• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Musulmonning musulmon birodari ustidagi haq-huquqlari
Musulmonning musulmon birodari ustidagi haq-huquqlari
DURDONDate: Dushanba, 11-Fev-2013, 13:07 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақ-ҳуқуқлари

Мусулмоннинг номусига тил тегизиш мусулмон биродарига ҳаромлиги ва мусулмон биродари ҳақида бўлмағур сўзлар айтувчи киши ҳақида
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир мусулмоннинг моли, номуси ва қони бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир» (Муслим ривояти).
Абу Бакра ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳажжатул-вадоъ куни) одамларга хутба қилиб: «Бугун қандай кунлигини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. У зот бироз жим турдилар, энди биз уни бошқача ном билан атасалар керак, деб ўйлаб турган эдик: «Қурбонлик куни эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Бу қайси шаҳар? Баладул-ҳаром эмасми?!», дедилар. Биз: «Ҳа, шундай ё Расулуллоҳ», дедик. «Сизларнинг қонларингиз, молларингиз, обрў-номусларингиз мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз, мана шу кунингизнинг ҳаромлигидек ҳаромдир. Огоҳ бўлингиз, етказдимми?!», дедилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Парвардигоро, Ўзинг гувоҳ бўлгайсан. Шу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсинлар! Зеро, баъзи етказувчилар бўладики, ўзидан кўра яхшироқ англайдиган кишиларга етказадилар», дедилар. Яна айтдилар: «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофирларга айланиб кетманглар!». (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳумайд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродарининг розилигисиз унинг асосини (таёғини) олиши ҳам кишига ҳалол бўлмайди, бу эса Аллоҳ таоло мусулмоннинг молини мусулмонга қаттиқ ҳаром қилгани учундир» (Аҳмад, Таҳовий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоятлари, Албоний саҳиҳ санаган, Ирвоул-ғалил: 1459).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳақиқий) мусулмон – мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир, (ҳақиқий) муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этган кишидир» (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш куфрдир» (Муттафақун алайҳ).
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким одамлар тушадиган ўринни торайтирса ё йўлни тўсиб қўйса ё мўминга озор етказса, унинг жиҳоди жиҳод эмас»[1] (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6378).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Икки мусулмон бир-бирига қиличлари билан юзланса, ўлдиргани ҳам, ўлдирилгани ҳам дўзахдадир.» Мен: «Ё Росулуллоҳ, бу-ку қотил, ўлдирилганнинг ҳоли нега ундай?» деб сўрадим. «Албатта, у ҳам шеригини ўлдиришга ҳарис эди» дедилар (Бухорий ривояти).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши мусулмон биродарига қарши қилич яланғочласа, то уни қайта қинига солгунича фаришталар унга лаънат айтиб турадилар» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3973).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз биродарига тиғ билан ишора қилса, гарчи у ўзининг туғишган ака ё укаси бўлса-да, фаришталар унга лаънат айтадилар» (Аҳмад, Муслим, Термизий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1957).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага боқиб, дедилар: «Марҳабо, эй Байтуллоҳ! Сен нақадар улуғсан, ҳурматинг нақадар буюк!! Бироқ мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг ҳузурида сенинг ҳурматингдан ҳам улуғроқ. Аллоҳ сендан фақат битта нарсани ҳаром (ҳурматли) қилган бўлса, мўминдан учта нарсани – қонини, молини ва у ҳақда ёмон гумонда бўлишни ҳаром қилди» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3420).
Абу Умома ал-Ҳорисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қасами билан бир мусулмон кишининг ҳаққини тортиб олса, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилади». Шунда бир киши: «Озгина нарса бўлса ҳамми, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «Арок (дарахти)нинг новдаси (яъни мисвок, ИНТ) бўлса ҳам!», деб жавоб бердилар (Муслим, Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6076).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши биродарининг совчилиги устига – то у (биродари ўша аёлга) уйланмагунича ёки уни тарк қилмагунича – совчи қўймасин» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши биродарининг байи устига бай қилмасин, биродарининг совчилиги устига совчи қўймасин, фақат ўзи рухсат берсагина мумкин» (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши мусулмон биродарининг савдолашиши устига савдо қилмасин» (Муслим ривояти).


 
DURDONDate: Dushanba, 11-Fev-2013, 13:08 | Message # 2
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:


davomi

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, мусулмон киши биродарига айб-нуқсонли нарсани нуқсонини айтмай сотиши ҳалол бўлмайди» (Аҳмад, Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6705).
Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз нега (ҳасад ва кўзи билан) ўз биродарини ўлдириши керак?! Агар бирортангиз биродарида ўзига ёққан нарсани кўриб қолса, унга барака тилаб дуо қилсин» (Насоий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 4020).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш куфрдир, унинг молининг ҳурмати қонининг ҳурмати билан бир хилдир[2]» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3596).
Ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминни сўкувчи ҳалокат ёқасида турувчи кабидир» (Саҳиҳул-жомиъ: 3586).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши биродарига: «Эй кофир!» деса, улардан бири ўша (кофирлик) билан қайтади. Агар у айтганидек бўлса хўп, акс ҳолда (кофирлик унинг ўзига) қайтади» (Муслим ривояти).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кишини кофир деб чақирса ё «Аллоҳнинг душмани» деса-ю у одам ундай бўлмаса, (ўша гапи) ўзига қайтади» (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўмин ҳақида ноҳақ гап гапирган бўлса, то айтган гапини исботламагунича (жаҳаннам аҳлидан чиққан) қон-йиринг балчиғида сақланади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 437).
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши биродарини: «Эй кофир!» деса, гўё уни қатл қилибди. Мўминни лаънатлаш гўё уни қатл қилишдир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 710).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, ғийбат нима?» деб сўралди. «Биродаринг ҳақида у ёқтирмайдиган нарсани айтишинг», дедилар. «Агар мен айтган нарса унда ҳақиқатан бўлса-чи?», дейилди. «Аган сен айтган нарса унда бўлса, сен уни ғийбат қилган бўласан, агар у нарса унда бўлмаса, сен унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4079).
Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон кишининг обрўсини ноҳақ тўкиш риболарнинг ҳам рибосидир» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4081).
Қайсдан ривоят қилинади: Амр ибн Ос бир қанча асҳоблари билан бораётиб бир хачирнинг шишиб кетган ўлаксаси ёнидан ўтиб қолди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз мана шу ўлаксадан қорни тўйгунича ейиши мусулмоннинг гўштини (ғийбат билан) ейишидан яхшироқ», деди. (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 565).
Мусулмоннинг гўштини ейиш уни ғийбат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу айтади: «Агар бир киши биродарига лаънат ўқиётганини кўрсак, уни гуноҳи кабиралардан бирини қилаётган санардик» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2649).
Биродарига араз қилиб, уч кундан ортиқ гаплашмай қўйган одам ҳақида
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!» (Муттафақун алайҳ).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмонга уч кундан ортиқ гина-араз қилиши жоиз эмас, учрашганида уч марта салом берсин, ҳаммасида алик олмаса, гуноҳи унинг бўйнига бўлади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4105).
Ҳишом ибн Омир ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмон билан уч кундан ортиқ аразлашиши дуруст эмас. Аразларида давом этишаркан, ҳақдан бурилган ҳолда қолишади. Аразидан биринчи бўлиб тушганига араздан эрта тушганлиги каффорат бўлади. Агар шу аразлашувлари билан ўлиб кетишса иккаласи ҳам асло жаннатга кира олишмайди. Агар (бири бошқасига) салом берса-ю, униси саломни қабул қилишдан бош тортса, (салом берганга) фаришта жавоб қайтаради, унисига эса шайтон жавоб қайтаради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 311).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши биродарига уч кеча-кундуздан ортиқ гина қилиши ҳалол бўлмайди, кимки уч кундан ортиқ гина қилган ҳолида ўлиб кетса дўзахга киради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4106).
Абу Хирош ас-Суламий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганини эшитдим: «Кимки биродарини бир йил гаплашмай тарк қилса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 313, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4105).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар икки киши Исломга киргач, бир-бири билан аразлашиб гаплашмай қўйишса, улардан бири – яъни зулм қилгани – то қайтиб гаплашмагунича Исломдан чиққан бўлади» (Баззор ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3294).
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат эшиклари ҳар пайшанба ва душанба кунлари очиб қўйилади ва Аллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир кишининг гуноҳлари шу икки кунда кечирилади. Фақат биродари билан ўрталарида адоват бўлган кишини қолдирилиб: «Бу иккаласини то ярашиб олмагунларича қўйиб туринглар», дейилади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4108).
Абу Довуд деди: агар алоқани узиш Аллоҳ таоло учун бўлса, бунинг зарари йўқ, Умар ибн Абдулазиз бир кишидан юзини тўсиб олган[3].
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши бўлсаларингиз, то бошқа одамларга аралашиб кетмагунингизча икки киши бир кишини ажратиб қўйиб, бир-бири билан шивирлашиб гаплашмасинки, бу унинг кўнглини оғритади» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз бир биродари билан кўришганда унга салом берсин. Агар ўрталарини бирор дарахт ё девор ё харсанг тўсиб қолиб, сўнг рўпара келсалар, яна салом берсин» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4332).


 
DURDONDate: Dushanba, 11-Fev-2013, 13:09 | Message # 3
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
davomi

Мусулмонлар зарарига айғоқчилик қиладиган[4] киши ҳақида
Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаган кишилар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбларини қидириб юрманглар! Зеро ким уларнинг айбларини текшириб юрса, Аллоҳ унинг айбини текширади. Аллоҳ кимнинг айбини текширса, уни ўз уйида турган ҳолида ҳам шармандасини чиқаради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4083).
Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг этини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қиладиган бир фариштани юборади. Ким бир мусулмонни шарманда қилиш мақсадида уни бирон нарса билан айбласа, Аллоҳ таоло уни то айтган гапи (жазоси)дан қутулмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4086).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Гумондан сақланинглар, зеро гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировлар ортидан жосуслик қилманглар, айбларини қидирманглар, бир-бирингизга буғз-адоват қилманглар, биродар бўлинглар!» (Бухорий ривояти).
Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмоннинг (шаъни) эвазига нон топиб еса, Аллоҳ таоло унга ўшанча миқдорда жаҳаннам ўтидан едиради. Ким бир мусулмоннинг шаъни эвазига кийим кийса, Аллоҳ азза ва жалла унга жаҳаннам оловини кийдиради. Ким мусулмон кишига нисбатан риё ва сумъа ўрнида турса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни риё ва сумъа ўрнида тургизади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 179, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 934).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида намоз ўқиб турган эдилар, бир киши келиб уйларига қаради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқдонларидан камон ўқи олиб, унинг кўзларига қараб тўғрилаган эдилар, ҳалиги одам қайтиб кетди. (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 612).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бир одам сенинг уйингга сендан берухсат қараса, тошча билан уриб кўзини чиқариб қўйсанг сенга гуноҳ бўлмайди (Муттафақун алайҳ).
Ҳақиқий биродарлик ва фидокорликка бир мисол:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш муҳожирлари билан ансорларни биродар қилдилар, шунда Саъд ибн Рабиъни Абдураҳмон ибн Авфга биродар қилиб қўйдилар. Саъд Абдурраҳмонга: «Менинг мол-давлатим бор, уни тенг иккига бўлиб, ярмини сизга бераман. Иккита аёлим бор, кўринг, қайсиниси сизга маъқул бўлса талоқ қилай, сиз унга уйланинг», деди. Абдурраҳмон унга жавобан деди: «Аллоҳ сизга аҳли-аёлингиз ва мол-давлатингизни баракотли қилсин, мени бозорга йўллаб қўйинг...» (Бухорий ва Насоий ривояти, Саҳиҳу сунанин-Насоий: 3172).
Аллоҳ таолодан бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилишини ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қўймаслигини сўраймиз. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан.
Шунингдек, У зотдан тарқоқликларимизни бирлаштиришини, сафларимизни Китобу суннат ҳамда салафлар тушунчаси асосида бириктиришини, дилларимизни ошно қилишини, бизларни ёвлар қаршисида бир тану бир жонга айлантириб, душманларимиз ва динимиз душманлари устидан Ўзи нусрат ва ғалаба беришини сўраймиз. Зотан У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломлар йўлласин.
* * *
[1] Шундай экан, мужоҳид жиҳод қилаётганлиги билан мағрурланиб қолмасин, мусулмон биродарларига нисбатан қандай муомала қилаётганини текшириб боқсин. Зеро, мусулмонларга заррача озор етказиш билан ўзи билмаган ҳолда жиҳодининг ажридан маҳрум бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ асрасин! Аслида, мужоҳид мусулмонлардан озор ва зарарни даф қилиш, уларнинг ҳурмат ва номусларини ҳимоя қилиш учун жиҳод қилади, уларга озор ва азият бериш учун эмас!
Ушбу ҳадисда ва мусулмоннинг ҳурматига доир юқоридаги бошқа ҳадисларда арзимас сабаблар билан, бир ёки бир неча қаланги-қасанғи кофирнинг ўлигини деб – уларнинг ўлим сабаблари аниқ ҳам эмас аслида – ичида мусулмонлар ҳам, бошқалар ҳам бор бўлган бутун бошли бинони ичидаги бегуноҳ одамлари билан қўшиб портлатиб юборадиган, мусулмонларнинг ҳурматлари ва қонларини бир чақага тенг кўрмайдиган кимсаларга насиҳат ва ибратлар мавжуд.
[2] Менга шундай савол бўлди: Жиҳод билан шуғулланувчи бир жамоа пулга муҳтож, жиҳод сарф-харажатларини қоплаш учун мусулмонларнинг мол-мулкларини куч билан тортиб олса бўладими?!
Мен шундай жавоб бердим: МУМКИН ЭМАС.. мусулмон молининг ҳурмати қонининг ҳурмати кабидир (яъни ҳаромликда бир хил). Боиси қандай бўлишидан қатъий назар мусулмоннинг қонини ноҳақ тўкиш ҳаром бўлгани каби унинг молига ноҳақ эга бўлиш ва унинг розилигисиз ундан молини тортиб олиш мумкин эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида жиҳод (қаттиқ аҳамиятли бўлишига қарамасдан) оғир, ўта эҳтиёжли ҳолатда бўлиб, хусусан, “Ғазватул усра”- Табук ғазоти ва бошқаларда молга қаттиқ эҳтиёж бор эди. Шундай ҳолатларда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан мол-мулкларини зўрлик билан тортиб олганлари маълум эмас. Балки ул зот Аллоҳ йўлида инфоқ-эхсон қилишга тарғиб қилардилар, холос.
[3] Шу ўринда огоҳлантириб қўйиш лозимки, гоҳида шаръий зарурат туфайли бидъат ва залолат аҳлларидан алоқани узиш лозим бўлиб қолади. Бу эса уларни залолатларидан қайтарадиган ва шаръий наф хосил бўлгудек миқдорда қилинади. Бу қабилдаги алоқани узиш юқорида зикри ўтган ҳадисларга кирмайди. Шунингдек бу ҳадислар шаръий жиҳатдан алоқани узиш керак бўлган кишилардан алоқани узмасликка сабаб ҳам бўлмаслиги керак.
[4] Айғоқчилик ва жосуслик икки хил бўлади: Бир хили борки, у ўз эгасини диндан чиқаради. Яъни, бир киши мусулмонларнинг – хусусан жиҳод майдонидаги мужоҳидларнинг – айбларини, заиф ва кучли томонларини текшириб, ўрганиб, сўнг уни кофир ва мушрик душманларига етказади ва бу билан мусулмонлар зиёнига кофирларга ёрдам берган бўлади. Бу эса кофирларни дўст тутиш жумласига киради. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).
Яна бир хили борки, уни қилган одам кофир бўлмайди, бироқ у катта гуноҳлардан саналади. Яъни, бир киши муулмонларнинг айбу камчиликларини қидириб, текшириб юради-да, сўнг уларнинг ғийбатини қилиб ва шу ҳақда гап-сўз тарқатиб, бошқалар уларнинг устларидан кулиб, мазах қилишларига сабаб бўлади.


 
DURDONDate: Payshanba, 10-Okt-2013, 08:07 | Message # 4
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Мусулмонга ёрдам бериш, унинг айбини беркитиш ва уни ҳимоя қилиш

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродарига у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар у золим бўлса, уни қайтарсин. Бу унга берган ёрдами бўлади. Агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифларининг айтилишига бир ҳодиса сабаб бўлган. Муҳожирлардан бир ғулом ансорлардан бўлган бир ғулом билан уришиб қолди. Муҳожир муҳожирларни ёрдамга чақирди, ансорий ансорийларни. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:
«Бу нима?! Бу жоҳилиятнинг чақириғи-ку!» дедилар.
«Йўқ, Эй Аллоҳнинг Расули!! Биздан икки ғулом уришиб қолди, холос. Улардан бири иккинчисининг орқасига урибди», дейишди. Ана ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифни айтдилар.
Ҳа, мусулмон одам ўз биродарига фақат яхшилик йўлида ёрдам беради. Мусулмон ўз биродарини зулмдан қайтаради. Бу ҳам унга берилган ёрдамдир. Агар унинг биродари мазлум бўлса, унга албатта ёрдам беради. Чунки бу ҳолда мазлумга ёрдам бериш вожибдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундоқ улуғ иш. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал.
Шунинг учун ҳам ўз биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб, унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади.
Ким бир мусулмонни бир нарса ила уни шарманда қилиш учун айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунча ушлаб туради», дедилар».
Шарҳ: Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб обрўсини тўкаётган бўлса, уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Бас, шундоқ экан, мўминлар бир-бирларини мунофиқларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан ҳимоя қилишлари зарур.
Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмоннинг айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолар экан. Маҳшарга тўпланганлар ҳузурида қилган нобакорлиги жазоси ўлароқ, жаҳаннам кўпригидан ўта олмай тўхтаб қолар экан. Бас, шундоқ экан, мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмасин

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоясиз қолдиради.
Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни У Зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоя қилади», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бинобарин, мусулмон киши ўз биродарини ҳеч ҳам беобрў ва беҳурмат қилинишига йўл қўймасин. Ўшандоқ ҳолат пайдо бўлса, дарҳол уни ҳимоя қилсин. Ана шундагина у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан баҳраманд бўлади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳа, мусулмонлар бир-бирларини ёмонларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан сақлашлари, ҳимоя қилишлари лозимдир. Агар бу иш қилинмаса, жамият иғвохонага, бўҳтон марказига айланиб қолади. Бу билан жамият аъзолари орасида ўзаро адоват авж олади. Аста-секин бундоқ жамият таназзулга юз тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:
«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, ёки унинг тескарисини қила туриб, бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.
«Мўмин мўминнинг ойнасидир».
Ойна ҳар бир кишининг айбини беркитишга хизмат қилади. У ўзи билан муомалада бўлган кишига индамаса-да, айбини кўрсатиб тураверади. Ойнага қараган киши бошқалар олдида уятга қолмаслик учун ҳам унинг ёрдамида ўзини ўнглаб олади.
Мўминлар ҳам бир-бирлари учун айбни тузатиш борасида худди ойна ўрнидадирлар. Мўмин одам ўз биродарида бирор айбни кўрса, дарҳол бошқалар кўрмай туриб, ўша айбни тузатишга ҳаракат қилади. Иккинчи мўмин ҳам бу гапни тўғри қабул қилади ва ўз айбини тузатишда ёрдам берган биродарига раҳмат айтиб, унинг ҳаққига дуолар қилади.
«Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради».
Ҳа, мўмин мўминга худди шундай муносабатда бўлади. У ўз биродарига доимо яхшиликни раво кўради. Агар унинг бирор нарсаси йўқолиб қолса, ўша нарсани топиб беришга ҳаракат қилади. Агар ўз биродарининг йўкдигида бирор айби очилиб қолса ҳам ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади. Энди аъзолари орасида бундоқ ҳамкорлик ҳукм сурган жамиятнинг қандоқ бўлишини кўз олдимизга келтираверайлик.
«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин».
Агар биродарининг кирини кўриб туриб, уни артиб қўймаса, биродарлиги қолармиди!?


 
Forum » ISLOM » Islom va Iymon! » Musulmonning musulmon birodari ustidagi haq-huquqlari
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: