• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Namoz! » ТАСБЕХ НАМОЗИ ХАКИДА
ТАСБЕХ НАМОЗИ ХАКИДА
DURDONDate: Dushanba, 22-Apr-2013, 14:34 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
ТАСБЕХ НАМОЗИ ХАКИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар ва Унинг расули Муҳаммад алайҳиссаломга кўпдан-кўп дуруду-саловотлар бўлсин!

Тасбеҳ намози ниҳоятда фазилатли, савоби бисёр бўлган ихтиёрий нафл намозлар сирасига киради. Ҳадисларда бу намознинг фазилатлари ва уни адо қилган бандага берилажак даражотлар ҳақида баён қилинган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибга айтдилар:
“Эй Аббос! Эй амакижон! Сизга бир ҳадя берайми? Сизга бир яхшилик қилайми? Сизга ўнта хислати бўлган бир амални ўргатайми? Агар сиз ўша амални қиладиган бўлсангиз, Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни – аввалгисию охиргисини, эскисинию янгисини, хатосию қасддан қилинганини, кичигию каттасини, ошкорасинию махфийсини мағфират қилади. Сиз тўрт ракъат намоз ўқийсиз. Ҳар ракъатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлсангиз, тик турган ҳолингизда: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасиз. Кейин рукуъ қиласиз ва рукуъда турган ҳолингизда уларни ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қиласиз ва уларни саждада турган ҳолингизда ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қилиб, яна ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буларни тўрт ракъатда ҳам адо қиласиз. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсангиз, ўшани қилинг. Агар қила олмасангиз, ҳар жума куни бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар ойда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар йилда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, умрингиз давомида бир марта қилинг”.
Ҳадиснинг бошқа ривоятида шундай зиёдаси бор: “Агар сиз ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсангиз ҳам, албатта, у сабабли мағфират қилинасиз”.
Ушбу ҳадисни муҳаддислардан Байҳақий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Абдуллоҳ ибн Муборак, Табароний, Хатиб, Ожурий, Самъаний, Абу Мусо Мананийлар ривоят қилишган. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам “Жузул Қуръонда” келтирганлар.
Имом Термизий тасбеҳ намози ҳақидаги бир нечта ривоятларни ўзларининг ҳадис тўпламларида келтирганлар:
Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди; айтди:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (амакилари) Аббосга дедиларки: “Эй амаким! Сизга бир қариндошлик (ҳақини адо) қилайинми? Сизга бир эҳсон этайинми? Сизга бир манфаат етказайинми?” (Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ҳа (айтинг), ё Расулуллоҳ!” дедилар. Айтдилар: “Эй амаким! Тўрт ракъат намоз ўқинг, ҳар бир ракъатида Фотиҳа сураси билан бирга битта сурани ўқинг. Қироат битгач, рукуъга бормасдан олдин ўн беш марта “Аллоҳу акбару валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳи” денг. Рукуъга бориб уни (рукуъда) ўн марта айтинг. Рукуъдан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Сажда қилинг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Саждадан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Кейин (иккинчи) саждага боринг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Иккинчи саждадан бошингизни кўтариб, қиёмга турмасдан олдин ўшани яна ўн марта айтинг. Шундай қилиб, бу тасбиҳлар ҳар бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда уч юзта тасбиҳ бўлади. Бас, агар гуноҳларингиз қумларнинг саноғича бўлса ҳам, Аллоҳ сизни мағфират қилгайдир!” Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Бу тасбиҳларни кунда ким ҳам айта оларди!” дедилар. (Расули Акрам) айтдиларки, уларни ҳар куни айта олмасангиз, ҳафтада бир бор айтинг. Агар ҳафтада айта олмасангиз, ойда бир айтинг... “ У кишига (шу йўсин) уқдиришда давом этиб, ҳатто охири: “Бир йилда бир марта айтинг” дедилар”.
Ҳадис Шофиъий мазҳабида иккинчи саждадан кейин, ўтириш бор деб қабул қилинган истироҳат ўтириши учун далил қилиб олинган. Ҳолбуки, бу фақат тасбиҳ намозига хосдир. Тасбиҳ намозида иккинчи саждадан кейин истироҳат ўтиришида ўн тасбиҳ айтилганидан кейин қиёмга турилади. Бу ҳадис Абу Рофиънинг ривояти сифатида ғарибдир.


 
DURDONDate: Dushanba, 22-Apr-2013, 14:34 | Message # 2
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
davomi

Аҳмад ибн Абда Аз-Зоббий Абу Ваҳбдан нақл этиб, бизга баён қилди: Абу Ваҳб деди:
“Абдуллоҳ ибн Муборақдан, орасида тасбиҳ айтиладиган намоз ҳақида сўрадим. Айтдики, “Такбири таҳримани айтгандан кейин: “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика ва тоборакасмука, ва таъалаа жаддука ва лаа илааҳа ғойрук”, дейди; кейин ўн беш марта «Субҳаналлоҳи валҳамду-лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” дейди; кейин «Аъузу биллаҳи»ни айтиб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб “Фотиҳа” сурасини ва яна бир сурани ўқийди; кейин ўн марта “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейди; кейин рукуъга боради ва (рукуъда) шуни ўн марта айтади; кейин (рукуъдан) бошини кўтариб, шуни (яна) ўн марта айтади; кейин саждага боради ва (саждада) ўн марта айтади; кейин (саждадан) бошини кўтариб, ўн марта айтади; кейин иккинчи саждага бориб, (саждада) ўн марта айтади; ва худди шу йўсинда тўрт (ракъат) ўқийди. Демак, ҳар бир ракъатда етмиш беш тасбиҳдир. Ҳар бир ракъатини ўн беш тасбиҳ билан бошлайди, кейин қироат қилади ва (қироатнинг изидан) ўн тасбиҳ айтади. Бу намозни кечаси ўқиса, ҳар икки ракъатда салом бермоғи менга мақбулроқ. Агар кундузи ўқиса, хоҳласа (икки ракъатда) салом беради, хоҳласа салом бермайди».
Абу Ваҳб айтадики: “Абдулазиз ибн Абу Ризма, Абдуллоҳдан нақл этиб, унинг бундай деганини менга маълум қилди: “Рукуъда (аввал) уч марта “Субҳана Роббийал-азийм” ва саждада (аввал) уч марта “Субҳана Роббийал-аъла” билан бошлайди, кейин тасбиҳларни айтади”.
Аҳмад ибн Абда, Ваҳб ибн Замъа воситасида Абу Ризманинг ўғли Абдулазиздан нақл этиб, бундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Ал-Муборақдан: “Агар тасбиҳ намозида саҳв қилса, саждаи саҳвларида ўн мартадан тасбиҳ айтадими?” дедим. “Йўқ! Булар фақат уч юз тасбиҳ” деди”.
Имом Термизий яна қуйидагиларни айтадилар:
“Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳаб бўлади. Унинг биринчии ракъатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Такаасур” сурасини, иккинчи ракъатида “Аср” сурасини, учинчи ракъатида “Кафирун” сураси ва тўртинчи ракъатида “Ихлос” сурасини ўқийди”.
Уламоларимиз тасбеҳ намозини нафл намоз ўқиш макруҳ бўлмаган ҳар қандай вақтда ўқишни жоиз, деб айтадилар ва қуйидаги ҳадисни ҳужжат қиладилар:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч соатда намоз ўқишдан ва маййитларимизни дафн қилишдан қайтарар эдилар: қуёш чиқаётганда, ҳатто кўтарилиб бўлгунча, қуёш тиккага келганда ва қуёш ботишга йўлланиб, токи ботиб бўлганича”. (Имом Муслим ривояти).
Баъзи уламолар тасбеҳ намозини қийинчиликлар ва ғам-ғуссаларнинг аришида яхши фойдаси борлигини айтишган.
Тасбеҳ намозида янглишиш юз берса, саҳв саждаларида бошқа бу қўшимча тасбеҳларнинг ўқилиши керак бўлмайди. Намоз ўқиган киши тасбеҳларни эсида сақлай олса, бармоқлари билан санамайди. Имом тасбеҳ намозини ўқитадиган бўлса, жаҳран ўқийди ва тасбеҳларни ҳам жаҳрий такрорлайди.

Тасбеҳ намози ҳақида уламолар ўрталарида икки хил фикр мавжуд:
Биринчиси, жумҳур (кўпчилик) уламолар тасбеҳ намози мустаҳаб, дейишади
Иккинчиси, баъзи олимлар эса тасбеҳ намози суннатда йўқ, деб айтишади.


 
DURDONDate: Dushanba, 22-Apr-2013, 14:35 | Message # 3
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
davomi

Ҳанафий уламоларидан Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Роддул мухтор” китобларида тасбеҳ намози ҳақида шундай дейдилар:
“Тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ривоят йўллари кўп бўлганлиги учун ҳасан даражасидадир”.
Баъзи уламолар: “Кимки бу намозни фазилатини эшитганидан кейин агар тарк қиладиган бўлса, ундай одам динига бепарво одамдир”, дейишган.
Моликий уламоларидан Совий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки:
“Уламолар, солиҳ одамлар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амакиларига таълим берган тасбеҳ намозини ўқишни ўзларига одат қилганлар. Бу намознинг фазилати ҳақида келганки, кимки умрида бир марта бўлса ҳам тасбеҳ намозини адо қиладиган бўлса у жаннатга ҳисобсиз киради”.
Шофеъий уламоларидан ал-Хатиб роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
“Бу борада суяниладиган сўз шуки, тасбеҳ намози суннатдир. Ибн Салоҳ ва бошқалар шунга ўхшаш гапни айтишган”.
Ҳанбалий мазҳаби уламолари тасбеҳ намозини суннат эмас, дейдилар. Улар тасбеҳ намози ҳақида келган ҳадисни заиф, деб ҳисоблайдилар. Фазилатли амалларда заиф ҳадисларга амал қилиш мустаҳаб эканлигидан келиб чиқиб, тасбеҳ намозини ўқиш жоиз, деб фатво берадилар. Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Буҳутий роҳимаҳуллоҳ тасбеҳ намозини мустаҳаблигини зикр қиладилар.
Тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадисларни Дорақутний, Ҳоким, Хатиб ал-Бағдодий, Абу Мусо ал-Мадиний, Суютий, Ҳофиз ибн Ҳажар каби бир гуруҳ уламолар саҳиҳ санашган. Шайх Албоний ҳам мазкур ҳадисни ҳасан даражасида, деган.
Имом Аҳмад, Ибн Жавзий, Сирожиддин Қазвиний, Ибн Таймия ва бошқа бир гуруҳ уламолар тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадисни заиф, деб ҳисоблашган.
Имом Аҳмад мазкур ҳадис ҳақида шундай дейдилар: “Бу намознинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлгани саҳиҳ эмас”. Шайхулислом ибн Таймийя эса: “Тасбиҳ намози ҳақидаги ҳадис – ёлғон (сохта) ҳадисдир” – деган.
Саудия уламоларидан бўлган Ибн Усаймин тасбеҳ намози ҳақидаги ҳадисни саҳиҳ, деб қабул қилмаган ва ҳаттоки бу намозни “бидъат” деб атаган. Ибн Усаймин тасбеҳ намози ҳақида шундай дейди:
“Кўпгина эркак ва аёллар бу ҳақ (яъни тасбеҳ намози ҳақида)да сўрайдилар. Мен бу бидъатнинг машруъ ишга айланиб қолишидан қўрқаман ва у намозни, баъзи кимсаларга оғир бўлсада, «бидъат» деб атайман. Чунки биз, Аллоҳ Ўз Китоби – Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида нозил қилмаган барча нарсани бидъат деб эътиқод қиламиз”.
Жумҳур (кўпчилик) уламоларимиз эса тасбеҳ намози тўғрисида ривоят қилинган ҳадисларни ўрганиб чиққанларидан сўнг шундай хулосага келишади: “Мазкур ҳадис амал қилса бўладиган ҳасан даражасидан кам бўлмаган ҳадисдир. Шунга кўра бу намозни ўқиш мустаҳабдир”. Ҳофиз ибн Ҳажар ҳам худди шу маънони таъкидлаган. Шунинг учун ҳам кўпгина уламолар мазкур намозни ўқишга тарғиб қиладилар. Бу намозни унинг фазилатларига ишонган ҳолда ўқиган мўмин-мусулмон банда албатта Аллоҳ таоло унга берадиган улкан ажру-савобларни қўлга киритади. Бу имкониятни қўлдан чиқарган кимса эса мазкур ибодатнинг фазилатларидан маҳрум бўлиб қолаверади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни беҳисоб ажру-савоблар билан мукофотласин! Ожизлик билан қилаётган ибодатларимизни Ўзининг фазлу-марҳамати билан мақбул айласин! Омин!

Эй Улуғ Роббимиз! Бизларни гўзал хулқларга ҳидоят айла ва бизларни қабиҳ амал қилгувчилардан қилиб қўймагин! Лойиқ бўлмаганимиз ҳолда Сенинг каломинг Қуръон ва банданг ҳамда Расулинг бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларидан сўз очиб, бандаларингни тўғри йўлга бошлаб, мункардан қайтаришдаги хатоларимизни мағфират қил! Билиб ва билмай, қасддан ва ноқасддан, яширин ва ошкора қилган гуноҳларимиз афвини Сендан сўраймиз! Одамлар мақтаётган нарса билан бизларни ҳисоб қилма ва улар билмаган хатоларимизни Ўзинг кечиргин! Омин! Йа Роббал аъламин!

Субхонака аллоҳумма ва биҳамдика. Ашҳаду ан лаа илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка.



 
Forum » ISLOM » Namoz! » ТАСБЕХ НАМОЗИ ХАКИДА
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: