• Page 1 of 1
  • 1
Forum moderator: DURDON, SAKINA  
Forum » ISLOM » Namoz! » Таҳоратсиз киши қилиши ҳаром бўлган ишлар ҳақида
Таҳоратсиз киши қилиши ҳаром бўлган ишлар ҳақида
DURDONDate: Chorshanba, 12-Dek-2012, 11:41 | Message # 1
SUPER ADMINKA
Group: Admin yordamchisi
Messages: 10134
Status:
Таҳоратсиз киши қилиши ҳаром бўлган ишлар ҳақида

Мусулмон киши таҳоратсиз ҳолда қилиши жоиз бўлмайдиган баъзи ҳурмат-эътиборли ишлар бор бўлиб, биз уларни сизга далиллари билан баён қиламиз.
Билингки, таҳоратсиз кишига – унинг таҳоратсизлиги хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин – қилиш ҳаром бўлган ишлар бор, шунингдек, фақат катта таҳоратсизлик билан таҳоратсиз бўлган кишига ҳаром бўлган ишлар ҳам бор.
Ҳар икки таҳоратсизлик билан таҳоратсиз бўлган кишига қуйидаги ишларни қилиш ҳаромдир:
1) Мусҳаф шарифни ушлаш. Таҳоратсиз киши Мусҳафни бирон тўсиқсиз (яъни, бирон матога ўралмаган ҳолда) ушламайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар» (Воқеа: 79). Яъни, уни фақат жунублик ёки бошқа таҳоратсизликдан пок бўлган кишилар ушлайдилар. Бу – пок кишилардан мурод таҳоратли одамлардир, деган сўзга кўрадир. Чунки, пок кишилардан мурод – малоикалардир, деб айтилган сўзлар ҳам бор. Оятдаги пок кишилардан мурод малоикалар, деб тафсир қилинган тақдирда ҳам, бу ишора далолати билан инсонларни ҳам ўз ичига олаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ҳазмга ёзган мактубда келганидек: «Мусҳафни фақат пок кишигина ушлайди» (Насоий ва бошқалар ривояти).
Ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳукм одамлар тарафидан қабул қилинганидан мутавотирга ўхшаб кетгандир».
Шайхулислом таҳоратсиз киши Мусҳафни ушлаши мумкин эмаслигини айтиб: «Бу тўрт имомнинг мазҳабидир», дейди.
Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Улар – яъни тўртала имом – таҳоратсиз киши Мусҳафни ушлаши жоиз эмаслигига ижмоъ қилганлар».
Таҳоратсиз киши ғилоф ё халтача ичидаги Мусҳафни ўзига қўл теккизмасдан ушлаши мумкин, шунингдек бевосита қўл теккизмаган ҳолда унга кўз югуртирса ва варақласа, зарари йўқ.
2) Киши таҳорат қилишга қодир бўла туриб, таҳоратсиз ҳолда хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин, намоз ўқишлиги ҳаром қилинган. Бунга аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни намланган қўлларингиз билан суртингиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, ювиниб-покланингиз!» (Моида: 6). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таҳоратсиз (ўқилган) намозни қабул қилмайди» (Имом Муслим ва бошқалар ривояти), «Сизлардан бирингизнинг таҳорати бўлмаса, то таҳорат қилмагунича Аллоҳ унинг намозини қабул қилмайди» (Бухорий ва бошқалар ривояти). Таҳоратга қодир бўлган одам таҳоратсиз намоз ўқиши жоиз эмас. Хоҳ билиб, хоҳ билмай, хоҳ унутиб, хоҳ қасддан қилсин, фарқсиз, унинг намози дуруст бўлмайди. Билиб туриб, қасддан таҳоратсиз ўқиса, гуноҳкор бўлади ва таъзирга мустаҳиқ бўлади. Аммо, билмасдан ёки унутиб қилса, гуноҳкор бўлмайди, бироқ намози дуруст бўлмайди.
3) Таҳоратсиз киши Байтуллоҳни тавоф қилиши мумкин эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Байтни тавоф қилиш ҳам намоздир, фақат Аллоҳ унинг ичида гапиришга рухсат берган», деганлар (Саҳиҳ, Ирвоул-ғалил: 121). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тавоф учун таҳорат қилганлар. Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзли аёлни то покланмагунича Байтни тавоф қилишдан ман қилганлар. Мана шуларнинг ҳаммаси таҳоратсиз киши то покланмагунича тавоф қилиши мумкин эмаслигига далил бўлади.
Катта таҳоратсизлик билан таҳоратсиз кишига ҳаром эканига эса қуйидаги оят далил бўлади: «Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар. Ва яна йўл устида бўлмаган ҳолингизда то чўмилмагунингизча жунуб ҳолда (масжидга яқин келманг) (Нисо: 43). Яъни, жунуб ҳолда масжидга кирманглар, «йўл устида» (масжид оралаб ўтиб кетаётган) бўлсангиз, зарари йўқ. Аллоҳ таоло жунуб кишини масжидга унда қолиш мақсадида киришдан ман қилди, бу эса уни тавофдан ман қилишни албатта тақозо қилади.
Бу ишлар катта ё кичик таҳоратсизлик билан бетаҳорат кишига ман қилинган ишлардир.
Энди хоссатан катта таҳоратсизлик билан бетаҳорат бўлган кишига ҳаром бўлган ишлар ҳам бор:
1) Катта таҳоратсизлик билан бетаҳорат бўлган киши Қуръон тиловат қилиши мумкин эмас. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жунубликдан бошқа ҳеч нарса Қуръон тиловатидан тўсмас эди» (Термизий ва бошқалар ривояти), Термизий ривоят қилган лафзда: «Модомики жунуб бўлмасалар, бизга Қуръон ўқитаверар эдилар». Бу эса жунуб кишига Қуръон ўқиш ҳаромлигига далил бўлади. Ҳайз ва нифосли аёл ҳам жунуб маъносидадир, бироқ баъзи уламолар – жумладан, шайхулислом ҳам – ҳайзли аёл агар Қуръонни эсидан чиқариб қўйишидан қўрқса, унга Қуръон ўқишига рухсат берганлар.
Жунуб киши Қуръон оятларини қасд қилмасдан, зикр мақсадида Қуръонда бўлган лафзларни сўзласа, масалан: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн», деса, зарари йўқ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келганки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт ҳам Аллоҳни зикр қилаверар эдилар» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 406).
2) Жунуб, ҳайз ва нифос каби катта таҳоратсизлик билан бетаҳорат бўлган киши масжидда туриши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтганки: «Эй мўминлар, ... Ва яна йўл устида бўлмаган ҳолингизда то чўмилмагунингизча жунуб ҳолда (масжидга яқин келманг) (Нисо: 43). Яъни, масжидга унда қолиш мақсадида кирманглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен ҳайзли аёлга ва жунуб кишига масжидни ҳалол қилмайман» (Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган, Ибн Хузайма саҳиҳ санаган).
Катта жунуб одам (намозга қилгандек) таҳорат қилса, масжидда туриши жоиз бўлади. Атодан ривоят қилинганки: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини жунуб ҳолатларида намозга таҳорат қилгандек таҳорат қилиб, масжидда ўтиришганини кўрганман». Ушбу таҳоратнинг ҳикмати – жунубликни енгиллатишдир.
Шунингдек, катта таҳоратсиз киши масжидда ўтирмасдан, фақатгина масжид оралаб ўтиб кетиши жоиздир. Чунки, юқоридаги оятда Аллоҳ таоло: «... йўл устида бўлмаган ҳолингизда то чўмилмагунингизча жунуб ҳолда (масжидга яқин келманг)», деди. Бунинг маъноси – уни оралаб ўтиб кетаётган бўлсангиз, киришингиз мумкин, деганидир, қайтариқдан истисно – мубоҳлик демакдир, демак бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мен ҳайзли аёлга ва жунуб кишига масжидни ҳалол қилмайман» деган сўзларидаги умумликни хослаб қўяди.
Шунингдек, жунуб киши ийд намози ўқиладиган намозгоҳда ҳам туриши мумкин эмас, уни оралаб ўтиб кетса жоиз. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳайзли аёллар намозгоҳдан четда турсинлар», деганлар (Бухорий ва бошқалар Умму Атийядан ривоят қилганлар).


 
Forum » ISLOM » Namoz! » Таҳоратсиз киши қилиши ҳаром бўлган ишлар ҳақида
  • Page 1 of 1
  • 1
Search: