• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Namoz! » Намозга маҳкам бўлинг! (Assalomu alaykum wrwb)
Намозга маҳкам бўлинг!
enjoyDate: Chorshanba, 13-Yan-2010, 16:43 | Message # 1
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 1376
Status:
Намозга маҳкам бўлинг!

Намоз – бу расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги васиятларидир. Зеро, у зот вафот этаётган лаҳзаларида “намозга маҳкам бўлинглар, намозга маҳкам бўлинглар!” деб васият қилган эдилар.

Айрим мусулмонлар намознинг ҳукмини билмаганликлариданми ёки эътиборсизлик қилибми, намозга бепарво қарайдилар. Масалан, айримлар ўз вақтидан кечиктириб юборсалар, баъзилар жамоатни ҳеч бир узрсиз тарк қиладилар. Ҳатто, намозни умуман ўқимаган “мусулмонлар” ҳам бор!

Намозга бепарволик ниҳоят даражада хатарлидир! Чунки, намоз Исломни кўтариб турувчи устун ва куфр билан исломни ажратиб тургувчи девордир.
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар намозни тарк қилган киши кофир бўлади дейдилар. Аллоҳ таоло айтади:

{ فَإِن تَابُواْ وَأَقَامُواْ الصَّلاَةَ وَآتَوُاْ الزَّكَاةَ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ }

“Агар улар тавба қилиб, намоз ўқишса ва закотни (ҳақдор кишиларга) беришса, у ҳолда улар сизларнинг диндаги биродарларингиздир.” (Тавба – 11)

Бу оятдан намоз ўқимаганлар бизнинг диндаги биродарларимиз эмас деган маъно чиқади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Биз билан уларнинг (кофирларнинг) орасидаги аҳд – бу намоздир. Ким уни тарк қилса, кофир бўлади” деганлар. Абдуллоҳ ибн Шақийқ айтади: “пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари намоздан бошқа бирор амални тарк этишни куфр деб билмасдилар”

Ҳурматли ҳожи биродарим! Намозни тарк қилишнинг оқибати жуда ёмондир!
Агар намоз ўқимаган одамнинг кофир эканлиги далилланиб қолгудай бўлса, тубандагича хуник натижаларга олиб келади:
1. Кофир отанинг ҳукми мусулмон фарзандлар ва мусулмон аёлига ўтмай қолади.
2. Кофир одам қариндошларидан мерос ололмайди ва ундан ҳам мерос олинмайди.
3. Кофир одам Маккага ҳам кира олмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтган:

{ إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَـذَ }

“Дарҳақиқат, мушриклар–нажасдурлар! Бас, энди мана шу йилларидан сўнг Масжидул Ҳаромга яқинлашмасинлар” (Тавба -28)
4. Кофирларнинг қўлида сўйилган жонлиқ гўштини еб бўлмайди.
5. Ўлса жаноза ҳам ўқилмайди ва ортидан дуо–ю фотиҳа қилинмайди.
6. Агарда аёли намозхон муслима бўлса, талоқ тушиб қолади.
7. Мусулмонлар мозорига кўмилмайди!

Ҳурматли ҳожи биродарим! Намозга маҳкам бўлинг ва уни ўз вақтида, жамоат билан ўқишга одат қилинг. Агарда бир хатар ёки касаллик каби узр бўлмаса, намозни ҳар доим жамоат билан ўқинг. Аллоҳ таоло айтди:

{ وَارْكَعُواْ مَعَ الرَّاكِعِينَ }

“Рукуъ қилганлар билан бирга рукуъ қилинг!” (Бақара – 43)

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жамоат намозини ҳатто, душман билан юзма–юз турган уруш майдонларида ҳам фарз қилгандир:


 
enjoyDate: Chorshanba, 13-Yan-2010, 16:44 | Message # 2
Peshqadam
Group: Ishonchli
Messages: 1376
Status:
{ وَإِذَا كُنتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلاَةَ فَلْتَقُمْ طَآئِفَةٌ مِّنْهُمْ مَّعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُواْ فَلْيَكُونُواْ مِن وَرَآئِكُمْ وَلْتَأْتِ طَآئِفَةٌ أُخْرَى لَمْ يُصَلُّواْ فَلْيُصَلُّواْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ }

“(Эй, Муҳаммад) Агар сиз уларнинг орасида (жанг майдонида) уларга намоз ўқиб бермоқчи бўлсангиз, уларнинг бир тоифаси сиз билан бирга (намозда) туришсин ва қурол–аслаҳаларини ҳам олишсин. Бас, қачон сажда қилишгач, (яъни, намознинг бир ракъатини ўқиб бўлишгач) орқа тарфларингизга боришиб (сизларга қўриқчи бўлишиб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб, сиз билан намоз ўқишсин. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, аслаҳаларини олиб олсинлар” (Нисо–102)

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар: “Мен намозга буюришни ва бир кишини одамларга имом қилиб қўйишни хуш кўрдим. Ундан кейин ўтин кўтарган бир неча одамлар билан бориб, намозга келмаганларнинг уйларини ёқиб юборгим келди!”

Яна Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масьуддан мана бундай ривоят келтиради:
“Менинг пайқашимча, бизнинг орамизда аниқ мунофиқлар билан беморлардан бошқа бирор киши жамоат намозидан қолмас эди. Агар касал одам икки одамга йўланиб юра олса, у ҳам келиб, жамоатга қўшилар эди” (Муслим:654)

Тубандаги ҳадис ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган. У айтади: “Кимга эртага (қиёматда) Аллоҳ таолога мусулмон ҳолатда йўлиқиш ёқимли бўлса, азон чақирилган вақтда мана бу беш вақт намозни (жамоат билан) ўқишни тарк қилмасин! Аллоҳ таоло пайғамбарингизга Тўғри Йўлларни (суннатларни) шариат қилиб берди. Беш вақт намоз (ни жамоат билан ўқиш) ўша суннатлардандир. Агарда сизлар мана бу кеч қолган одам каби, намозни уйда ўқисангизлар, у ҳолда пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз! Агар пайғамбарнинг суннатини тарк қилсангиз, у ҳолда адашасизлар! Қайси бир одам яхшилаб таҳорат олиб, масжидлардан бир масжидга жўнаса, унинг ҳар бир қадамига Аллоҳ таоло бирдан савоб ёзиб, мартабасини ҳам бир даражага кўтариб, бирдан гуноҳини ўчиради. Менинг пайқашимча, бизнинг орамизда аниқ мунофиқлар жамоат намозига бормас эди…”

Саҳиҳу Бухорийда яна Абдуллоҳ ибн Масьуддан мана бундай ривоят келади:
“Бир кўр киши пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб, “эй, Алоҳнинг элчиси! Мени масжидга етаклаб боргувчим йўқ. Уйимда намоз ўқишга рухсат берасизми?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса “азонни эшитасизми?” дедилар. У киши “ҳа” деб жавоб берди. “у ҳолда – дедилар расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам – чақирувчига жавоб беринг (жамоатга боринг)”

Муҳтарам биродар! Мана шу ҳадис хусусида бир оз тааммул қилинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига энг меҳрибон пайғамбар бўлишига қарамасдан, мана шу сўқир кишига ҳам уйида намоз ўқишга рухсат бермадилар…

Жамоат намозининг нақадар зарурлигига бундан ортиқча далилнинг кераги бўлмас…

Муҳтарам биродарим! Демак, сизнинг вожибингиз: Аллоҳ ва пайғамбарининг буйруқларига амал қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтиб, мунофиқ, кофирларга ўхшаб қолишдан эҳтиётланиб мана шу масалаларга кўнгил буришликдир…тушинганингизни дарҳол адо этиб, оилангизга, қўшниларингизга ва барча таниш–билишларингизга насиҳат қилишдир!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчамизни Ўзи учун севикли бўлган нарсаларга муваффақ қилсин!

Нафсимизнинг ва амалларимизнинг ёмонлигида Ўзи асрасин!
Зеро, У Саховатли, Улуғ Зотдир!


 
DURDONDate: Seshanba, 05-Fev-2013, 19:08 | Message # 3
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Беш вақт намознинг фарзлиги ҳақидаги боб

Намоз Исломнинг икки шаҳодат калимасидан кейинги энг катта рукни саналади. У жуда мукаммал ва ўта гўзал шаклдаги ибодат тури бўлиб, Аллоҳнинг зикри, тиловати Қуръон, Аллоҳ қаршисида туриш, рукуъ, сажда, дуо, тасбеҳ, такбир каби ибодатнинг жуда кўп турларини ўз ичига олган. Намоз баданий ибодатларнинг энг асосийси бўлиб, ҳеч бир пайғамбарнинг шариати ундан холи бўлмаган.
Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уни бошқа шариатларидан фарқли равишда, меърож кечаси самовот оламида фарз қилди, бу эса унинг нақадар буюк ва Аллоҳ ҳузурида нақадар эътиборли ибодат эканига далолат қилади.
Унинг фазилати ва фарзи айнлиги ҳақида жуда кўп ҳадислар келган, унинг фарзлиги Исломда ҳамма нарсадан олдин билиниши лозим бўлган энг зарурий нарсадир. Ким унинг фарзлигини инкор қилса, муртад бўлиб, Исломдан чиқади. Бундай одамдан тавба қилиши талаб қилинади, агар тавба қилишдан бош тортса, ўлдирилади, мусулмонлар ижмоъси шунгадир.
Биз намоз деб айтайдиган араб тилидаги الصلاة(ас-солат) сўзи луғатда дуо маъносини англатади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам «ас-солат» сўзи дуо маъносида келган: «Уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур» (Тавба: 103). Шариат истилоҳида эса у такбир билан бошланиб, салом бериш билан якунланадиган махсус сўз ва амаллар йиғиндиси маъносида тушунилади. Аллоҳга муножот ва дуони ўз ичига олгани сабабли солат – намоз деб номланди. У ҳижратдан аввал Исро кечаси мусулмон ва мукаллаф (яъни, оқил ва болиғ) инсон учун бир кеча-кундузда беш вақт қилиб фарз қилинди.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103). Яъни, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айтиб, ҳам амалий равишда кўрсатиб берган вақтларда фарз бўлди.
Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).
У Ўзининг Китобида жуда кўп ўринларда: «Намозни тўкис адо этинглар», деб буюрган.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо қилсинлар» (Иброҳим: 31).
«Бас тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам Аллоҳни поклангиз. (Зеро) осмонлар ва ердаги бор ҳамду-сано Уникидир (яъни коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду-сано айтур)» (Рум: 17).
Қай бир кишига оқил ва болиғ бўлган ҳолида намоз вақти етса, унга ўша намозни ўқиш фарз бўлади. Фақат ҳайз ва нифос ҳолидаги аёлгина бундан мустасно бўлиб, уларга шу ҳолларида намоз фарз бўлмайди ва покланганларидан кейин ҳам қазосини ўқимайдилар, бу ижмоъ қилинган ишдир. Ким уйқу ё беҳушлик каби сабаблар билан ақлидан ажралса, ақли қайтган (яъни, уйғонган ё ҳушига келган) пайтда намозининг қазосини ўқийди. Аллоҳ таоло айтади: «Мени ёдга олиш учун намозни тўкис адо қилинг!» (Тоҳа: 14).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир намозга ухлаб қолса ё эсидан чиқиб қолса, эсига тушгач ўқиб олсин» (Бухорий (597), Муслим (648) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Ёш болага гарчи намоз вожиб бўлмаса-да, намозга эътиборли бўлиб улғайиши учун валийси (отаси ёки кафили) уни етти ёшга кирганида намоз ўқишга буюриши лозим. Ўқиган намозининг ажри унга ҳам, валийсига ҳам бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур)» (Анъом: 160).
Бир аёл қўлидаги гўдак боласини кўрсатиб: «Ё Расулуллоҳ, бунинг ҳажи ҳаж бўладими?», деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сен учун ҳам савоб бўлади», деб жавоб берганлар (Имом Муслим (1336) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривояти). Шундай экан, валийси унга таҳорат ва намозни ўргатиши лозим.
Ўн ёшга етганидан кейин намозга бепарволик қиладиган болани валийси уриши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганда намоз ўқимасалар уринглар ва (шу ёшга етгач) ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар», деганлар (Аҳмад (2/180, №6689), Абу Довуд (495) Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан ривояти).
Намозни вақтидан кечиктириш мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103). Яъни, намозни муайян вақтларда ўқиш фарз бўлиб, ўша вақтларидан кечиктириш мумкин эмас. Фақат кимда-ким кейинги намоз билан қўшиб, жамъи таъхир қилишни истаса ва у жамлаб ўқиладиган намозлар жумласидан бўлса, у одамнинг ўзи намозларни жамлаб ўқишга рухсат берилган кишилардан бўлса, унга жоиз. Аммо, кечқурунги намозни кундузги вақтгача ёки кундузги намозни кечқурунгача ё эртаси тонг отиб кетгунича кечиктириш на жанобат, на нажосат, на бошқа нарса туфайли бўлсин, асло дуруст бўлмайди. Балки, ҳар бир намозни ўз вақтида ҳоли кўтарганича ўқийди.
Баъзилар бемор бўлиб, шифохонада каравотдан тушишга қодир бўлмай ё нажосат теккан кийимларини алмаштиришга қодир бўлмай ётганида, ёки таяммум қилишга тупроқ тополмай ё таяммум қилдириб қўядиган одами бўлмаган ҳолда ётганида намозни вақтидан кечиктириб юборишади ва: «Кейинроқ, узр кетганидан кейин ўқиб оламан», дейишади. Бу жуда катта хато ва намозни зое қилишдир, билимсизлик ва билмаганини сўрамаслик кишини шу ҳолатга тушириб қўяди. Бундай ҳолатдаги киши намозни ўз вақтида, ўзининг аҳволи кўтаришига қараб ўқиши лозим бўлади. Бундай узрли ҳолларда гарчи таяммумсиз ва кийимида нажосат билан ўқиса ҳам шу намози унга кифоя қилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар», дейди (Тағобун: 16). Ҳатто, агар қиблага юзланиш имкони бўлмаса, қибладан бошқа тарафга қараб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади.
Кимда-ким ялқовлик ё бепарволик билан намозни тарк қилса, унинг фарзлиги инкор қилмаса ҳам, уламоларнинг бу тўғрида айтган сўзларининг кучлироғига кўра, кофир бўлади. Зеро, Имом Муслим (82) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Киши билан куфр ўртасида намозни тарк қилиш бордир» ҳадиси ва бундан бошқа ҳам кўплаб далиллар шунга далолат қилади.
Намоз ўқимаётган одамнинг намоз ўқимаслигини эълон қилиб, уялтириш ва шу йўл билан уни намозга киритиш лозим. Бенамоз одам то тавба қилиб, намозга қайтмагунича у билан салом-алик қилмаслик, чақириғини қабул қилмаслик керак. Чунки, намоз диннинг устунидир, у мусулмон билан кофирнинг ўртасини ажратиб турувчи аломатдир. Банда ҳар қанча амал қилмасин, агар намозини зое қилса, ҳеч бир амали фойда бермайди.


 
Forum » ISLOM » Namoz! » Намозга маҳкам бўлинг! (Assalomu alaykum wrwb)
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: