• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Қиёмат аломатлари.(1-2-3-4-5qismlari)
Қиёмат аломатлари.(1-2-3-4-5qismlari)
RiderDate: Chorshanba, 21-Okt-2009, 19:00 | Message # 1
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
Қиёмат аломатлари. 1-қисм


Ҳаммамизга маълумки ҳар бир ўзини мусулмон деб санаган киши қиёмат кунига иймон келтириши фарздир. Бу кунга иймон келтириш Ислом рукнларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса … “, деб айтади (Бақара, 177).

Расулаллоҳ с.а.в. хам иймон хақида савол берган Жаброил алайҳиссаломга “«(Иймон): – Аллоҳ таъолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни хамда тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу кунга иймон келтирганлар ўз ҳавои-нафсининг қули бўлиб бойлик, мол-дунё, обрў орттиришга эмас балки ана шу ваъда қилинган кун келгунга қадар имконияти борича кўпроқ яхши ва савобли амаллар, гўзал ибодатлар қилишга, қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолодан мағфират сўраб тавба қилишга, ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Ҳадид, 21)

Оҳират кунига иймон келтирмаганлар эса фисқу-фасодга берилиб, таназзулга юз тутадилар. Ўлганидан сўнг қилган гуноҳларига яраша жазо олишига ишонмаган одамдан яхшилик кутиб бўладими? Ҳалқимиз айтганидек “Аллоҳдан қўрқмаган, бандасидан қўрқармиди”. Бундай одамлар охиратини обод қилишни эмас балки бу фоний дунёда мазза қилиб, роҳатланиб яшаб қолишни ҳоҳлайдилар ва бу мақсадларига эриши учун жиноят ва гуноҳлардан, разиллик ва ифлосликдан ҳам тап тортишмайди. Аллоҳ таоло ана шундай қиёмат бўлишига иномайдиган ёки қиёматгача ҳали узоқ деб санайдиган кимсаларга қарата: «Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб биладир. Ва Биз уни жуда яқин, деб билурмиз. У кунда осмон худди қора мой қолдиқларига ўхшаб қоладир. Ва тоғлар худди титилган жунга ўхшаб қоладир. Ва яқин дўст ўз дўстидан сўрамайдир. Уларни кўриб турадирлар. Гуноҳкор ўша кун азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам, Ва хотинини ва ака-укасини ҳам, Ва уни ўзига олган қабиласини ҳам, Ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам фидо қилишни, сўнгра ўзи нажот топишни истайдир», деб марҳамат қилади (Маориж, 6-14) .
 
RiderDate: Chorshanba, 21-Okt-2009, 19:01 | Message # 2
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
Бу куннинг дахшатлари хақида Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида “Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир“, деб айтади (Ҳаж, 1-2).

Қиёмат хақида барча пайғамбарлар ўз қавмларини огоҳлантирганлар. Нух алайхиссалом ўз қавмига қарата “Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир. Сўнгра сизларни унга қайтариб, яна чиқарадир” деб айтган бўлса (Нуҳ 17-18), Иброҳим алайҳиссалом эса “Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир. У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам Унинг Ўзи. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи. Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи“, деган гапларни айтган (Шуаро 77-82).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса Аллоҳ таоло кофирларга қарата “… Ундоқ эмас, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинурсизлар. Бу иш Аллоҳ учун осондир”, деб айтишни буюради (Тағобун, 7).

Ҳулоса қилиб айтганда Қуроъни каримда биронта саҳифа йўқки бизни қиёмат куни ҳақида огоҳлантирмаса. Лекин шу билан бирга бу кун қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга хеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Қуроъни каримда айтади: “Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар”, деб жавоб бер” (Аъроф, 187)
 
RiderDate: Chorshanba, 21-Okt-2009, 19:03 | Message # 3
Admin yordamchisi
Group: Usta
Messages: 2650
Status:
Шунингдек Назият сурасида “Сендан, қиёмат қачон бўлур? деб сўрарлар. Унинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббингга хосдир“, деб Аллоҳ таоло бу куннинг қачон бўлишини фақат ўзигагина хослигини таъкидлаб ўтади.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ривоят қилинган ҳадисда ҳам Жаброил алайҳиссалом келиб Пайғамбаримиз с.а.в. дан қиёмат ҳақида хабар беришни сўраганида у зот с.а.в “У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас” деган жавобни берадилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоятлари). Яъни ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики хатто Аллоҳнинг фаришталари ҳам бу кун қачон бўлишидан беҳабардурлар.

Аллох таоло қиёмат қачон бўлиши хақидаги илмни яширгани билан, бизга бу кун яқинлашганда содир бўладиган воқеалар яъни қиёмат аломатларини билдириб ўтган. Қиёмат аломатлари ҳақидаги маълумотлар бизга Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида баён қилинган.

Ушбу мақоламиз билан биз қиёмат аломлатларига бағишланган рукнимизни бошлаймиз. Бир нечта мақолалар давомида қиёмат кунининг катта ва кичик аломатлари ҳақида сизга батафсил маълумот беришга харакат қиламиз. Мақолаларни тайёрлаш давомида бир нечта манбаълардан фойдаланамиз. Бу соҳада бир нечта китоблар ёзилган бўлиб, улар орасида саҳиҳ ҳадисларга асосланганлари ҳам заиф хадисларда келган аломатларни ўз ичига олганлари ҳам бор. Бизнинг асосий манбаъамиз Имом Анвар ал-Авлақийнинг, Юсуф Ал-Вобилнинг “Ашрат ас-Саъа” номли китоби асосида тайёрланган “Ал-Ахира” номли маърузаларидир. Сабаби бу китобда йиғилган аломатларга саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтирилган, заиф ҳадисларда келган аломатлар эса киритилмаган. Шунингдек Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг “Сунний ақийдалар” китоби, Обид қорининг “Қиёмат ва унинг аломатлари” номли маърузалари ва бошқа адабиётлардан ҳам фойдаланиб борамиз.

Аллоҳ таоло бошлаган ишимизни енгил қилсин. Амийн.


Manba
 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:31 | Message # 4
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қиёмат аломатлари. 2-қисм


Ўтган мақоламизда қиёмат кунига иймон келтириш, бу куннинг дахшатлари ва бу кун қачон бўлиши хақидаги илмнинг биздан яширилгани хақида сўз юритган эдик. Бугунги мақоламиз билан иншааллоҳ қиёматнинг кичик аломатларини баён қилишни бошлаймиз.

Аввало бир саволга жавоб берайлик: “Нима учун қиёмат кунини беркитган Аллоҳ унинг аломатларини бизга очиқ баён қилди?”

Обид қори устозимиз ўзларининг маърузаларида ( Ma'ruza )бунинг ҳикматини қуйидагича тафсир қиладилар:


“Пайғамбарлардан тобора узоқлашиб боргани сари одамларнинг эътиқоди, дину-диёнати ҳам ўзгариб бориши табиий ҳолат.

Анас р.а. “Расулаллох с.а.в. вафот этган кунлари у кишини дафн этиб қўлларимизни Расулаллоҳ с.а.в. нинг қабрлари тупроғидан олар-олмас қалбимиз танимайдиган даражада ўзгарганини сездик” дейди (Термизий ривояти)

Яъни Расулаллоҳ с.а.в. дунёдан ўтишлари биланоқ бунинг акси одамларда сезилди. Энди эса Расулаллоҳ замонларидан узоқлашиб қиёмат яқинлашган сари одамларнинг дунё қарашлари ўзгариб борверади. Шунинг учун қиёмат аломатлари оҳир замон одамлари орасида кўп бўлаверадики, зора одамлар шу аломатларни кўриб эсларини йиғсалар, тўғри йўлга қайтсалар. Яъни қиёмат аломатлари инсон иймони мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан. Бу аломатлар ҳақида эшитган, ўқиган одам уларни хаётида кўрганда хақ динда юрганлигига яна бир бор амин бўлади, эътиқоди янада мустахкам бўлади, худодан қўрқуви ортади ва эхтиёткорлиги ошади.”

Демак бу аломатлардан мақсад бизга бу куннинг хақлигини, хисоб-китоб борлигини эслатиб туриш. Динимизни, эътиқодимизни ва иймонимизни мустаҳкам тутиш экан.


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:33 | Message # 5
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қиёмат аломатлари тахлилига ўтар эканмиз бу аломатларнинг икки турли эканлигини айтиб ўтиш керак. Биринчи тур аломатлар бир марта юз берадиган воқеани тафсирлайди ва бу воқеа юз берганда ҳадисларда баён қилинган аломатлардан бири шу эканлигини аниқ биламиз. Масалан Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу воқеа хижратнинг 654 йилида содир бўлган ва Имом Ан-Нававий (Шархи Муслим, 18/28), Ибн Касир, ал-Қуртубий, Ибн Хаджар ва бошқа кўпгина олимлар бу хақида хабар берганлар.

Иккинчи тур аломатлар эса бир неча марта юз бериши мумкин ёки одамлар бу аломатни бўлиб ўтди деб ўйлашади ваҳоланки ҳали юз бергани йўқ. Масалан Шақиқ р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Қиёмат қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”, деганлар (Бухорий ривояти). Маълум бир замонда яшаган одам “мана бизнинг давримизда қотиллик кўпайиб кетди” дейиши мумкин ваҳоланки шундай замонлар келиши мумкин жоҳиллик ва қотиллик янада ошиб, унинг кўрганлари хеч нарса бўлмай қолади.

Келинг энди қиёмат аломатларига ўтайлик:


1. Муҳаммад с.а.в. нинг набийликлари


Оҳирги Набийнинг ер юзига юборилиши қиёматнинг энг биринчи аломатидир. Расулаллоҳ с.а.в. ўзлари бунга жуда кўп ишора қилганлар.

Анас ибн-Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб: “Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби юборилганмиз”, деганлар (Бухорий, Муслим, Ахмад, Термизий ривоятлари). Яъни охирги пайғамбар ва қиёмат орасида шунчалик кам вақт қолганига ишора қилганлар.

Абу Джубайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Мен қиёмат куни нафасида юборилдим” деганлар (Ал Давлаби ривоят қилган, Шайх Ал-Албоний саҳиҳ деган).

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Биз Расулалло
ҳ с.а.в. олдиларида эдик. Вақт асрдан оғган эди. Набий с.а.в. дедилар “Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир” (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ). Яъни бу билан Расулаллоҳ с.а.в. ҳудди кун охирида, сардан сўнг қуёш ботишига яқин қолгани каби бизнинг ҳам умримиз охирлаб қолганини айтганлар.


2. Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари


Қиёматнинг иккинчи катта аломати Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотларидир.

Авф ибн Молик (р.а.) ривоят қилади: “Мен Табук ғазоти вақтида Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келдим, шунда у зот теридан қилинган бир чодирда ўтирган бўлиб, шундай деб марҳамат қилдилар: “Қиёматдан илгари бўладиган олти аломатни бирма-бир санаб чиқаман: “Улардан бири – менинг ўлимим, кейин Байтул Мақдис фатҳи, сўнг қўйлар ўлатидек сизларда тарқаладиган вабо, кейин мол-дунёнинг кўпайиб кетиши, ҳатто бир кишига юз динор берилса, назарига илмай, ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, бундан дарғазаб бўлади. Сўнг бирорта ҳам арабнинг уйини қолдирмай кириб борадиган фитна, кейин сизлар билан Бани ал-Асфар” (Имом Бухорий ривояти)

Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари барча саҳобалар учун жуда қаттиқ зарба бўлди. Анас ибн-Молик ривоят қилади “Расулаллоҳ с.а.в. Мадинага кириб келганларида шахар нурга тўлган эди, у зот вафот этган кунлари шахар қоронғуликка чўмган эди. Расулаллох с.а.в. ни дафн этиб, қўлларимизни у зотнинг қабрлари тупроғидан олмасимиздан қалбимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганини сездик” (Термизий ривояти).


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:35 | Message # 6
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
3. Байтул Мақдис (Иерусалим) нинг фатҳ бўлиши



Бу воқеа хижратнинг 16 йилида, Умар бин-Хаттоб ҳалифалиги даврида юз берди. Абу Убайда бошчилигидаги лашкар Байтул Мақдисни қўршовга олишганда, у ернинг ҳукмдори таслим бўлади, лекин шахар дарвозаси калитини фақат ҳалифа Умар бин-Ҳаттобга беришга рози бўлади.

Мусулмонлар билан маслаҳат ўтказган ҳалифа битта туяни олиб, хизматкори билан йўлга чиқадилар, ва галма-галдан туяни минишга келишиб оладилар. Ҳалифа Умар р.а. хизматкорлари билан навбатма-навбат туяни миниб келиб, шахарга яқинлашганларида туяга миниши навбати хизматкорга, туяни етаклаш навбати эса Умар р.а. га тегади. Хизматкор хижолат бўлиб хазрат Умарга туяни минишни таклиф қилганида ҳам адолатли Умар р.а. бундан бош тортадилар ва шахарга туя етаклаб кириб борадилар.

Шахар дарвозаси олдида ҳалифани кутиб олган Абу Убайда р.а. хижолат бўлиб бу ернинг одамлари бошқаларни кийимига, зебу-зийнатига қараб хурмат қилишини айтганда ҳалифа “Аллоҳ бизга исломни бериб ҳурматимизни кўрсатиб қўйди ва шу ислом билан душманларнинг кўзида бизнинг обрўмизни кўтарди. Агар биз исломни қўйиб бошқа йўллар обрўмизни кўрсатишга ҳаракат қилсак, Аллоҳ бизни уларнинг кўзида беҳурмат қилиб қўяди” деган жавобни берадилар.

Дарҳақиқат дунёга номи таралган ҳалифа Умар р.а. нинг соддалигини кўрган, унинг адолати ҳақида эшитган шахар аҳолиси уни янада кўпроқ ҳурмат қилиб, ўз қўллари билан шахар калитини унга топширадилар.

Юқоридаги ҳадисни шархида Ибн Касир айтади: “Қуддус аҳолисининг китобларида “шахар калитини кийимида ўн тўртта ямоғи бор одам олади”, дейилган экан, Умар р.а. ҳам шахарга кириб келганларида кийимларининг ўн тўрт жойида ямоғи бор эди”.


4. Вабо тарқалиши


Бу воқеа хижратнинг 18 йили, яъни Куддуснинг фатхидан икки йил ўтганидан кейин юз берди. Қуддусдаги Амвас номли шахарда тарқалиб бошлаган вабо бутун Шом (хозирги Палестин, Сирия, Ливан, Иордания) диёрига тарқалди ва йигирма беш мингга яқин мусулмоннинг жонини олиб кетди. Буларнинг орасида юқорида номи зикр қилинган, Қуддусни фатх қилган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган саҳобалардан Абу Убайда ибн Ал Жарроҳ ҳам бор эди.

Кўпгина мусулмонларнинг жонини олган бу касаллик улар учун Аллоҳнинг раҳмати ҳам эди, чунки Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. вабодан ўлганларни шаҳид бўлишини айтиб ўтганлар (Бухорий ривояти).


5. Мусулмонларда мол дунёнинг кўпайиши


Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади Расулаллоҳ с.а.в. “Мол-дунёингиз ошиб-тошиб кетиб бировга садақа узатсангиз, у: “Садақага зор эмасман!” дейдиган кунлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

Бу аломат Умар бин-Ҳаттоб даврларида, кейинчалик Умар ибн-Абдулазиз ҳалифалик даврларида ҳам зоҳир бўлди.

Китобларда ривоят қилинишича Умар ибн-Абдулазиз замонларида ҳалифалик остида бўлган Шимолий Африка давлати Мадинага катта миқдорда тилла юборади. Ҳалифа “Нима учун бу тиллани бизга юбординглар? Маҳаллий ҳокимият бойлардан йиққан пул ўша ерда қолиши, бева-бечораларга улашиб берилиши керак”, деганида “Бизда бева-бечоралар қолмади”, деган жавобни олади ва пулни ўша давлатдаги қулларни озод қилишга ва давлатни ободонлаштиришга сарфларши буюради. Худди шундай ҳодиса Ямандан юборилган закот билан ҳам юз беради.

Демак ана шу даврда Аллоҳ таолонинг раҳмати билан, У берган баракаси билан мусулмонлар бой-бадавлат бўлиб яшашган.

Шунингдек олимлар бу ҳодиса яна бир бор қиёматга жуда яқин қолганда Исо ибн Марям ва хазрат Маҳди ҳукмронлиги вақтида юз беради дейишади.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Одамларга шундай замон келадики, унда бир одам тилладан бўлган закотини олиб айланиб юради, аммо уни оладиган бирор киши топа олмайди” деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яъни одамлар у замонда нафақат бой балки қаноатли ҳам бўладилар. Мисол учун хозирги кунда агарки жуда бой бўлган одамга ҳам тилла таклиф қилсангиз у киши йўқ демайди, Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда, у зот “Агар одам боласининг бир водий тўла олтини бўлсада, у яна икки шундай водийни орзулайди” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Лекин қаранги шундай замонлар келар эканки инсонлар бойлигига қаноат қиладиган бўлиб қолар экан, ва бу қиёматнинг аломатларидан бири экан.
Ва Аллоҳу аълам


Manba

 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:39 | Message # 7
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қиёмат аломатлари. 3-қисм


Ўтган мақоламизда қиёматнинг кичик аломатлари тафсирини бошладик ва биринчи беш аломатни келтирган эдик. Бугун иншааллоҳ қўлдан келганча кейинги кичик аломатлар тафсирига ўтамиз.

6. Фитналар бошланиши

Расулаллоҳ с.а.в. шундай фитналар ҳақида огоҳлантирдиларки улар мусулмонлар учун жуда кучли синов бўлади, бу фитналар оқибатида кўпгина мусулмонлар ҳалок бўладилар ва кўплари диндан қайтиб кетадилар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади”(Муслим ривояти)

Ҳасан Басрий ушбу ҳадисни шархлари эканлар қуйидаги гапларни айтадилар: “Аллоҳнинг номи билан қасамки биз шундай одамларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Тана бор ақл йўқ, ҳудди шамга учган парвонага ўхшайдилар. Икки дирҳам учун диндан чиқиб, икки дирҳам учун яна қайтиб кираверадилар”. Ҳасан Басрий бу гапларни тобеинлар даврида айтган эканлар, ҳозирги кунда аҳволни кўриб қизиқ нима деган бўлардилар?

Абу Муса Ал-Ашаридан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Қиёмат бўлишидан олдин шундай замонлар келадики зулматли кечанинг парчасидек фитналар пайдо бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради. У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади. Агар шундай вақтлар келса, найзаларни синдириниг, камонлар ипини узинг ва қиличларингизни тошларга уриб синдиринг. Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғиллариниг яхшиларидан бўлинг” дедилар.

(Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Ал-Ҳаким ривоятлари)


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:40 | Message # 8
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Яъни бу ҳадиснинг маъноси шундай замон келганда фитналардан узоқ туринг. Сабаби бу пайтда ҳақ ва ёлғон орасидаги фарқни ажрата олмай қоласиз. Шошиб нотўғри ҳулоса қилиб кейин гуноҳга қолиб юрманг.

У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади.

Демак иложи борича бу фитналардан узоқ туринг. Қанча узоқ турсангиз шунча афзал.

Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғилларининг яхшисидан бўлинг

Бу ерда Одам а.с. нинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил назарда тутилиб, Қобил Ҳобилни ўлдирмоқчи бўлганида Ҳобил унга қарата “Агар мени ўлдирсанг, ҳеч қачон ҳаловат топмайсан. Сен мени ўлдириш учун қўл кўтариб турибсан. Лекин мен сендан кучлироқ бўлсам ҳам, қўл кўтармайман. Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳдан қўрқаман” деб айтади. Яъни ҳадисдан мурод Аллоҳдан қўрқинг ва ҳаттоки уйингизга бостириб киришганда ҳам Одам а.с. ўғилларидан яхшиси, Ҳобилдан, ўрнак олинг.

Қиёматнинг бу аломати ҳақида гап кетар экан шуни айтиш керакки ислом оламида баъзи катта ва катта фитналар бўлиб ўтди, баъзилари ҳозирда юз бераяпти ва қиёматга яқин унданда катта фитналар юз беради.

Ибн Умар р.а. ривоят қилинади: “У киши Набий с.а.в. нинг машриққа қараб туриб «Огоҳ бўлинглар! Фитна мана шу, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдадир», деганларини эшитган экан”. (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат тариҳга назар солсак ҳам бугунги кунда мусулмон оламидаги кўпгина фитналар машриқдан келиб чиққан экан. Дажжол ва яъжуж-маъжуж ҳам машриқдан чиқар экан.

Шақиқ р.а. ривоят қиладилар: “Ҳузайфа: “Бир куни биз ҳазрат Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: “Қай бирингиз жаноб Расулаллоҳнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини биласиз?”, дедилар”, деди. Шунда Ҳузайфа “Барча фитна кишининг ўз хотини, болалари ва қўшнисидан содир бўлади, уни садақа бериш, намоз ўқиш ва амри маъруф қилиш билан даф этадилар”, деб айтганлар” дебди. Ҳазрат Умар: “Мен буни назарда тутганим йўқ, мен денгиз каби мавж урадиган фитна ҳақида сўраяпман”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эй Амир ал-мўминин, ундай фитнадан сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан унинг ўртасидаги эшик ёпиқдир!”, дебди. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эҳтимол, синдирилади”, дебди. Ҳазрат Умар: “Агар синдирилса, абадулабад қайта ёпилмас!”, дебдилар. Ҳузайфа: “Ҳа, шундай!”, дебди.

Кейин биз Ҳузайфага: “Ҳазрат Умар ўша эшикнинг ким эканлигини билар эдиларми?”, деб сўрадик. Ҳузайфа: “Ҳа, албатта, мен эртанги кун келишидан аввал тун бўлишини билганимдек яхши билардилар, чунки мен у кишига жаноб Расулаллоҳнинг шу хақидаги ҳадисларини айтиб берганман”, деди. Сўнг биз ўша эшик ҳақида бошқа савол беришга тортиниб, Масруққа: “Сен сўрагин-чи!”, дедик. У сўраган эди, Ҳузайфа: “Ўша эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидирлар”, деб жавоб қилди.

Умар р.а. нинг қатллари бу фитналар ўртасидаги эшикнинг бузилиши эди ва ислом оламидаги энг биринчи катта фитна ҳалифа Усмон р.а. нинг қатл қилинишлари бўлди. Умар р.а. ҳам Усмон р.а. ҳам қатл қилиниб шаҳид бўлган эдилар, лекин бу икки қотиллик ўртасидаги фарқ шундаки ҳазрат Умар р.а. кофирлар томонидан ўлдирилган бўлсалар, Усмон р.а. нинг қотилликлари ислом байроғи остида бўлди, ва бу мусулмонлар ўртасида кўпгина ихтилофлар, қонли тўқнашувларга ва хаворижларнинг диндан чиқишига сабаб бўлди. Бу фитналар натижасида мусулмон олами жуда узоқ вақтгача ўзига келаолмади, қонли тўқнашувлар натижасида баъзи маълумотларга қараганда йигирма минг баъзи маълумотларга қараганда етмиш мингга яқин мусулмонлар бир бирларини ўлдириб юборидлар.


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:41 | Message # 9
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
7. Ёлғон пайғамбарларнинг чиқиши

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг барчалари ўзининг Аллоҳнинг расули эканини даъво қилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари)

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. : “Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва бутларга ибодат қилмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас”, дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари)

Яъни асосий катта дажжол чиққунга қадар ҳам ўттизга яқин кичик дажжоллар чиқар экан ва улар ўзларини Аллоҳнинг расули деб эълон қилишади. Бу ҳадисни шархлаган олимлар ўттизта деганда таҳминан айтилган, яъни уларнинг сони аслида кўп, лекин ортидан катта-катта қавмни эргаштириб, мусулмонларга кўп зиёни тегадиганлари ўттизга яқин дейишади.

Биринчи ёлғон пайғамбарлар Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётлик даврларидаёқ пайдо бўлишган. Улардан биринчиси Бани Ҳанифа қавмидан Мусайлима исмли каззоб кўпгина иймони суст мусулмонларни йўлдан оғдирган. Кейинчалик Сажжох исмли аёл ҳам пайғамбарлик давосини қилди ва Мусайлима билан тил топишиб унга эрга тегиб олди. Абу Бакр ҳалифалиги даврида Йамама жангида Мусайлима ўлдирилгандан сўнг Сажжох тавба қилиб исломга қайтди.

Бундан кейин ҳам кўпгина каззоблар пайғамбарликни даво қилиб чиқишди. Шу яқин замондагиларидан Мирзо Ғулом Аҳмад Ал-Қодионий ва Бахауллоҳни мисол қилиш мумкин. Улар ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Баҳоия” ва “Қодёния” номли мақолаларини ҳамда “Пайғамбарлик даъво қилганлар ҳақида” номли мақолаларини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:47 | Message # 10
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
8. Мусулмон ҳалифалигида тинчлик ва осойишталикнинг тарқалиши

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда “Қиёмат бўлмайди, токи Ироқдан Маккага йўлга чиққан отлиқ фақатгина йўлдан адашишдан қўрқадиган замонлар келмагунча” дейилади. (Имом Аҳмад ривояти)

Азалдан бу йўллар жудаям ҳатарли бўлиб, ҳар бир йўлга чиққан карвонни бир лашкар қўриқлаб борар эди. Йўловчилар сафар давомида қароқчилар ва бошқа йўлтўсарлар томонидан хужум қилиниб жуда кўп зулм кўрар эдилар.

Лекин Расулаллоҳ с.а.в. шундай замонлар келишидан ҳабар бердиларки у пайтда бутун ҳалифаликда тинчлик осойишталик ҳукм суриб, йўловчилар қароқчи ва йўлтўсарлардан эмас балки йўлдан адашиб қолишдан қўрқишар экан ҳолос. Ва шундай замонлар бўлди ҳам.

Адий ибн Хотим р.а. ривоят қиладилар: “Мен Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларида ўтирганимда бир киши келиб қашшоқликдан шикоят қилди. Сўнг, яна бир киши келиб йўлтўсарлардан (қароқчилардан) шикоят қилди. Шунда Жаноб Расулаллоҳ: “Эй Адий, Ҳийра (Фурот дарёси яқинидаги шаҳар) ни кўрганмисан?”, дедилар. Мен: “Сира кўрмаганиман, у ҳақида ҳабарим бор ҳолос”, дедим. У зот: “Агар умринг узун бўлса, бир аёлнинг Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч кимсадан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини, албатта, кўрасан”, дедилар. Мен ўзимга-ўзим: “Мамлакатда фитна оловини ёққан Тай қабиласининг йўлтўсарлари қаерда қолади”, дедим.

Адий ибн Хотим айтади: “Кейин, мен Расулаллоҳ с.а.в. айтган ўша аёлнинг Аллоҳдан бўлак ҳеч кимдан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини кўрдим”. (Бухорий ривояти)

Келажакда эса Исо алайҳиссалом ва Маҳди даврларида бутун ер юзида яна шундай тинчлик ва осойишталик ҳукм суради дейишади муфассирлар.


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 05:53 | Message # 11
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
]9. Хижоз еридан ўт чиқиши

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу воқеа хижратнинг 654 йили юз берди. Ҳадисда зикр қилинган бу ўт Мадина яқинидаги вулқон отилиши эди. Ушбу воқеа ҳақида Имом Ан-Нававий, Ибн Касир, ал-Қуртубий, ибн-Хажар ва бошқа олимлар ҳабар берганлар.


10. Мусулмонлар ва турклар ўртасида жанг]

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилади: “Пошналари жундан қилинган қавмга қарши урушмагунингизга қадар ва кўзлари кичик (қисиқ), юзлари қизғиш, бурунлари пачоқ, юзлари ғадир-будир қалқон сингари (сергўшт, япалоқ), пошналари жундан қилинган туркларга (туркий элат) қарши жанг қилмагунингизга қадар қиёмат бўлмас” (Бухорий ривояти).

Еттинчи хижрий асрда турк элатидан бўлган Чингизҳон бошчилигидаги татар-моғул босқинчилари мусулмон юртларига бостириб кирдилар. Хижратнинг 656 йилида Боғдод шахрини вайрон қилишиб, у ердаги жуда катта исломий кутубхонани йўқ қилишиб, ҳалифа ал-Мустаъсимани қатл қилдилар. Амир Темур бостириб келгунга қадар моғуллар бир неча йиллар давомида мусулмонлар юртида ҳукмронлик қилдилар. Афсуски Амир Темур ҳам мусулмонларга жуда кўп зулм кўрсатди ва Дамашқ шаҳрини ер билан вайрон қилиб ёқиб юборди. Лекин кейинчалик турклар ҳам мусулмонликни қабул қилдилар, ислом байроғини юқори кўтардилар ва ислом ривожида ўз хиссаларини қўшдилар.

Айнан туркий халқлар Константинополь (хозирги Истамбул) ни фатх қилиб Осман империясига асос солдилар ва бу империя XX аср бошларига қадар ислом маркази ва таянчи бўлиб келди.

Шуниси қизиқки тарихда биринчи бор истилочи халқ мағлуб бўлган миллатнинг динини қабул қилди. Одатда бунинг акси бўлар эди, хукмронлик қилаётган тузум ўз тилини, динини ва урф одатларини мағлуб бўлганларга мажбурлаб бўлса ҳам киритишар эди. Лекин қарангки Аллоҳнинг қудрати билан туркий халқлар ҳам Исломни қабул қилишди ва бу дин учун жуда катта фойдалар келтиришди.


Manba


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:08 | Message # 12
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қиёмат аломатлари. 4-қисм


Ўтган мақолаларимизда қиёматнинг кичик аломатлари тафсирини бошлаган эдик ва бу аломатлардан кўплари содир бўлгани ҳақида ҳам гапириб ўтган эдик. Ушбу мақоламиз билан қиёмат аломатлари рукнмизни давом эттирамиз, ва афсус билан айтамизки қуйида келтирилган аломатларнинг кўпи бизнинг замонамизда юз бермоқда.

11. Омонатнинг кўтарилиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар омонат зое этилса қиёматни кутавер!”, дедилар. “Нечук зое бўлади?”, деб сўрашди. Жаноб Расулаллоҳ: “Агар ишлар унинг аҳли бўлмаган кишилар қўлига топшириб қўйилса, қиёмат кунини кутавергин!”, деб жавоб қилдилар” (Имом Бухорий ривояти)

Ҳузайфа ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. бизга икки ҳадис айтдилар, бирининг амалга ошганининг шоҳиди бўлдим, иккинчисининг бўлишини кутиб юрибман. Ўшанда Жаноб Расулаллоҳ бизга виждоннинг кишилар қалб томирларида нозил қилингани, сўнг кишилар Қуръон ва суннатни ўрганлганликлари ҳамда виждоннинг йўқолиб кетиши ҳақида сўзлаб бундай деган эдилар: “Киши бир ухлаб турганида қалбидаги виждони чиқиб кетиб, ўрнида бир рангсиз нарсадаги нуқтадек из қолади, сўнг яна ухлаб тургач, қолгани ҳам чиқиб кетиб, чўғни яланг оёғинг билан тепиб юборганингда ҳосил бўладиган қабариқдек нуқта қолади, кейин эса пуфакча пайдо бўлганини ёки ҳеч нарса қолмаганини кўрасан. Кейин одамлар ўзаро аҳдлашадилару, аммо бирорталари бунга амал қилмайдиган бўлиб қоладилар. Шунда фалон қавмда ҳалолу пок киши бор эмиш, у қанчалик доно, хушнамо ва матонатли эмиш деб сўзлайдиган бўлишади, аммо ҳақиқатда эса, у одамнинг қалбида хардал уруғичалик ҳам иймон бўлмайди” (Бухорий ривояти).


Яъни маълум бир мансабга нолойиқ инсонлар ана шу лавозимни эгаллашганида омонат зое бўлади. Ўзи порахўр бўла туриб катта лавозимни эгалласа, ҳақ нималигини билмайдиган инсон бошлиқ этиб тайинланса, исломдан ҳабари йўқ, иймонсизлар бош бўлиб қолганда омонат кўтарилади. Сабаби ундай инсонлар энди ҳақиқатни эмас, илм-маърифат динни эмас, ҳалқ манфаатини эмас балки ўз нафсларини ўйлайдилар. Ўша замонда инсонлар орасида виждон, ишонч ва оқибат ҳам кўтарилади. Инсонлар аҳдлашадилару лекин аҳдларига вафо қилмайдилар. Ўша замоннинг энг мақталган, ҳалолу-пок, матонатли деб аталган кишининг қалбида заррача ҳам иймон бўлмайди.

Шу сатрларни ўқир экансиз бир атрофингизга назар солинг. Юқорида ўтирган бошлиқларингизга бир қаранг. Ҳамма мақтайдиган “зўр одам” ларнинг қалбига бир назар солиб кўринг. Одамларнинг қанчалик “ростгўй” бўлиб боришаётганини ўйлаб кўринг. Эҳтимол Расулаллоҳ с.а.в. айтган замонлар келмадимикин?


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:12 | Message # 13
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
12. Илмнинг кўтарилиши ва жохилият тарқалиши

Анас р.а.: “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизларга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулаллоҳ с.а.в. қуйидагилар қиёмат аломатларидир деганлар”, дедилар:

*
Илмнинг сусаймоғи
*
Жаҳолатнинг кучаймоғи
*
Зинонинг авж олмоғи
*
Хотинлар кўпаймоғи

Эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто эллик нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи (Бухорий ривояти).

Илмнинг сусаймоғи деганда аксар уламо диний илм назарда тутилган дейдилар. Сабаби дунёвий илмлар вақт ўтиши билан ривожланиб, тарақииёт топиб бораверади, афсуски исломий илм эса сусайиб ва натижада жаҳолат кучайиб бораверади.

Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулаллоҳ с.а.в.нинг: “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгарларни ҳам адаштирадилар”, деганларини эшитганман”, деб айтган (Бухорий ривояти).

Астағфируллоҳ, деймиз, мана шундай кунлар бошимиздан ўтаяпти. Дунёвий илмлардан профессор бўлиб кетамиз, динимиздан ҳабаримиз йўқ. Ўзимизни мусулмон ҳисоблаймиз юриш-туришимиздан кофиру, аҳли китоблардан ҳеч фарқимиз қолмади. Ароқни ҳам ичамиз, зинони ҳам қиламиз, мусулмонмиз деб кўкрагимизни ҳам кериб қўямиз. Аллоҳ ҳаром деган ишларни тап тортмасдан қиламиз, Аллоҳ буюрган фарзлардан эса иккиланмасдан юз ўгирамиз. Биз жохил бўлмай, ким бўлсин? Урф-одатларимиз ҳам ибодатларимиз ҳам бидъатларга тўлиб кетган, исломда йўқ нарсаларни қилиб бу ислом деймиз, Қуръон ва суннатга амал қилганларни эса “ваҳҳобий”, “террорист” деймиз. Қаердан келди булар? Жавоб жуда оддий, нотўғри фатволар ва илмсиз инсонларнинг катта диний лавозимларни эгаллашлари, ёки юқорида айтлигани каби, омонатнинг кўтарилганидир.


Афсуски ҳозирги кунда фатво бериш арзимас ишдай бўлиб қолган. Билган-билмаган бемалол фатволарни бераверади. Ҳамма ўзича олим, ҳамма ўзича билимдон. Расулаллоҳ с.а.в. замонларида саҳобалар ҳадис айтишдан, бир фатво беришдан жудаям қўрқишар эди. Тобеинлардан бири масждига келиб ўттизга яқин саҳобалардан бир масалада фатво сўраганида саҳобалар “ундан сўра, бундан сўра” дейишиб ўттизтаси ҳам жавобдан қочган экан. Ҳозир одамлар сўрамасингдан олдин ўзлари келиб фатво беришади, қўрқмасдан, фатво беришдек катта маъсулиятни бўйниларига олаверадилар. Нотўғри фатво бериб қўйиб қиёматда жавоб беришни эса ўйламайдилар.

Умар бин Ҳаттобдан бир киши фатво сўраб келганида, у киши “Шундай ҳодиса юз бердими?”, деб сўраган эканлар, “Йўқ”, деган жавобни олгач, “Олдин ана шу воқеа содир бўлсин, кейин мени олдимга келсанг мен Бадр жангида қатнашганларни йиғиб, мажлис қилиб, сенга жавобини айтаман” деган эканлар. Биз эса ҳали бўлмаган саволларни беришни яхши кўрамиз, “унақа бўлса нима бўларди, бунақа бўлса нима бўларди?”.

Имом Молкининг олдиларига бир инсон жуда узоқ йўл босиб келиб қирқта савол сўраганида, у киши ўттиз олтита саволга “Аллоҳу аълам” деб жавоб қилган эканлар. Бутун бир Моликий мазҳабининг асосчиси, кучли муҳаддис, ислом оламидаги энг машхур тўрт имомлардан бири бўлган Имом Моликдек зот қирқтадан саводан тўртасига жавоб берган эканлар ҳолос. Савол сўраб келган киши “Мен бориб аҳлимга нима деб жавоб бераман, ўттиз олтита саволим жавобсиз қолдику” деганида, у зот “Имом Молик билмас эканлар деб айтгин”, деган эканлар.

Ҳузайфадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Ислом ҳудди бўялган кийимнинг ювилганда ранги ўчгани каби йўқолиб бораверади. Оҳири инсонлар рўза, намоз, қурбонлик ва садақа нима эканлигини ҳам билмай қоладилар. Бир кечада Аллоҳнинг китоби йўқ бўлади, ҳаттоки ер юзида битта ҳам оят қолмайди. Қари чол ва кампирлар: “Бизнинг ота-боболаримиз “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганларини эшитгандик, биз ҳам шуни айтаяпмиз”, дейишади.” Шунда Сула (Ҳузайфадан): “Намоз, рўза, қурбонлик ва садақа ҳақида билмаганларга “Ла илаҳа иллаллоҳ” қандай ёрдам беради?”, деб сўради. Ҳузайфа р.а. юзини ўгирди. Сула уч маротаба саволини қайтарганда ҳам Ҳузайфа унга орқасини ўгирди, кейин эса ўгирилиб, “Эй Сула! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди!” деб жавоб қилди (Ибн Можа ва Ал-Ҳаким ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:18 | Message # 14
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
13. Айғоқчи, жосусларнинг кўпайиши

Абу Умомадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Қиёматга яқин менинг умматимдан шундай инсонлар пайдо бўладилар, уларнинг қўлларида сигирнинг думига ўҳшаган ҳивчин бўлади. Улар эрталаб уйдан чиққанларида ва кечқурун уйга қайтиганларида Аллоҳ улардан ғазабланади” (Имом Аҳмад ривояти).

Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.:“Қиёматга яқин шундай бир айғоқчилар бўлади, улар Аллоҳнинг ғазабига учраган ҳолда уйдан чиқадилар, ва шу ҳолда уйга қайтадилар. Уларга ёрдам берувчилардан бўлмагин” деганлар.

Муҳаддислар ушбу ҳадисда гап мамлакатни қўриқловчи қуролли кучлар ёки посбонлар ҳақида эмас, балки мусулмонларнинг ортидан пойловчи айғоқчи ва жосуслар ҳақида деб айтишади. Афсуски ислом тарихида бундай даврлар кўп бўлган, тарихда ҳам, ҳозирда ҳам кўпгина олиму-уламолар, гапирган ҳақ гаплари, қилган амри-маъруф ва наҳий мункарлари туфайли азоб-уқубатларга, қийноқларга солинганлар, қамоқ ва зиндонларга ташланганлар ва яна қанчалари қувғин бўлганлар. Расулаллоҳ с.а.в. бизларни шундай замонлар келганда уларга ёрдам беришдан қайтарганлар, яъни улардан бири бўлиш уёқда турсин, ҳатто уларга ёрдам бериб ҳам гуноҳга қолиб юрманглар деб огоҳлантирганлар.


14. Зино авж олиши

Анас р.а.: “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизларга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулаллоҳ с.а.в. қуйидагилар қиёмат аломатларидир деганлар”, дедилар:

*
Илмнинг сусаймоғи
*
Жаҳолатнинг кучаймоғи
*
Зинонинг авж олмоғи
*
Хотинлар кўпаймоғи

Эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто эллик нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи (Бухорий ривояти).

Зинонинг авж олиши ҳам қиёмат аломатларидан бири экан. Менимча бу иллат ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Юртимизга бир назар солинг, яқинда зино оддий ҳолга айланиб қолади. Бир томондан телевидение, радио, кино, мусиқа ҳар куни ёшларни шунга тарғиб қилиб келмоқда. Ҳаммасидан ачинарлиси бу чет эл кинолари ёки мусиқалари эмас, балки ўзимизнинг ўзбек кино, мусиқа ва эшиттиришларимиздир. Телевидениени ярим яланғоч ўзбек қўшиқчилари эгаллаган, кўчаларимиздаги очиқ-сочиқ ўзбек қизларидан эса ҳатто кўпни кўрган европаликлар ҳам оғзи очилади. Исломдан ҳабари йўқ ота-оналар эса бемалол фарзандарини ана шундай шарманда ҳолда кийиниб юришига йўл қўйиб берадилар.

Иккинчи томондан эса ҳалолнинг қийинлашиб кетгани ҳам ҳаром зинонинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кунда тўй қилиб, уйланиш шунчалик қийин қилиб ташланганки, ёшлар тинчгина “арзонроқ” ҳаромга бориб қўя қоладилар.

Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дажжол, Исо алайҳиссалом ва мўминларнинг жонини олувчи хушбўй ҳаво ҳақида гапириб, ундан сўнг: “Ер юзида фақат ёмон кишилар қолишади. Уларнинг эркаклари аёллар билан худди эшаклар бир-бири билан жинсий алоқа қилишгани каби хотиржам иш бажараверишади. Улар шу ҳолатда туришганида қиёмат қоим бўлади”, деган гапларни айтганлар (Муслим ривояти).

Демак зино шу қадар авж олар эканки ҳатто одамлар ҳудди ҳайвонлардек очиқчасига зино қилаверар эканлар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Қалбим қўлида бўлган Зот билан қасамки, токи эркак киши аёлини кўчанинг ўртасида ётқизмагунича бу уммат йўқ бўлиб кетмайди. Шунда ана шу замоннинг энг яхшилари келиб, уларга: “Анави деворинг ортига ўтсангизлар бўлмайдими”, деб айтадилар”, дедилар (Абу Яъла ривояти, Ал-Ҳейсомий саҳиҳ деган)


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:21 | Message # 15
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
15. Рибо кенг тарқалиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёматга яқин қолганда рибо кенг тарқалади.” (Табароний ривояти, ал-Мунзирий саҳиҳ деган)

Рибо, судҳўрлик ҳозирда қанчалик авж олганини ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Дунёдаги деярли барча давлатларнинг иқтисодиёти рибо асосида ривожланиб келмоқда. Банклардан кредит олиш эса оддий ҳолга айланиб қолган.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Инсонларга шундай замон келадики, киши олган нарсаси ҳалолданми, ҳаромданми унга эътибор қилмайдиган бўлиб қолади”, деганлар.

Аллоҳ таоло айтади: “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”, (Бақара, 275-оят).

Аллоҳ таоло: “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас”, деган (Бақара, 276).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар”, дедилар».
(Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)


Manba


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:29 | Message # 16
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Қиёмат аломатлари. 5-қисм


Қиёмат аломатлари рукнимизни давом эттирамиз. Ўтган мақоламизда қиёматнинг бугунги кунда юз бераётган аломатлари ҳақида сўз юритган эдик, бугун иншааллоҳ қўлдан келганча навбатдаги кичик аломатлар тафсирига ўтамиз. Расулаллоҳ с.а.в. 14 аср аввал ҳабар берган бу аломатларнинг бизнинг замонимизда зоҳир бўлиши Аллоҳнинг яна бир мўжизасидир.

16. Масжидлар ва Қуръоннинг безатилиши

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи инсонлар бир-бирларига масжидлар билан мақтанмагунларича қиёмат бўлмайди”. (Имом Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Мана бу аломатнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Масжидаримиз кундан-кунга дабдабали бўлиб, безакларга тўлиб одамлар чиндан ҳам бир-бирларига ўзлари борадиган масжидлар билан мақтанишадиган бўлишди.

Абу Саид ал-Ҳудрий ривоят қиладилар: “Мадинадаги Расулаллоҳ с.а.в. масжидларининг томи пальма дарахти барглари билан ёпилган эди. Расулаллоҳ с.а.в. даврларида ҳам, Абу Бакр р.а. ҳалифалик даврларида ҳам шундай бўлди, Умар бин Ҳаттоб ҳалифа бўлганларида бир қурувчини олиб келдилар ва масждининг устини сув ўтмайдиган қилиб ёпишни буюрдилар ва қўшимча қилиб: “Огоҳ бўл, сариқ ёки қизил бўёқларни ишлатмагин, чунки одамларнинг ҳаёли кетиши мумкин”, дедилар.”(Бухорий ривоятлари)

Ҳозирги кунда сариқ, қизил ранглар ҳеч нарса бўлмай қолди. Ҳозир масжидларни тилладан, кумушдан безатиш, ичларига катта-катта люстралар осиш, тагимизда барча ранглар билан жиловланувчи жойнамозларни тўшаш ва ҳоказолар “мода” бўлган десак адашмаган бўламиз.

Анас р.а. айтади: “Одамлар қурган масжидлари билан ғурурланадилар лекин у ерга бормайдилар, фақатгина масжид ичидаги безаклар билан мақтанадилар ҳолос”. Ибн Аббос айтади: “Сизлар ҳудди яхуд ва насоролар черковларини безатганлари каби масжидларингизни безайсизлар”. (Имом Бухорий ривоятлари).

Ана шу кунлар келмадими? “Ҳастимомни зўр қилишибди. Ичига беш минггта одам сиғаркан, уёғи унақайкан, буёғи бунақайкан” деб мақтаниб қўямиз, қани ўша беш минг одам келаяптими ҳар куни? 3 миллион мусулмон яшайдиган Тошкентга беш минг нима деган гап? Телевизорларда, радиоларда жар соламиз “Тошкент Ислом маданияти пойтаҳти, бунча масжидлар тикланди, унчаси янги қурилди” деб, қизиқ ана шу масждини қурганларни ўзи ҳеч бўлмаса шу масжидларга чиқиб туришармикин. Майли фақатгина салбий томонларни гапирмайлик, Алҳмадулиллаҳ, тан оламиз оҳирги пайтларда масжидларда жамоат кўпайиб қолди. Намозга янги қўшилганлар сони ошаяпти. Ҳеч бўлмаганда бомдод ва ҳуфтон намозларида масжидларимиз тўлиб турибди. Келинг масждиларга чиқайлик, Расулаллоҳ с.а.в. айтган каби масжидларнинг безаги билан мақтанадиган инсонлардан бўлиб қолмайлик, балки масждиларни тўлиб туриши билан мақтанайлик.

Абу Дардо р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Масжидларни ва Мусҳаф (Қуръонни) безашни бошласангизлар бошингизга мусибатлар келади” дедилар.(Ал-Ҳаким ва Термизий ривоятлари, Албоний ҳасан деган).

Мусҳафларни қаранг, қиммат қоғозларда, теридан тикилган муқоваларда қимматбаҳо мусҳафлар дейсизми, махсус босмали рангли мусҳаф дейсизми, тилла ҳарфлар билан битилган мусҳаф дейсизми, ҳаммаси бор. Бу ҳам қиёмат аломатларидан бири экан, ва қарангки Расулаллоҳ с.а.в. бу ҳақида ҳабар берганларига қарамасдан ҳам шу ишларни қилиб келаяпмиз, астағфируллоҳ.


 
DURDONDate: Shanba, 12-Yan-2013, 06:34 | Message # 17
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
17. Баланд биноларни қуришда мусобақалашиш

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган узун ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. Жаброил алайҳиссаломнинг қиёмат ҳақидаги саволларига жавоб бериб, унинг аломатларидан бири “… туябоқувчилар баланд-баланд иморат сола бошлаганда…”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. қиёмат аломатларини санаб ўтиб “… одамлар баланд иморат қуришда мусобақалашганида” деб айтганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Хижратнинг 7-8 асрларида яшаган ибн-Хажар айтган экан: “Мусобақадан мақсад инсонларнинг бошқаларга қараганда баландроқ иморат қуришларидир. Одамлар уйларини турли йўллар билан безаб бир-бирларига мақтанишлари ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин. Ҳозирда биз бунинг гувоҳи бўлаяпмиз, одамлар ўзларига катта-катта бинолар қуриши афсуски авж олиб бораяпти”. Қаранг 7-8 асрда бу гапларни айтган олим ҳозирги кундаги аҳволни кўриб нима деган бўлар эди.

Аҳоли зич жойлашган шахарларда баланд иморатлар қурилишини тушунса бўлади. У ерларда аҳоли кўп, ер эса қиммат, барчани уй-жой билан таъминлаш учун баланд қаватли иморатларни қуршини шароит ўзи тақозо этади. Лекин дунёдаги энг баланд ва энг чиройли иморатлар шундай шахарларда қурилаяптмикин? Дунё янгиликларидан ҳабардор одам албатта билади ҳозирги кунда “Ким энг баланд бино қуриш” мусобақаси Дубайда бўлаяпти. Авлодлари қўйбоқар, оддий сахровий халқлар бўлган Дубай аҳолиси ўз ерида нефт топганидан сўнг бирдан бойиб кетди ва ҳозирги кунда энг баланд иморатлар шахри номига сазовор бўлди.


Келинг Дубайни тинч қўяйлик, ўзимизнинг аҳволимизга бир назар солайлик. “Томимни қўшнимнинг томидан баланд қиламан”, дейдиганлар ўзимизда камми? Қишлоқларга бориб иморатларга бир назар солинг, 20-30 йил олдин солинган иморатлар билан солиштиринг.


18. Ота-онага беҳурматлик

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. қиёматнинг аломатларидан бири: “чўри ўз ҳожасини туғганда…” деб айтганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Хажар ушбу ҳадисни шархлаб “чўри ўз ҳожасини туғиши – бу бола улғайганидан сўнг ўз ота—онасини беҳурмат қилиб, уларга ҳудди қулларга муносабат қилгандек қарайши” деган фикрни билдирганлар. (Фатх ул-Борий).

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизнинг юртимизда ота-онага ва умуман ёши улуғларга жуда катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Лекин европалашиб бораётган баъзи оилаларда афсуски юқоридаги аломатнинг илк белгилари кўриниб келмоқда.

19. Мусиқа ва қўшиқнинг авж олиши
Саҳл ибн Саъд ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат яқин қолганда ер ютишлар, зилзилалар ва бузуқликлар кўпаяди”. У зотдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, булар қачон юз беради?”, Набий с.а.в. дедилар: “Мусиқа асбоблари ва аёл қўшиқчилар кўп бўлганда”. (Ибн Можа ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деган).

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керакки Расулаллоҳ с.а.в. шундай аломатларлардан ҳабар берганларида бу каби иллатларнинг кофиру-мушриклар орасида эмас булки мусулмон уммати орасида авж олишини айтганлар. Олдинги мақолаларимизда қиёмат аломатлари сифатида зинонинг кўпайиши, илмнинг кўтарилиши ёки жохилиятниг тарқалиши ҳақида гапирган эдик. Бугун эса ота-онага беҳурматлик, мусиқа ва қўшиқ авж олиши, маст қилувчи ичимликлар ҳақида гапирар эканмиз, булар ҳаммаси мусулмон уммати орасида пайдо бўладиган аломатлар деб тушунишимиз керак. Сабаби кофир ва мушриклар орасида бу нарсалар ҳатто иллат ҳам саналмайди.


20. Маст қилувчи ичимликларнинг кенг тарқалиши


Абу Омир ал-Ашъарий ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в. бундай деб айтдилар: “Менинг умматим орасида зинони, ипак кийим кийишни, хамр (маст қилувчи ичимликларни) ва мусиқа асбобларини ҳалол деб билувчилар чиқади”. (Имом Бухорий ривояти, Ибн ал-Қайим саҳиҳилигини тасдиқлаган).

Уъбада ибн ас-Самит ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Менинг умматим орасида баъзилар хамрни ҳалол дейдилар ва уни бошқа номлар билан атайдилар”. (Ибн Можа ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деган).

Афсуски бизнинг юртимизда ҳам бу иллат жуда кенг тарқалган. Ароқ дейсизми, пиво дейсизми, вино дейсизми, магазинлар тўлиб тошиб кетган. Ичадиганлар сони афсуски намоз ўқийдиганларнинг сонидан бир неча баробар кўп. Ароқ ичиб туриб ҳам ўзларини мусулмонмиз деб қўядилар. Стаканларни уриштириб “дуо”лар қилиб қўядилар. Баъзилар эса намозни ҳам ўқийдилар, ароқни ҳам ичадилар. Астағфируллоҳ деймиз, Расулаллоҳ с.а.в. ҳабар берган ўша уммат биз эмасмикинмиз?


Manba


 
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Қиёмат аломатлари.(1-2-3-4-5qismlari)
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: