• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Rasullulloh ( s.a.v) ning hovuzlari haqida
Rasullulloh ( s.a.v) ning hovuzlari haqida
DURDONDate: Shanba, 23-Fev-2013, 00:47 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари ҳақида

4399 – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳозиргина менга қуйидаги сура нозил бўлди: «Меҳрибон ва Раҳимли Оллоҳ номи билан бошлайман. Дарҳақиқат, биз сизга Кавсар (дарёсини) ато этдик. (Шундай экан, сизга дунё ва охиратда ато этилган бу буюк яхшилик ва инъомларга шукрона тарзида) ёлғиз Парвардигорингизга намозни адо этинг ва Унга атаб қурбонликлар сўйинг. Шубҳасиз, сизни (ва сиз келтирган ҳидоят, ҳақ ва очиқ – ойдин нурни) ёмон кўрувчи кимсанинг ўзи хору – зор, хайр баракасиз ва ўлимидан сўнг ундан ном – нишон қолмайдиган кимсадир». Кавсар нима эканлигини биласизларми? У Раббим менга ваъда қилган жаннатдаги дарёдир. Унда кўп яхшиликлар бор. У менинг ҳовузимдир. Менинг умматим қиёмат куни ундан сув ичадилар. Унинг (сув ичадиган) идишлари (осмондаги) юлдузлар сони каби кўпдир. Ўшанда умматимдан бир банда ажратиб ушлаб қолинади. Мен: «Эй Раббим, (ахир) у менинг умматимдан» – дейман. (Оллоҳ таоло) дейди: «Сен (бунинг) сендан кейин нималар қилганини билмайсан».

(Муслим, Аҳмад «Муснад»да, Абу Довуд, Насоий ) Анас розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4400 –Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: » Мен барчангиздан олдин ҳовузга бориб сизларни кутиб тураман. Шубҳасиз, сизлардан айрим кишилар менга кўрсатилади, мен уларни (умматимдан эканлигини) билишим билан, улар мендан тортиб олиб кетиладилар. Шунда мен: «Эй Раббим, улар менинг асҳобларим, улар менинг асҳобларим» - дейман. Шунда: «Албатта, сен улар ортингдан нималар қилишганини билмайсан» – дейилади».

(Бухорий, Аҳмад «Муснад»да) Ҳузайфа розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4401-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, пайғамбарлар (қиёмат кунида) қай бирининг умматидан асҳоблари кўпроқ эканлиги билан фахрланадилар. Ўша кунда барча пайғамбарлар ичида (ҳовузидан) сув ичувчи (уммат)ларқ энг кўп пайғамбар бўлишни умид қиламан. Ўша кунда улардан ҳар бири лиммо-лим ҳовуз лабида туради. (Ҳар бирининг) қўлида таёғи бўлиб, умматидан таниган-билганларини (ўзи томонга) чорлайди. Ҳар бир умматнинг (ўзига хос) сиймо-белгиси бўлиб, пайғамбарлари шу билан уларни таниб оладилар».

(Ҳасан), (Тобароний «Кабир»да) Самура розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган.

4402-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, сизларни олдингизда (яъни, қиёматда) ҳовуз (кутмоқда). Унинг икки (қарама-қарши) томонининг оралиғи, худди Жарбо билан Азруҳ ўртасидаги масофа миқдоричадир. Унда осмон юлдузлари саноғичалик обдасталар мавжуд. Унга бориб сув ичган киши абадул — абад чанқамайди».

(Муслим) Ибни Умар розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган.

(Жарбо ва Азруҳ – Шом ўлкасидаги икки қишлоқнинг номи).

4403 – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дарҳақиқат, менинг ҳовузим Айладан Адангача бўлган масофадан кўра каттароқдир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг идишлари осмон юлдузлари саноғидан кўра кўпроқдир. У сутдан кўра оппоқ ва асалдан шириндир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта мен худди бир киши ҳовузига бегона туяларни қўймаганидек ҳовузимни қўриқлаб тураман. (Саҳобалар): » Эй Расулуллоҳ, бизни танийсизми?» – дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳа, сизлар ҳовузга таҳоратни асоратидан худди отнинг пешонасидаги оқ қашқа ва оёқларидаги оқ доғлар каби (таҳорат аъзоларида нур порлаган холда) келурсизлар. Бу аломат сиздан бошқаларга насиб қилмас».

(Муслим, Ибни Можа) Ҳузайфа розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4404-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, менинг ҳовузим (нинг узунлиги) Адандан тортиб то Балқодаги Аммонгача (бўлган масофага тенг)дир. Унинг суви сутданда оппоқ ва асалдан тотлироқдир. Қадаҳларининг сони юлдузлар саноғига (тенг) бўлиб, кимики унинг сувидан бир ҳўплам ичса мангу чанқамайди. Ҳовузимга энг биринчи сув ичиш учун келадиган кишилар сочлари тўзғиган, кийимлари яғир, роҳат-фароғатда яшаган хотинларни никоҳига олмаган, (камсуқим ва кўримсизлигидан) уларга эшиклар очилмаган (яъни, илтифот кўрсатилмаган) ва (одамларга нисбатан) зиммаларидаги мажбуриятларни (тўла- тўкис) адо қиладиган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари эса уларга берилмасдан (поймол қилинадиган) фақир муҳожирлардир».

(Саҳиҳ), (Аҳмад «Муснад»да, Термизий, Ибни Можа, Ҳоким «Мустадрак»да) Савбон розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4405-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта мен сизларнинг барчангиздан олдин ҳовузга бориб тургувчиман. Кимики менинг ёнимдан ўтса (ҳовуз сувидан) ичади. Кимики (ундан) сув ичса мангу чанқамайди. Шубҳасиз, (менинг ҳовузимдан) сув ичиш учун мен уларни (умматимдан эканини) биладиган ва улар ҳам мени танийдиган айрим қавмлар келурлар. Сўнгра, улар мендан тўсилиб қолурлар. Шунда мен: » Ахир улар мен(инг умматим)дан»-дейман. «Сен (буларнинг) сендан кейин нималар қилганини билмайсан»-дейилади. Ўшанда мен: «Мендан кейин (динни) ўзгартирган кимсаларни (Оллоҳ таоло) йироқ қилсин, йироқ қилсин!»-дейман».

(Бухорий ва Муслим, Аҳмад «Муснад»да) Саҳл ибни Саъд ва Абу Саид Худрий розиёллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

4406-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мен ҳовузимнинг сув ичиладиган лабида туриб олиб, токи ҳовуз суви Яман аҳли (томон)га тўлиб оқишлиги учун (ва улар сувдан ичиб олгунларига қадар) одамларни ҳовузимдан ҳайдаб, (қўлимдаги) таёғим билан ураман». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳовузнинг эни ҳақида сўралди. У зот шундай жавоб қилдилар: «(Унинг эни) мен турган жойимдан то Аммонгачадир. Унинг ичимлиги сутдан кўра оппоқ, асалдан ширинроқдир. Ҳовузга жаннатдан (оқиб чиқадиган), унинг сувини янада зиёда қиладиган икки жилға (шиддат билан келиб ) қуйилади. (Бу жилғаларнинг) бири тилладан, бошқаси эса кумушдандир».

(Муслим, Аҳмад «Муснад»да) Савбон розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4407-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, мен сизлар учун (ҳовузни тайёрловчи сифатида) дастлаб ҳовузга борувчиман. Асло, сизлардан бирингиз мени олдимга келиб, кейин мен(инг ҳовузим)дан худди адашган (бегона) туя ҳайдалгани каби ҳайдалиб ўтирмасин. Ўшанда мен: «Бу нега (ҳайдалмоқда)?»-дейман. (Менга жавобан) дейилади: «Сен (буларнинг) сендан кейин нималар қилганини билмайсан»-дейилади. Мен: «Даф бўлсин»-дейман».

(Муслим) Умму Салама розиёллоҳу анҳодан ривоят қилган.

4408-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматим мени ҳузуримга ҳовуздан сув ичиш учун келадилар. Мен бўлсам, худди бир киши бошқанинг туясини ўзининг туясидан ҳайдагани сингари (умматимдан бошқа) одамларни ҳовуздан ҳайдайман. (Саҳобалар) айтдилар: «Эй Оллоҳнинг пайғамбари, сиз бизни таний оласизми?». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳа, сизларда бошқаларда бўлмаган белги бўлур. Сизлар менинг олдимга таҳорат асоратидан худди отнинг пешонасидаги оқ қашқа ва оёқларидаги оқ доғлар каби (таҳорат аъзоларида нур порлаган холда) келурсизлар. Шубҳасиз, сизлардан бир тоифа мендан тўсилиб қолиб, (ҳовузга) етиб келолмайдилар. Ўшанда мен: » Эй Раббим, улар менинг асҳобларимдан»-дейман. Фаришталардан бири менга жавоб бериб шундай дейди: » (Буларнинг) сиздан кейин нималар қилишганини биласизми?».

(Муслим) Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган.

4409-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳовузимнинг (узунлиги) бир ойлик масофа миқдоричадир. Унинг бурчаклари теппа-тенг (яъни, бўйи билан эни бир хил), суви сутдан кўра оппоқ, ҳиди мискнинг ҳидиданда хушбўй ва унинг қадаҳлари сони осмон юлдузлари саноғичадир. Ундан бир (сув) ичган кимса абадий чанқамайди».

(Бухорий ва Муслим) Ибни Умар розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4410-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кавсар Оллоҳ менга жаннатда ато этган дарёдир. Унинг тупроғи мискдан, (суви) сутдан кўра оппоқ, асалдан тотлироқдир. Ундан бўйинлари худди туянинг бўйни мисол қушлар келиб сув ичади. Унинг (гўштидан) еган киши бу қушлардан кўра ҳузур-ҳаловатдадир».

(Саҳиҳ), (Ҳоким «Мустадрак»да) Анас розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган.

4411-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кавсар жаннатдаги дарёдир. Унинг икки чеккаси олтиндан, ўзани дур ва ёқутдан, тупроғи мискдан кўра хушбўй, суви эса асалдан ширин ва қордан кўра оппоқдир».

(Саҳиҳ), (Аҳмад «Муснад»да, Термизий, Ибни Можа) Ибни Умар розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

4412-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: » Шубҳасиз, бу уммат худди сувсиз саҳрода йўл босиб, бешинчи куни сувга етиб келган чанқоқ туялар сингари ҳовуз атрофида тўпланажаклар».

(Ҳасан), (Тобароний «Кабир»да) Ирбоз ибни Сория розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган.

4413-Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар ҳовуздан сув ичиш учун келадиган кишиларнинг юз мингдан бир ҳиссасинида ташкил қилмайсиз».

(Саҳиҳ), (Аҳмад «Муснад»да, Абу Довуд, Ҳоким «Мустадрак»да) Зайд ибни Арқам розиёллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.


 
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Rasullulloh ( s.a.v) ning hovuzlari haqida
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: