• Page 1 of 1
  • 1
Archive - read only
Forum moderator: MASTER, DURDON, SAKINA  
Forum » ARXIV » Yopilgan mavzular » Kutubxona » Muhammad Yusuf sherlari
Muhammad Yusuf sherlari
DURDONDate: Shanba, 09-Fev-2013, 01:31 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:


Онамга

Оҳ, менинг ортимдан оввора онам,
Бир парча юраги минг пора онам.
Хар балони кўриб ёруғ дунёда,
Тошканни кўрмаган бечора онам,
Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,
Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..

Гарчи бисотингда "байрам" сўзи йўқ,
Биламан, кутасан сандал тўла чўғ,
Менда юрак деганларин ўзи йўқ:
Мен совға бермаган қиз йўқ бу оқшом,
Сенга на гул бердим, на ширин калом,
Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам?..

Дейсан: олисларда омон юрсанг бас,
Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас,
Болам, сенга ҳамма қилади ҳавас...
Ахир, менинг дардим шеър эмас фақат,
Мен машҳур шоирмас - машҳур бешафқат,
Энди мен ҳам сенга ўғилманми, айт?..

Шаънингга шеър битдим. У сени топсин,
Пойингга тиз чўкиб, қўлингни ўпсин.
Ундан ҳам улуғим борлигин кўрсин,
Мен учун ҳам азиз ҳолингни сўрсин,
Сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми, онам,
Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам!..

Mуҳаммад Юсуф



 
DURDONDate: Shanba, 09-Fev-2013, 01:33 | Message # 2
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
АРМОН

Ёғаётган ёмғирми, қорму?,
Қор тагида қолган баҳорму?
Сенсиз дунё шунчалар торму?
Яна бўзлар бўлди юрагим...
Армонларга тўлди юрагим....

Шамдай ёниб, шамдай ўчдимму?
Сарвинозим, мендан кечдингму?
Энди мен ҳам сега ҳеч кимму?
Яна бўзлар бўлди юрагим....
Армонларга тўлди юрагим....

Бу ерларда нетаман энди?
Қишлоғимга кетаман энди.
Сени куйлаб ўтаман энди,
Дастонларга тўлди юрагим...
Армонларга тўлди юрагим...

Ёғаётган ёмғирми, қорму?,
Қор тагида қолган баҳорму?
Сенсиз дунё шунчалар торму?
Яна бўзлар бўлди юрагим...
Армонларга тўлди юрагим....

Муҳаммад ЮСУФ


 
DURDONDate: Shanba, 09-Fev-2013, 01:35 | Message # 3
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
ХУДБИНГА

Ким-кимга соҳиби санжарман дейди,
Сим-симга мақтаниб — ханжарман дейди,
Қумурсқа ҳам ўзин аждарман дейди,
Мен нима хам дердим.

Бол берган қўлингга найзасин санча,
Қилган яхшилигинг билмаган қанча,
Оқилларин талар қанча тирранча,
Мен нима хам дердим.

Имон йўқ гўшада эҳром қайдадир,
Қалбга таскин қайда, ором кайдадир,
Магар жондан кечгин, нима фойдадир?..
Мен нима ҳам дердим.

Менинг ёзганларим шунчаки ҳавас,
Менга дилим пошшо — шеърларим эмас,
Шоир — сен, десам ҳам, қўймасанг, нокас,
Мен нима ҳам дердим.

Отамдан қолмаган бу назми сўлғин,
Мен боғда гул эмас — тоғдаги юлғун!
Қўлингдан келса бор, Навоий бўлгин!..
Мен нима ҳам дердим.

Муҳаммад ЮСУФ


 
DURDONDate: Seshanba, 19-Fev-2013, 19:22 | Message # 4
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Онамдан хат

Ўғлим, жигаргўшам, айтгин-чи, наҳот,
Ачинмайди жонинг онанг ҳолига.
Мени тўшакларга михлаб қўйди бод,
Келсанг бир кўрсаму… ўлсам, май лига.

Чакка ўтган эски томга ўхшайман,
Кўзимдан ёмғирлар тўкилар тинмай.
Бу ёруғ дунёда борми, билмайман,
Ўз ўғли йўлига интизор мендай..

Ҳайҳотдек ҳовлида қолдим бир ўзим,
Нима хаёлларга бормасман баъзан.
Соғмисан ишқилиб, қўрқаман, қўзим,
Подшолар ҳақида шеърлар ёзасан.

Ўйнашиб бўларми шоҳлар билан, айт,
Қишлоқи жонингга шеърдан не ҳузур?
Зериксанг — беиоён яйловингга қайт,
Сиқилсанг — даштларда от чоптириб юр!

Фақат хаёлингдан чиқаргин шеърни,
(Кимгадир ёкмасмиш чинми-ёлғонми),
Ахир, сен ёзмасанг ўша Бобурни,
Шоирнинг уруғи қуриб қолганми?..

Ўғлим, жигаргўшам, айтгин-чи наҳот,
Ачинмайди жонинг онанг холига?
Мени тўшакларга михлаб қўйди бод,
Келиб бир кўтариб чиққин ҳовлига.
Қўлингда жон бериб ўлсам, майлига...

Муҳаммад Юсуф


 
DURDONDate: Chorshanba, 20-Fev-2013, 13:23 | Message # 5
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
O'zingdan qo'ymasin, xalqim!

Qushday uchib quchog'ingdan dunyo kezdim<
Qancha olis ketsam shuncha qadring sezdim.
Kezib-kezib topganlarim Sog'ich bo'ldi,
Qayda yursam yodi mehring ovunch bo'ldi.
Aylanayin qora qoshu ko'zingdan-a,
O'zingdan qo'ymasin, xalqim, o'zingdan-a.

Birov uchun birovlar tush ko'rib bermas,
Minnat qilmay bir bog' o'tin o'rib bermas.
Bayramingda oylab bazm qilgan kaslar
Boshingga ish tushsa bir kun turib bermas.
Nomus kuyi tushmasin hech bo'g'zingdan-a,
O'zindan aylanay, xalqim, o'zingdan-a!..

Erk vodiysi- zahmatlarga siylovdir bu,

Toy qoqilib ot bo'lguvchi yaylovdir bu.
Ranj chekmasang nurli-nurli tonglar qayda,
Sinovdir bu, balki buyuk sinovdir bu.
Bosh ketsa ham qaytma endi so'zingdan-a,
O'zingdan qo'ymasin xalqim, o'zingdan-a.

Boldan shirin tatir shirin qora bug'doying ham,
O'zingdan bo'lsa gar shohu gadoying ham.
Bir tanu bir jon bir-biringdan rozi yursang,
Payg'ambar ham sendan rozi, xudoying ham.
Gohi ipak, gohi yaktak bo'zingdan-a,
O'zingdan qo'ymasin xalqim, o'zingdan-a.

Er boshiga ish tushsa o't kechkuvchidir,
Chidaymiz-da , bu zahmatlar o'tkinchidir.
Hurliging haq-qolgan bari o'taversin,
bu dunyoda eng yorug' baxt-el tinchidir!..
Ayirmasin beminnat non-tuzingdan-a,
O'zingdan qo'ymasin, xalqim, o'zingdan-a!..

Muhammad Yusuf


 
DURDONDate: Chorshanba, 20-Fev-2013, 13:24 | Message # 6
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
ЎЗБЕКНИНГ АЁЛЛАРИ

Ухламайди тунлари,
Ой нурлари таралган.
Ўзбекнинг хотинлари
Фарзанд учун яралган.

Йилдан узун кунлари,
Ким кўнглини сўролган.
Ўзбекнинг хотинлари
Меҳнат учун яралган.

Қирқ, йил қиргин бўлса ҳам
Ўз аҳдида туролган.
Ўзбекнинг хотинлари
Тоқат учун яралган.

Ёт олдидан сал нари
Қачон кокил ўролган.
Ўзбекнинг хотинлари,
Иффат учун яралган...

Ўзбекнинг аёллари,
Ўзбекнинг хотинлари,
Сувдан ҳалол,
Гулдан пок,
Қўллари олтинлари,
Қай томонга бурса юз,
Йўллари олтинлари —
Иззат учун яралган!

Муҳаммад Юсуф


 
DURDONDate: Chorshanba, 20-Fev-2013, 13:27 | Message # 7
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Oh, mening ortimdan ovvora onam,
Bir parcha yuragi ming pora onam.
Bir baloni ko'rib yorug' dunyoda,
Toshkanni ko'rmagan bechora onam,
Bolang bo'lib bir bor boshlab keldimmi,
Endi men ham senga o'g'il bo'ldimmi!..

Garchi bisotingda "bayram" so'zi yo'q,
Bilaman, kutasan sandal to'la cho'g',
Menda yurak deganlarin o'zi yo'q:
Men sovg'a bermagan qiz yo'q bu oqshom,
Senga na gul berdim, na shirin kalom,
Endi men ham senga o'g'ilmi, onam?..

Deysan: olislarda omon yursang bas,
Yodingga tushsam goh yo'qlab tursang bas,
Bolam, senga hamma qiladi xavas...
Axir, mening dardim She'r emas faqat,
Men mashhur shoirmas — mashhur beshafqat,
Endi men ham senga o'g'ilmanmi, ayt?..

Sha'ningga she'r bitdim. U seni topsin,
Poyingga tiz cho'kib, qo'lingni o'psin.
Undan ham ulug'im borligin ko'rsin,
Men uchun ham aziz holingni so'rsin,
Sensiz g'arib ko'nglim ko'ngilmi, onam,
Endi men ham senga o'g'ilmi, onam!..

Muhammad Yusuf


 
DURDONDate: Shanba, 08-Iyun-2013, 15:19 | Message # 8
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Кузда кетган турна қайтгандек баҳор,
Бир кун ҳузурингга қайтишларим бор,
Узримни ўзингга айтишларим бор,
Эй, менинг юрагим йўқлаган диёр!..

Қайтарман, аммо қай аҳволда билмам,
Балки, унда мени буккан бўлар ғам,
Балки қайтмоқ насиб этмас менга ҳам,
Чўлпони ёдидан чиқмаган диёр!..

Гарчи бўлмасам ҳам ёнингда йўлдош,
Дардингга дилдошман, жонингга жондош,
Ҳаттоки қаландар Маҳраби талош,
Бобури бағрига сиғмаган диёр!..

Аллоҳ Андижонда қормиш лойини,
Нодиранг на қилсин хон саройини?
Қўқонга узатиб Моҳларойини,
Боғишамол бўлиб йиғлаган диёр.

Жаннатлардек гўзал кўҳлигим менинг,
Бағрингни қон қилдими, шўхлигимм менинг,
Балки билинмас ҳам йўқлигим менинг,
Балки, мени ҳам гоҳ йўқлаган диёр...

Кузда кетган турна қайтгандек баҳор,
Бир кун ҳузурингга қайтишларим бор,
Узримни ўзингга айтишларим бор,
Эй, ёмон кўзлардан асраган диёр!..

Муҳаммад Юсуф


 
Forum » ARXIV » Yopilgan mavzular » Kutubxona » Muhammad Yusuf sherlari
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: