинҳор чиқармаслигини тайинлайман. Эндигина кичик чилласи чиққан чақалоққа термуламан, мириқиб ухлаяпти, аёлим касалхонага тушганидан буён кунига икки маҳал шаҳарнинг нариги четидаги касалхонага қатнайман, ўзим билан олиб келган шиша идишларга йиғлаб-йиғлаб сут соғиб беради. Сут айнимасидан тезроқ ортга қайтаман. Бу мурғак вужуд шу тариқа билвосита вояга етаётган эди. Кечадан буён эса бу ҳам йўқ, чақалоқнинг заҳира идиши деярли бўшаб қолган. Қишлоқдан яқинда жижилаган жиянимни чақирганман, ҳали замон келиб қолади. Бозорчадан ҳаражат қилиб келдим-да, болаларга кўчага чиқмасликни яна бир карра тайинлаб, боя намойиш пайти учрашганим йигитникига отландим. Унинг уйини топиб бориш қийин бўлмади, афтидан онаси бўлса керак, дарвозани тақиллатишим билан бир аёл чиқиб келди, ўғлининг таниши эканим, бир йўқлаб кетмоқчи бўлганимни айтдим. Аёл ҳадиксираётганди, мухбирман, дедим. Шундан сўнг ичкарига таклиф қилди. Ичкарида эса ранги оқариб бояги йигит ўринда ётарди, айтганлари тўғрига ўхшайди, кўринишидан кечаги воқеаларда ўз насибасини олган, бирор жойи яраланган шекилли.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:49 | Message # 20
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Пича яхшимисан, болам, сени биров йўқлаб келди, мухбир экан.’-деди онаси ўғлини уйғотишга кўзлари қиймаган каби.- Ҳолсизланган йигит аста туриб деворга суяниб ўтирди. Мени кўриб, кулимсирашга ҳаракат қилди, қийналмай топиб келдингизми, ака? Бир пасдан кейин аёл дастурхон ёзди, бир косадан мастава олиб кирди, олинглар болаларим, дастурхонга қараб ўтиринг, дадаси ҳали замон келиб қолади, болам ўз оёғи билан кириб келганидан ичига сиғмасдан бозор-ўчар қилгани чиқиб кетувди.

‘Эй ака,-хўрсинди йигит,-кечаги кушхонадан тирик чиқаман деб ўйламагандим. Лекин мана кўриб турибсиз, тирикман, лекин қанчадан-қанча одамлар, ёш болаларни ёстиғи қуриди.’-Йигит шу тариқа кеча ўзи гувоҳи бўлган машъум воқеани бир бошдан сўзлашга бошлади. Айтишича, тундаёқ шаҳарда бўлаётган отишмалардан хабар топган, шаҳарнинг ҳар четида яшайдиган дўстлари билан телефонлашиб, нималар бўлаётганидан бир-бирларини хабардор қилиб туришган. Тонгга яқин эса маҳаллада қуроллилар пайдо бўлган ва одамларни баланд овозда майдонга боришга даъват қилиб юришган.)

Ота-онам ҳам туни билан мижжа қоқмай чиқишди, афтидан мендан хавотир олишган. Тонг саҳарда ишга отландим (эски шаҳарда дўкон очаман). Кўчаларда ғайриодатий тарзда транспорт ҳаракати сийраклашган, “Андижон метроси” деб ном олган “Дамас”лар ҳам деярли қатнамайди. Кўчаларни тўлдирган одамлар эски шаҳарга пиёда отланишган. Милитсия бошқармаси ёнидан ўтарканман, ростдан ҳам жиддий воқеалар бўлаётганини билдим—бошқарма қаршисида БТРлар, панжара ортида эса тиш-тирноғигача қуролланган аскарлар. Аммо одамлар оқимига тўсқинлик қилишмайди.

(Навоий проспекти бўйлаб юрарканмиз, темир панжаралар билан ўралган яна бир бино олдида тўхтадик. Бу бино дарвозасига ўт ўчириш машинаси келиб урилганди. Ўқлардан илма-тешик бўлган машина ўша ерда қолган, афтидан ҳужумчилар бинони ишғол қилишга бефойда уринишганди. Бу хавфсизлик хизмати идораси эди. Бино қаршисида тўртта БТР ва БМП йўлни тўсиб турибди. Дастлаб бу ҳарбий машиналар ичида ҳеч ким бўлмаса керак, деб ўйладик, аммо бироздан сўнг бош қисми аста айланиб, йўловчиларга пулемётларини тўғрилаётгани, бирор шубҳали ҳаракат бўлса отишга шай бўлиб турганини кўрдик. Шунга қарамасдан одамлар оқими бу машиналарни хотиржам айланиб ўтиб, майдон сари ошиқарди. Хавфсизлик хизмати рўпарасидаги мактаб деворлари ҳам ўқлардан илма-тешик бўлган, етиб келган БТРлардан мактаб томон қақшатқич ўт очилган эди. Шу ернинг ўзида дастлабки ўликларни кўрдик. Мактаб ёнидаги йўлакка қўйилган сўрида икки эркак жасади ётар, улар тунги отишмаларда ҳалок бўлгани равшан эди. Нарироқда яна бир мурда, мактаб биносининг четида эса аёл жасади. Бу сафар БТРлар томонга синчиклаб қарадик, бирининг ғилдираклари остида аскар ётибди, атрофига қон ёйилиб кетган. Афтидан, БТРдан ташқари чиқишга юрак бетламаган бошқа аскарлар ўртоқларини шу ҳолича ташлаб, машина ичида жон сақлашган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, қўзғолончилар хавфсизлик хизматини ишғол қилишга уринишган, аммо бу амалга ошмаган.-матбуотдан)

Ҳокимлик қаршисидаги майдонга тонг саҳарда кириб келганимда одамлар ҳали у қадар кўп эмасди, атрофда автомат ва тўппончалар билан қуролланганлар изғиб юрар, улар атрофда юрганларни майдонга чорлашарди. Жума куни бўлгани учун, эски шаҳар эрталабдан бозор-ўчар ва жума намозига келганлар билан гавжум бўларди, бу гал эса шаҳарда тўс-тўполон бошлангани тўғрисидаги узун-қулоқ гаплар атрофдаги қишлоқларга ҳам ёйилган, шу сабабли қўзғолончиларнинг имкон қадар кўп халойиқни жамлаш режалари ошиши ўз-ўзидан кафолатланган эди. Майдонда қизиқсиниб юрарканман, ҳар жойда ёниб ётган машиналарни, томидан қуюқ тутун ўрлаётган Охунбобоев театри ва шиферлари ўқ отилаётган каби қасирлаб ёнаётган Бакиров театри кўз ўнгимда чинакам уруш манзарасини чизарди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб майдонга кириб келаётганлар қадрдонлардек қучоқ очиб кўришаркан, уларнинг аксари бир-бирлари билан қадрдон таниш эканларини сезиш қийин эмасди. Шу ерда яна аксари ярим ҳижоб ўраган хотин-халажлар йиғилганди.
 
SAKINADate: Payshanba, 28-Fev-2013, 14:50 | Message # 21
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
(Одамлар бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида ўзаро фикр алмашишар, уларга кўра театр биносига кечаси ҳукумат кучлари ўт қўйиб кетишган, улардан бирини қўзғолончилар тутиб олишган. Миш-мишларга қараганда 200 исёнчи халқни қўзғатиш учун Пахтаободга йўл олган, яна шунчаси Қорасувга, 100-150 нафари аэропортни эгаллаш ҳаракатида экан. Қўзғолон ташкилотчиларининг ўзаро муҳокама қилишларича, майдонга имкон борича кўпроқ одамни йиғиш керак, шунда бу қадар кўп оломонни отишга ҳукуматнинг ҳадди сиғмайди ва президент ўзи келиб, халқ дардига қулоқ тутишга мажбур бўлади. Шаҳарда транспорт ҳаракати тўхтаган, дўконлар ишламайди. Тушдан сўнг майдонда тўпланган ва атрофдаги чорраҳа-йўлакларни тўлдирган одамларнинг сони 10-15 минг қадар эди. Шаҳар узра эрталабдан буён вертолёт учиб юрар, бунга сари халойиқнинг кўнглига ғулу ораларди. Исёнчилар шаҳар прокурорини халойиқ олдида сўзлашга ва кечирим сўрашга мажбур қилишди. Бу орада бир овоза тарқалди-воқеаларни тасвирга олиб юрган операторни кимлардир ҳоли жойга авраб олиб ўтиб, отиб ташлашган ва камерасини тортиб олишган. Қотилларни тутиб, ҳокимият ертўласида сақланаётган бошқа гаровдагиларга қўшиб қўйишди.-гувоҳ хотираларидан)

(Бу йигит сўзлаётган ҳикоя қарийб шу ҳолича менга таниш эди, менинг ўзим бу манзараларга гувоҳ бўлгандим. Аммо унинг бошидан кечирганларини сўзини бўлмасдан тингларканман, воқеаларнинг дастлабидан сўнгига қадар яна қайта бошидан кечираётган каби дам кўзларида учқунлар чақнар, дам овозида таҳлика кучайиб, юзларида ваҳима белгилари пайдо бўларди. Кечга томон бошланган оммавий қирғин ва жасадлар орасида ўлимини бўйнига олиб ётган ҳолатларини сўзларкан, нафаси бўғилиб, ҳирқирай бошлади. Нимчорак, чорак, ярим-ёрти таналар. Бошсиз, қўлсиз, оёқсиз таналар. Пажмурда жасадлар. Бу пажмурда жасадлардан оқаётган, қачондан буён тинимсиз ёғаётган жалага омухталашиб, бу қайғу маконини тезда ортда қолдиришга ошиқаётган қонлар. Йигитнинг мазаси бўлмай қолди, онасини чақирдим, болагинама, тўғрисини айт, бирор жойингдан ўқ едингми, дард юқтириб олдингми? Бояқиш она ранги оқариб бораётган ўғли атрофида куймаланаркан, ўзимни гуноҳкор сеза бошладим, сизларни ташвишга қўйдим, бошқа сафар келарман, деб ўрнимдан тура бошлагандим, йигит қўлларимдан қаттиқ қисди, сиз ҳижолат бўлманг, қандай хизмат бўлса, қандай ахборотларни топиш лозим бўлса, мана мен ёрдам бераман, она, сиз хавотир олманг, худога шукур, мен у дўзахдан омон чиққанман, ҳеч қаеримдан ўқ еганим йўқ. Ўйланиб қолдим, аслида менга шу кунларда чиндан ҳам бир дастёр, бир шерик керак эди. Бир ўзим қирғиндан кейинги шаҳарда бўлаётган воқеаларни кузата олмасдим, чунки чинакам фаолият энди бошланаётган эди. Ҳамкасбларим айтмоқчи, шаҳарда бўлган саноқли хорижий мухбирларнинг барчаси қўлга олиниб, чиқариб юборилгач, ўзим хизмат қилаётган радионинг ягона “ҳам кўзи, ҳам қулоғига” айлангандим. Қолаверса, бу нақадар баландпарвоз туйилмасин, (у кунларда бу тушунчалар шу қадар ерлашиб, кундалик воқеликка айланган эдики, униси китобий, буниси жайдари қабилидаги тафовутлар ҳукумат кучлари уюштирган қирғин манзарасида мутлақо аҳамиятини йўқотганди) мен яшаётган шаҳарда, мен билган ёки билмаган, аммо уларнинг борлигини, мен яшаётган шу макон ва шу замонда мен қатори улар ҳам тириклигини билиб келганим, аммо оқибат аллақандай хос ўйинлар тегирмонида жувонмарг этилган бегуноҳ одамларнинг чирқираган руҳлари ҳаққи жилла қурса бу изланишларимни давом эттиришим лозимлигини билардим.
Йигит билан хайрлашиб, яна майдон сари йўл олдим. Ҳар қадамда отишма излари, атрофда ёниб битган машина қолдиқлари. Вилоят театри ҳамда кинотеатр қарийб ёниб битган. Майдонда одамлар кечагидан кам эмасди. Ҳалок бўлган ёхуд дом-дараксиз кетганларнинг қариндошлари ўликлар орасидан яқинларини излашади. Эгалари топилмаган 10-12 чоғли жасадлар кафанланиб, шундоққина ҳокимлик боғига жаноза билан дафн этилди. Кеч соат 5 лар чамаси ҳокимлик бошқармалари жойлашган бинонинг сўнгги қаватидан тутун ўрлай бошлади. Одамлар бундан ғазабларини яширишмайди: “Бу кимга керак? Ҳукумат яна бир балони бошламоқчи шекилли...”
Шундан сўнг майдон узра худди кечаги каби вертолёт пастлаб уча бошлади. "Улар яна одамларни отишга тайёрланаяпти", деди кимдир. Ҳамма ўзини панага олади. Мен ҳам ортиқ бу ерда қола олмадим.)
 
Forum » ARXIV » Yopilgan mavzular » Kutubxona » Andijonnoma (Андижон воқеаларининг илк бадиий мушоҳадаси)
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: