• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Ихлос ва ният
Ихлос ва ният
SANJAR80Date: Chorshanba, 23-Dek-2009, 15:49 | Message # 1
Group: Ishonchli
Messages: 3741
Status:
Муаллиф: д. Рошид Ҳусайн ал-Абдулкарим
1 - дарс
Ихлос ва ният


Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 15 ва 16- оятларида шундай дейди: "Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. 16. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир."
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган, муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта амаллар ниятга қараб бўлади ва ҳар бир киши нимани ният қилса шуни олади. Ким Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилса унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, дунёдан улушини олади ёки аёл киши учун бўлса, унга уйланади. Ким қандай ният билан ҳижрат қилса, унинг ҳижрати ниятига яраша бўлади.", деганларини эшитдим дейди.
Имом Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган кишиларнинг биринчиси шаҳид бўлган киши бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини эслатади, у уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: "Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?"-деб сўрайди. У банда : "То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун жанг килдим,"- деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: "Ёлғон айтаяпсан, зеро сен одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, шундай дейилди," - дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб олиб кетилади ва дўзахга ташланади.
Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:
— Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг? - деб сўрайди. Банда:
— Илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Сен учун Қуръон ўқидим, деб жавоб беради.
— Ёлгон гапирдинг, сен илмни “олим” дейилиши учун ўргандинг, Қуръонни эса “қори” дейилиши учун ўқидинг, дарҳақиқат, шундай дейилди,- дейди Аллоҳ. Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.
Кейин Аллоҳ унга ризқни кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга Ўз неъматларини танитади. У уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ:
— Буларни шукронасига сен нима амал қилдинг? – деб сўрайди.
— Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасида Сен учун сарф қилдим, -дейди.
— Ёлғон сўзладинг, зеро, сен бу ишларни “сахий” дейилиши учун қилдинг, дарҳақиқат шундай дейилди,- дейди Аллоҳ.
Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади.
Шарх:

Дарҳақиқат, ният амалнинг асосидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо бўлади. Одам алайхис саломдан тортиб, то қиёматгача келадиган барча одамзод сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилган. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса ҳалокатга юз тутади. Зеро амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Демак, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақладиган иймон ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Шайх Дувайш айтадилар: “Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир”. Дарҳақиқат агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади, аммо унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унинг тезда қуришини кутавер. Аллоҳ таоло ҳаммамизни сўз ва амалда ихлос қилишимизга муваффақ қилсин.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:

1- Қилинаётган амал қабул бўлиши учун иккита шарт топилиши керак. Улар ихлос ва амалнинг суннатга мувофиқ бўлиши.
2- Ихлос ҳар бир амалда буюк аҳамиятга эга, чунки ихлоссиз амал эгасига бало бўлади.
3- Амалнинг зоҳири чиройли бўлмоги унинг қабул бўлишига кифоя қилмайди, ҳудди амалда ихлос топилиб суннатга мувофиқ бўлмаганига ўхшаш. Демак, ҳар бир амалда ихлос ва суннатга мувофиклик топилиши шарт.
4- Ҳар амал олдида ниятни тўғирлаш ва суннатга мувофиқми ёки мувофиқ эмаслигини текшириш вожибдир.
Мундарижа


 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 17:43 | Message # 2
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Ният
Бир нарсани қасд қилишга, хохлашга ният қилиш дейилади. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 84-чи оятида бундай дейди:


قُلْ كُلٌّ يَعْمَلُ عَلَى شَاكِلَتِهِ فَرَبُّكُمْ أَعْلَمُ بِمَنْ هُوَ أَهْدَى سَبِيلاً (الاسراء:84

Маъноси: «Айтинг, хар бир киши ниятига, холатига қараб амал қилади. Яхши ва солиҳ инсонлар фақат Оламлар Роббиси розилигини излаб, яхши ният ила эзгули амаллар қилиб ўтса, фосиқ ва хор бечоралар одамларнинг кўришлари учун ғам чекиб, бузуқ нафсларининг хохишига муносиб амаллар, маъсиятлар қилиб ўтади”. (Ас-Саъдий тафсири асосида оят баён килинди).

Умар ибн Ал-Ҳаттобдан (Аллоҳ бу кишидан рози булсин) ривоят қилинади, айтадиларки: Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам дан эшитдим, Ул зот айтдиларки: «Амаллар фақат ниятлар билан эътиборга олинади. (Хар бир кишининг фақат ниятига қаралади, сўнг унга мукофот ё азоб берилади) Кимки, молу-дунё топиш учун бир юрт (Макка) дан бошқа юрт (Мадина)га кўчган бўлса, уни топади ёки уйланиш мақсадида хотин қидириб борган булса, турмуш кўради. Демак инсон нима нарса учун хижрат қилган бўлса, унинг амали мақсадига мувофиқ бўлади».

Мазкур хадисдан шу нарса маълум бўладики, мўъмин киши бир амал қилишидан олдин, унинг хукми тўғрисида билим хосил қилиши лозим. Шундан кейин ният қилиб уни амалга оширади. Билмасдан туриб амал қилиши тўғри эмас. Шунинг учун хам мажнуннинг амали қабул бўлмайди. Сабаби, у билмасдан ва фахмламасдан амал қилади. Шундай экан, инсон билмаган нарсасига ҳам ният қилиши тўғри эмас. (Фатхул-Борий асосида).

Ибни Можа Жобир ибн Абдуллох р.а.дан ривоят қилади, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “ Одамлар Киёмат кунида ниятларига караб тирилади”.
 
SAKINADate: Shanba, 12-Yan-2013, 17:45 | Message # 3
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Ахмад ва Ибни Можа Зайд ибн Собит р.а.дан ривоят қилишади, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Кимники ғами дунё йиғиш бўлса, унинг йиққанини Аллоҳ тарқатиб юборади ва қамбағаллигини унинг икки кўзи орасига ўрнаштириб қўяди. Бундай кимсага фақат унинг тақдирига ёзиб кўйилган ризқгина келади. Кимники нияти охират бўлса, Аллоҳ унинг ишини жамлайди ва унинг бойлигини қалбига жойлаштириб кўяди. Дунё унга рағбатланиб келади”.
Муторриф ибн Абдуллох р.а.дан ривоят қилинади, айтадиларки: “Қалбнинг салохияти амалнинг салохияти туфайли бўлади. Амалнинг салохияти эса ниятнинг салохияти сабабли”.

Абдуллоҳ Ибн Муборак бундай дейдилар: “Баъзан кичик амални яхши ният улкан амалга айлантиради. Гохида катта амални яхши қилинмаган ният кичиклаштириб қўяди”.

Ибн Ажлон айтадики: “Амал фақат қуйидаги уч нарса билангина дуруст бўлади: Аллоҳ учун тақво қилиш, чиройли ният ва амални шариатга мувофиқ тўғри адо этиш”.

Фузайл ибн Иёз бундай дейди: “Аллоҳ азза ва жалла сендан фақат ниятинг ва хохишингни яхши бўлишини истайди”.

Азиз мусулмон биродарлар! Юқоридаги маълумотлардан ниятнинг қанчалик ахамити улуғ эканлиги маълум бўлди. Зеро, ният хақидаги Умарнинг р.а. юқорида ўтган хадисини Ахмад ибн Ханбал Ислом асосларининг учдан бири деб бахолаган.

(فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلاً صَالِحاً وَلا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَداً) (الكهف:110)

Маъноси: “Кимда ким Роббиси билан учрашишни, Ул зотдан мукофот олишни умид қилган бўлса, Аллоҳнинг шариатига мувофиқ келадиган солиҳ амал қилсин ва Роббисига ибодат қилишида бирор кимсани шерик қилмасин, (яъни ибодатини одамларга кўрсатишни ният қилмасин). (Каҳф, 110)

Мана шу оятга кўра Аллоҳ таоло хузурида ибодатнинг қабул булишида иккита шарт бор:

1. Фақат Аллоҳнинг розилигини ният қилиш.

2. Шариатга буйин эгиб, Қуръон ва суннатга мувофиқ амал қилиш.

Хурматли биродарлар! Гунох бўлмаган бир ишни қилишингиздан олдин, яхши ният қилсангиз, шу амалингиз хам ибодатга айланиб, бу учун Аллоҳ хузурида ажр оласиз. Хатто оилавий муомала килишингизда хам. Абу Зарр р.а. ривоят қилган хадисда бундай дейдилар: «Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизнинг аёлига яқинлик қилишида садақа бор”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, бизлардан биримиз шахватини қондириш учун аёлига яқинлик қилганида хам ажр оладими?”, деб сахобалар савол беришганда, Ул зот бундай жавоб бердилар: “Айтингларчи, агар шахватини харом йулда қондирганда унга гунох бўлар эдими?! Шунингдек, халол йўлда қондиргани учун унга ажр берилади”.

Азизлар! Бу сахифамиздаги илмни яхши ният билан ўзлаштиришингизни ўзида, Сизларга савоб ёзилади. Амал қилганингизда эса, Аллоҳнинг изни билан ҳар бири учун ўнтадан етти юзтагача ва тўп-тўп хасанотлар ёзилажак.

Аллоҳ таоло барчамизга яхши ният билан солих амаллар килишимиз учун тавфиқ берсин!

Омин!
 
SAKINADate: Juma, 06-Sen-2013, 10:18 | Message # 4
Peshqadam
Group: IJODKOR
Messages: 2592
Status:
Бўлиб ўтган ушбу воқеани бир пайтлар Марказий Африка ҳудудида фаолият олиб борган бир шифокор ёзиб юборган:

Кечки навбатчиликларнинг бирида ҳамширалар билан оғир туғруқ жараёнини ўтказишга тўғри келди. Қанчалик ҳаракат қилмайлик, онани олиб қола олмадик. У бизга жажжигина, муддатидан олдин дунёга келган бир гўдакни ва чирқиллаб йиғлаб қолган икки ёшли қизчани қолдириб, кўз юмди.

Зарур шарт-шароит бўлмагани боис, гўдакни қандай сақлаб қолишни тасаввур қила олмасдик. Чунки ўша вақтда асбобларни ишлатиш учун электр ҳам йўқ эди.
Экваторда бўлсак ҳам, кечалари жуда совуқ ва жон-жонингиздан ўтиб кетадиган шамоллар эсар эди.
Ёрдамчиларимдан бири, стажер-акушер омбордан бир қучоқ пахта олиб келиб ҳозиргина дунёга келган болани ўрай бошлади. Ҳамшира эса, иситгич олиб кетгани югурди. Аммо бир неча дақиқадан сўнг тушкун ҳолда йиғламсираб қайтиб келди ва иссиқ сув қуяётганида иситгичнинг ёрилиб кетганини айтди. “Бу бизнинг энг охирги иситгичмиз эди!”- деди у куюниб.
Ҳа, тропик иқлимда резинанинг мўртлашишини яхши билардим, лекин айнан ҳозир, жуда зарур пайтда бундай бўлиши...

Ғарбда “тўкилган сутга ачиниш ярамайди”, деганларидек, Марказий Африкада ҳам ёрилган иситгич туфайли тушкунликка тушишдан фойда йўқ. Чунки, иситгич, биласиз, дарахтда ўсмайди, сотиб олай десангиз, яқин ўртада на дорихона, на дўкон бор.
Бўлар иш бўлди, - дедим ҳамширага ва бошқа ходимларга қарата. - Болани бу совуқ кечадан тирик олиб чиқиш учун оловга иложи борича яқинроқ қўйинглар. Ўзимиз эса галма-галдан бола билан эшик ўртасида ётамиз. Яна чақалоққа шамол тегмасин. Шу кунларда энг муҳими – болани иссиқда ушлаб туриш.

Одатга кўра, эртасига болалар уйига бордим. У ерда истаган болалар билан намоз ўқирдим. Намоздан олдин уларга кечаси бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердим. Иситгич ҳақида, гўдакни доимо иссиқда ушлаб туриш қийинлиги ҳақида гапирдим. “Иситгич бизни бу вазиятдан қутқарган бўларди, - қўшимча қилдим мен. - Чунки бола сал совуқ қотса ҳам ўлиб қолиши мумкин”.
Шунингдек, болаларга гўдакнинг икки ёшли опаси борлигини, онасини соғиниб йиғлаётгани ва онаси энди умуман қайтиб келмаслигини айтдим.
Болалар диққат билан қулоқ солишди ва дуо қилгани туришди. Шунда ўн ёшлар атрофидаги бир қизчанинг дуо қилиши мени ҳайрон қолдирди. У кучли ихлос, бегуноҳ болаларга хос покиза иймон билан дуо қиларди.
“Илтимос, Аллоҳ, - деб дуо қиларди у. – Бизларга иситгич юбор. Эй Аллоҳ, иситгични бугун юбор, чунки эртага кеч бўлиши мумкин. Чақалоқ эртагача ўлиб қолса нима бўлади?”
Дуосининг охирида эса, яна қўшимча қилиб қўйди: “Аллоҳим, бизга яна чақалоқнинг опаси учун қўғирчоқ ҳам юбор. Шунда сен уни яхши кўришингни, ўзининг ёлғиз эмаслигини ҳис қилади. Илтимос, Аллоҳим!”

Бу сўзларни эшитиб боланинг қалбидаги ихлос ва покизаликдан лол қолдим. Ўшанда бу дуога “омин” дея олармидим? Йўқ, менимча ихлос билан айта олмасдим. Бу илтимосни Аллоҳ қондириши мумкинлигига тўлиқ ишона олмасдим. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир ва нимани истаса қила олиш қудратига эга, Қуръонда шундай дейилган. Аммо ҳамма нарсада бўлганидек, илтимоснинг ҳам чегараси бор-ку! Мен ўша шароитда бу илтимосни бажариш мутлақо имконсиз, деб ўйлардим. Чунки бизга иситгични фақат менинг юртимдан юборишлари мумкин эди. Лекин мен у ерда деярли тўрт йилдан буён ишлардим ва ҳали ҳеч кимдан бирорта ҳам посилка олмагандим. Бирортаси посилка юборса ҳам, экваторга, тропик жазирамага иситгич жўнатиш кимнинг ҳам хаёлига келарди?
Ана шундай ишончизлик ҳаёллари билан ишга қайтдим.
Бир неча соатдан кейин, ўқувчиларимга тиббиёт асосларидан сабоқ бераётган пайтимда (уйим ишхонага яқин жойлашганди) уйим олдига машина келиб тўхтаганлиги хабарини беришди.
Уйга етиб келгунимча машина кетиб бўлибди. Лекин, кираверишда 22 килограммлик посилка турар эди.

Мен кўзимга ёш тўлаётганини сездим. Посилкани ўзим оча олмагач, болаларни ёрдамга чақирдим. Бугун ўзим борган болалар уйининг тарбияланувчилари бир пасда етиб келдилар. Уларнинг орасида ҳалиги ўн ёшли қизча ҳам бор эди. Болалар билан бирга тугунларни ечиб, пичоқ билан аста қутини очдик. Ўттиз жуфт кўз қимир этмай менинг қутидан совғаларни олишимни кузатиб турарди.

Қутининг энг устида бир нечта рангоранг свитерлар бор экан. Уларни тарқатиб берганимда болаларнинг кўзлари шодликдан яна ҳам ярқираб кетди. Кейин беморлар учун боғламларни олдим. Уларнинг тагидан турли хил тиббий ускуналар чиқди. Болалар уларга тушунмай қараб туришарди. Сўнгра майиз солинган бир нечта пакетларни олиб четга қўйдим.

Кейинги маротаба қутига қўл солганимда... Йўқ... Бўлиши мумкин эмас!
Ўз кўзларимга ишонмай, ҳақиқатга умуман тўғри келмаслигини тушунган ҳолда қутидан .... ҳа, ҳа, қутидан яп-янги иситгични олдим!

Болалар ҳайратдан ҳайқириб юборишди. Мен кўз ёшларимни тия олмасдим.
Мен Аллоҳдан иситгич юборишни сўрамаган эдим. Чунки бунинг иложи борлигига умуман ишонмасдим. Қанчалик ҳам аҳмоқ эканманки, дуонинг кучига ишонмай ўтирибман!
Шунда ҳалиги ўн ёшли қизча хурсанд ҳолда олдимга югуриб келди. Қутига тикиларкан, у “Аллоҳ иситгични юборибдими, қўғирчоқ ҳам юборган бўлиши керак”, - деб қулоғимга ишонч билан пичирлади.

Ҳа! Албатта! Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди! Қутининг энг тагида ажойиб, жажжигина қўғирчоқ ётарди. Қизалоқнинг кўзи икки юлдуз каби порлаб кетди. У дуосининг ижобат бўлишига бир сония бўлсин, шубҳаланмаган эди.
“Қўғирчоқни ҳалиги қизга бергани сиз билан бирга борсам майлими, Аллоҳ уни жуда яхши кўришини унга айтардим?... Илтимос”, - дея сўради мендан. Кўзларимда ёш, “Албатта, ширинтойим”, - дея бош силкидим.

Ўша посилка йўлда роппа-роса беш ой юрган экан. Уни менинг собиқ ўқувчиларим собиқ ҳамкасбимнинг ташаббуси билан юборган эканлар. Айнан шу вақтда посилка жўнатишни ва унга иситгич қўшиб қўйишни эса, унинг қалбига Аллоҳ таоло солганди. Бир шогирдим эса, холис иймонга эга қизалоқнинг дуосига жавобан қутининг ичига ўша жажжигина қўғричоқни солиб қўйибди.

Роббим мана бундай марҳамат қилганини унутмайлик, азизлар:
“Улар дуо қилиб сўрасалар, Мен уларнинг дуоларини ижобат қиламан.”
 
DURDONDate: Payshanba, 24-Okt-2013, 00:30 | Message # 5
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қуйида ихлосни рўёбга чиқарадиган ва уни мустаҳкамлайдиган омиллардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
1. Банда амал қилаётганда махлуқларнинг кузатувига эмас, балки Холиқнинг кузатиб турганига эътиборини қаратиши лозим. Чунки, бандаларнинг кузатувининг унга ҳеч қандай фойдаси йўқ. Улуғ авлиёлардан бўлмиш Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Инсонларни деб бир амални бажариш ширк, инсонларни деб бир амални тарк этиш риёдир. Ихлос эа, Аллоҳ сени бу иккисидан асрамоғидир”.

2. Банда усти билан ичини, ошкораси билан яширинини бир хил қилиши, яъни ташқи кўриниши гўзал бўлиб, ичи хароб бўлмаслиги лозим. Сиррий Сақатий ҳазратлари: “Кимки инсонларнинг кўзи учун амалини чиройли қилса, Аллоҳ таолонинг назаридан у амал соқит бўлади”, деганлар.

3. Банданинг наздида одамларнинг уни мақташи ҳам, ёмонлаши ҳам бир хил даражада бўлиши керак. Яъни кишиларнинг мақтов ва айбловларига эътибор қилмаслик лозим. Улуғлардан бирлари: “Агар сен Аллоҳнинг ҳузурида мақтовга сазовор инсон бўлсанг, кишилар сени ёмонлашининг сенга ҳеч бир зарари етмайди. Шунингдек, агар сен Аллоҳнинг ҳузурида мақтовга сазовор инсон бўлмасанг, у ҳолда кишилар сени мақташининг сенга ҳеч қандай фойдаси тегмайди”, деган экан.

4. Банда ўз амалида ихлос қилаётган бўлса, бу ҳолдан ўзи ажабланмаслиги, уни бировларга гапирмаслиги ёки эшиттирмаслиги керак. Акс ҳолда, қилган амали бутунлай бекор бўлади. Шунинг учун ҳам кўпчилик орифлар киши ўзининг қилаётган амалини, ихлосини ҳисоб китоб қилмаслиги лозимлигини кўп таъкидлаганлар. Бу борада хатто Абу Яъқуб Сусий: “Қачонки банда ўзининг ихлосини мукаммал ихлос дея ҳисобласа, шу ондан бошлаб унинг ихлоси ихлосга муҳтож бўлади”, деган. Абу Бакр Даққоқ шундай деган: “Ҳар бир мухлиснинг нуқсони ўз ихлосига эътибор бериб, уни камолга етди деб ўйлашидир”. Абу Усмон Мағрибий қуйидаги маънодаги гапни айтган: “Ҳақиқий мухлис бандалар бир амални бажараётганларида ўзларини ҳам, қилаётган амалларини ҳам, ўша амалларидаги ихлосни ҳам ўйламайдилар. Улар бу пайтда фақатгина ўзларига ихлос неъматини ато этган Аллоҳ азза ва жаллани ўйлаб, амални Унинг ўзига холис қиладилар”.

5. Банда бу дунёда қилаётган солиҳ амалим охиратда савобга эришишимга сабаб бўлади деган фикрни миясидан чиқариб ташлаши лозим. Чунки, баъзида унинг амалига ихлосга путур етказадиган бирор нарса қўшилиб қолиб, натижада амал Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлмай қолган бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”. (Моида сураси, 27-оят).
Демак, Аллоҳ фақат тақводорларнинг амалини қабул қилар экан. Чунки, тақводор банда барча амалларини ихлос билан адо этади. Шу маънода ҳадиси шариф ҳам ворид бўлган.
Заҳҳок ибн Қайсдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амалларингизни Аллоҳ учун холис қилинглар. Чунки, Аллоҳ фақат Ўзига холис қилинган амалнигина қабул қилади”, дедилар. Дорақутний ривояти.

6. Банда қилаётган амаллари қанчалик катта бўлмасин, Аллоҳнинг унга берган энг кичик неъматига ҳам тенг кела олмаслигини билиши лозим. Зеро, ўша амални қилиш учун унга куч-қувват, сабр, ихлос каби неъматларни берган Унинг ўзидир. Шунинг учун банда ўз амалларини савобни жалб қилувчи омил деб қарамаслиги, эришаётган савобларини Аллоҳнинг унга кўрсатаётган инъоми, эҳсони, фазли деб билиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ҳеч бирингизни қилган амали жаннатга киритмайди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Сизни ҳамми эй Расулуллоҳ?” дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳам. Аммо Аллоҳ мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кираман)”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

7. Банда ўзи сезмаган ҳолда қалбига риё ва ҳавойи нафснинг киришидан қўрқиши керак. Чунки, шайтоннинг қалбга кирадиган махфий йўллари бор. Гоҳида шайтон бандага зоҳирий маъсиятларни қилдиришдан умидини узиб, ботиний маъсиятларни қилдириш учун қалбга кириб олади. Қалбга кириб олган шайтон бир кун келиб ўз мақсадига эришади. Натижада банданинг Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилган ибодатларини, амалларини зое бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ихлос билан ибодат қилиш қийин, шу сабабли мухлис бандалар ҳам кам. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтувчилар кўп, аммо уларнинг ичида ихлослилари кам”, деган эканлар.

Юқорида санаб ўтганимиз мукаммал ихлосни шакллантириб, уни кучайтирувчи омиллардир. Ҳар бир киши ўзида юқорида санаб ўтилганлардан қанчаси бор ёки йўқлигига қараб ихлосининг миқдорини, даражасини билиб олиши мумкин. Ихлоснинг бундан бошқа шакллантириб, ривожлантирадиган омиллари ҳам бор. Аммо биз бу ўринда энг асосийларини келтириб ўтдик. Аллоҳ барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилиб, ҳар бир амални Ўзигагина холис қилишимизни насиб этсин! Ихлоссиз амал қилишдан ва уни зое бўлишидан асрасин!




 
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Ихлос ва ният
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: